Жамият аъзоларига муносабат

ЁШЛАРНИНГ БЎШ ВАҚТИНИ УНУМЛИ ЎТКАЗИШ ЗАРУР.

ЁШЛАРНИНГ БЎШ ВАҚТИНИ УНУМЛИ ЎТКАЗИШ ЗАРУР.

Аллоҳ таоло инсонни яратган ва унга ақл, вақт ҳамда куч-қувват берган. Бу неъматлар ичида вақт — энг қимматли, энг ноёб ва қайтариб бўлмайдиган бойликдир. Ислом динида вақтни қадрлаш ва уни зое қилмасдан, унумли ўтказишга катта эътибор қаратилган. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай деганлар: «Иккита неъмат борки, уларда одамлар кўпгина алданадилар: соғлиқ ва бўш вақт» (Имом Бухорий ривояти).

Бу ҳадисдан англашиладики, бўш вақт ҳам синов, ҳам имкониятдир. Уни қандай ўтказиш инсоннинг имони, маънавияти ва келажагига таъсир кўрсатади. Хусусан, ёшлик даври - инсон ҳаётидаги энг фаол ва самарали босқичдир. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам): «Қиёмат куни банданинг қадамлари тўрт нарсадан сўралмагунча силжимайди: умрини қаерда сарфлагани, ёшлигини нимада ўтказгани, молини қаердан топиб, қаерга сарфлагани, ва амал қилган илмидан» (Термизий ривояти).

Бу ҳадисда ёшлик алоҳида тилга олинмоқда. Чунки ёшликда инсонда куч, ғайрат, ақлий ва жисмоний фаолият юқори бўлади. Аммо бу бойликни фақат тафаккур, ибодат, илм ўрганиш, жамият учун фойдали ишлар билан безатиш керак.

Бўш вақтни қандай унумли ўтказиш мумкин?

1. Илм талаб қилиш

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар: «Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга фарздир» (Ибн Можа).

Ёшлар диний ва дунёвий илмларни ўрганишга интилишлари лозим. Китоб ўқиш, маърузалар тинглаш, яхши инсонлар билан суҳбат қилиш — буларнинг барчаси вақтни унумли ўтказиш воситаларидир.

2. Ибодатга вақт ажратиш

Қуръон тиловат қилиш, намозларни ўз вақтида ва хушуъ билан ўқиш, нафл ибодатлар қилиш инсон қалбини мусаффо қилади ва уни маънавий жиҳатдан бойитади.

3. Жисмоний тарбия ва спорт

Ислом соғлиққа ҳам катта аҳамият беради. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) от чоптириш, камон отиш, сузиш каби спорт турларини рағбатлантирганлар. Бугунги кунда ҳам соғлом турмуш тарзига амал қилиш, спорт билан шуғулланиш бўш вақтни фойдали ўтказишнинг бир йўлидир.

4. Ижтимоий фаоллик

Ёшлар маҳаллаларида, масжидларда, таълим муассасаларида фойдали ишларда қатнашишлари, ихтиёрий равишда бошқаларга ёрдам беришлари уларнинг шахсий ривожига ҳам ижобий таъсир қилади.

5. Ҳунар ва касб ўрганиш

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ишлаш ва ҳалол ризқ топишни мақтаганлар. Ҳунарли инсон жамиятда ўз ўрнини топа олади ва бошқаларга ҳам фойда келтиради. Бўш вақтда фойдали ҳунарларни ўрганиш — келажакдаги баркамол ҳаётга пойдевор бўлади.

Ёшлик ва бўш вақт — ҳар бир инсон учун Аллоҳнинг улкан неъматидир. Бу неъматни зое қилиш — ўта катта хато. Ислом дини бизга ҳар бир лаҳзани қадрлаш, уни савоб ва ривож йўлида сарфлашни ўргатади. Ҳар бир ёш ўзи учун савол бериши керак: «Бугунги вақтимни қандай ўтказяпман? Аллоҳ рози бўладиган иш биланми ёки ахлоқ ва имонга зарарли машғулотлар биланми?»

Ёшлар вақтини илм, ибодат, ҳалол меҳнат ва фойдали ишлар билан тўлдирсалар, дунё ва охиратда саодатга етишадилар. Аллоҳ таоло барчамизни вақтни қадрлайдиган, уни унумли ўтказадиган бандаларидан қилсин. 

Манбалар асосида тайёрланди

Зухриддин Турдиматов,
Учқўрғон туман “Нурмуҳаммад бува” жоме 
масжиди имом-хатиби

Related posts