Жамият аъзоларига муносабат

ҲОЖИЛИК МАҚОМИ ВА УНИ АСРАШ МАСЪУЛИЯТИ

ҲОЖИЛИК МАҚОМИ ВА УНИ АСРАШ МАСЪУЛИЯТИ

Ҳар бир банданинг қалбида, ёши катта бўлсин, ёш бўлсин, ҳаётда бир маротаба бўлса ҳам, ҳожи бўлиш орзуси яшайди. Бу — бошқа мақом ва унвонлардан фарқли ўлароқ, Аллоҳ таоло томонидан эҳсон этилган шарафдир. Ҳожи бўлиш — фақатгина Мадина ва Макка зиёрати эмас, балки Аллоҳнинг меҳмони бўлиш ва буни ҳаёт давомида амалда кўрсатиш масъулияти ҳамдир.

Ҳожилик — Аллоҳ меҳмонхонасига чақириқ

Қуръони Каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Аллоҳ учун ҳаж ва умрани тўла адо қилинглар» (Бақара сураси, 196-оят)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ҳаж қилган ва Умра қилганлар — Аллоҳнинг меҳмонларидир. Агар дуо қилсалар, Аллоҳ ижобат қилади. Агар мағфират сўрасалар, Аллоҳ мағфират этади.” (Ибн Можа, Ҳаж: 2883)

Бу ҳадислардан англашиладики, ҳожи бўлиш — танафус ёки ўзини кўрсатиш учун эмас, балки тақво ва Аллоҳга яқинлик учун қилинган саъй-ҳаракатдир.

Ҳожиликнинг мақоми

“Ҳожи” сўзи нафақат сафар ва ибодат натижасида олинадиган унвон, балки инсоннинг ўзини ўзгартирганини ифода этувчи белгидир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қабул қилинган ҳажнинг мукофоти — жаннатдир”, — деганлар. (Бухорий ва Муслим ривояти)

Бу ҳадисдан англашиладики, ҳақиқий хожилик инсонни гуноҳлардан тозалайди, уни янги ҳаётга бошлайди.

Ҳожиликни асраш — доимий ибодатдир

Ҳаждан қайтган инсонга юртдошларимиз “Ҳожи бўлиб келибсиз”, деб табрик айтадилар. Бу сўзнинг ортида катта масъулият ва умид ётади. Ҳожи киши:

• Тилда ҳақсўз,

• Қўлда пок,

• Юракда Аллоҳни тан олувчи,

• Жамиятда ўрнак бўлиши лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳақиқий муҳожир — Аллоҳ таъқиқлаган нарсаларни тарк этгувчидир,” — дедилар (Бухорий ва Муслим)

Демак, ҳақиқий ҳожи ҳам — ҳаждан кейин гуноҳларни тарк этиб, Аллоҳ розилиги учун яшовчи инсондир.

Замонавий ҳожиларнинг масъулияти

Афсуски, баъзи кишилар ҳожиликдан қайтгач:

• Исрофга йўл қўяди,

• Нафсга берилиб кетади,

• Ҳожиликни риё учун фойдаланади.

Бу эса ҳожилик мақомининг руҳини бузади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким риё учун амал қилса, Аллоҳ уни одамларга намоён қилади (ҳақиқатини очиб қўяди).” (Муслим, Зуҳд: 2986)

Шунинг учун ҳожи киши — ўзини тузатиши ва кишилар орасида Аллоҳнинг вакилидай юришиши лозим.

Ҳожи — эл учун нур

Қишлоқда, маҳаллада, оилада хожи киши — нур бўлиши керак. Одамлар ундан:

• Илм,

• Адаб,

• Сабр ва хушмуомалаликни кўришлари даркор.

Уламолар айтганлар: “Ҳожилик Аллоҳнинг меҳмонхонасига кириш, уни сақлаш эса бутун умрлик фазилатдир.”

Ҳожилик — фақатгина Мино, Арофот, Каъба зиёрати эмас. Ҳожилик — Аллоҳга берган ваъдани адо этишдир. Уни асраш, уни шараф билан кўтариш, унга хиёнат қилмаслик — ҳар бир хожининг бурчидир.

Шунинг учун ҳар бир ҳожи:

— Забардаст тақводор,

— Инсонлар орасида раҳимли,

— Жамиятда эса улуғ ва ибратли инсон бўлиши керак.

Манбалар асосида тайёрланди

Абдулҳаким Сўпиев,

Янги Наманган тумани “Саид Собитхон” жоме 
масжиди имом-хатиби

Related posts