Жаҳолатга қарши маърифат

МУТААССИБЛИК – ДИН ЭМАС, ЖОҲИЛЛИКДИР

МУТААССИБЛИК – ДИН ЭМАС, ЖОҲИЛЛИКДИР

Бугунги кунда баъзилар ўзини “динга яқин” деб билса-да, аслида диннинг руҳини эмас, фақат ташқи кўринишини муқаддас санайди. Бундай кишилар баъзида мутаассибликка берилиб кетади. Аммо мутаассиблик — бу динни тушуниш эмас, балки уни нотўғри талқин қилишдир.
Мутаассиблик нима?

Мутаассиблик — бу кишининг ўз фикри, қараши ёки мезонини мутлақ ҳақиқат деб билиши ва бошқаларнинг фикрини инкор этишидир. Айниқса, динга доир масалаларда бу ҳолат хавфлидир.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам мутаассибликдан огоҳлантирганлар. У зот саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Уч нарса ҳалокатга етаклайди: хасислик, нафсга эргашиш ва киши ўзини ҳақли деб ўйлаши.” (Табароний ривояти)

Мутаассиб инсон айнан шундай бўлади: ўзини доим ҳақли санайди, бошқаларга қулоқ солмайди.

Ислом бағрикенглик дини. Ислом ҳар доим ўртача йўлни, адолат ва ҳикматни танлаган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон одамларни камситмаган, рад этмаган, ҳаттоки мушриклар билан ҳам муомалада одобли бўлган.

Аллоҳ таоло Қуръонда айтади: “Раббингнинг йўлига ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қил…” (Наҳл сураси, 125-оят) Бу ҳадис бугунги мусулмонларга ҳам муҳим дарс: одамларни ўзимиздан қочириш эмас, динни меҳр билан етказиш керак.

Бугунги кунда мутаассиблик қандай кўринишда?

– Фикр билдирган одамни дарҳол “бидъатчи” деб айблаш

– Диний масалаларда илми бўлмаса-да, фатво бериш

– Бошқача кийинган, бошқача ибодат қилганларни ҳақорат қилиш
 Айниқса, мутаассиблик бугунги глобаллашув даврида ёш авлод учун жуда хавфлидир.

Ёшларимиз бугун илм-фан, технология, санъат, тадбиркорлик ва бошқа кўплаб соҳаларда юксалишга интилаётган, ўз ўрнини топишга ҳаракат қилаётган бир даврда, айрим мутаассиб гуруҳлар уларнинг эътиборини чалғитишга, йўлидан буришга уринишмоқда. Улар ёлғон ғояларни ҳақиқат деб кўрсатиб, ёшлар онгини заҳарлайди.

 Бу эса радикаллик, бағрикенгликнинг йўқолиши ва ҳатто зўравонликка олиб келади.
Шунинг учун ҳар бир ота-она, устоз, имом, ва жамоат вакили ёшларни диний савод билан қуроллантириши, мутаассиб ғоялар олдида ҳимоясини мустаҳкамлаши лозим. Ёшларга чин диндорлик — илм, сабр, одоб, ва бағрикенглик орқали бўлишини тушунтиришимиз керак. Бу ҳолатлар динни тарғиб қилиш эмас. 

Ислом дини мутаассибликка хайрхоҳлик билдирмайди. Аксинча, теран ўйлашга, бошқаларга нисбатан муросали бўлишга чақиради.

Ислом дини пойдевори бағрикенглик ва енгиллик асосига қурилганини эслашимиз ўринлидир. Шу маънода, Имом Бухорий розияллоҳу анҳу Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Албатта, дин енгилликдир. Ким динда чуқур кетса, (дин) уни енгади”.

Юқорида айтганимиздек, мутаассибликнинг салбий оқибатлари жуда ҳам кўп. Жумладан, ўзгаларга нисбатан таҳқир ва маломатларни ёғдириш, ўзганинг фикрини эшитмаслик ҳамда холисликнинг йўқолиши натижасида ҳақиқатдан юз ўгириш, кишиларни диндан бездириш, мусулмонлар орасида келишмовчиликни чиқариш ва бир қанча хатарлари мавжуд.

Мутаассиблик динга бўлган муҳаббатнинг белгиси эмас. Бу — жоҳиллик билан аралашган ҳаддан ошишдир. Ислом бу йўлдан огоҳлантиради ва мутаассибликнинг ҳар қандай кўриниши, хусусан, кишининг ўз фикрида муросасиз бўлишини қаттиқ қоралайди. Зеро, Аллоҳ таоло Каломи шарифида марҳамат қилади: “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди” (Бақара, 185).

Аллоҳ бизни мўтадил, бағрикенг ва одил мусулмонлардан қилсин. Ҳар бир ҳаракатимизда илм, ҳикмат ва одоб бўлсин.

Ҳурматали Нортиллаев,
Чуст туман Эшон сўфи бобо” жоме
масжиди имом хатиби
 

Related posts