Жамият аъзоларига муносабат

ОТА-ОНАГА ЯХШИ МУОМАЛАДА БЎЛИШ ВОЖИБ.

ОТА-ОНАГА ЯХШИ МУОМАЛАДА БЎЛИШ ВОЖИБ.

Ота-онага яхшилик қилган фарзандга кўп фойдалар борлиги учун динимизда энг фазилатли амаллардан хисобланади. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Кимни умри узун бўлиши ва ризқи кенг бўлиши ҳурсанд қилса, ота-онасига яхшилик қилсин ва силаи раҳм қилсин дедилар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир мусулмоннинг ота-онаси бўлса, уларга яхшилик қилиб, унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса,Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. деганлар. Ҳикматларда келади: «Она жаннат эшикларидан бир эшикдир», яъни фарзанднинг онасига яхшилик қилиши уни жаннатга етказади. Машҳур Қози Иёз Закийнинг оналари вафот этганида қаттиқ йиғлаб туриб: Мен учун жаннатга олиб борадиган икки эшик бор эди, биттаси беркилиб қолди деганлар. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен катта гуноҳ қилдим. Энди мен учун тавба борми?» деди.«Онанг борми?» дедилар. «Йўқ», деди. «Холанг борми?» дедилар.

«Ҳа», деди. «Унга яхшилик қил», дедилар» (Имом Термизий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривояти). Демак, хола ҳам она ўрнида бўларкан. Онаси вафот этиб кетган инсон холасига яхшилик қилса, бу ҳам гуноҳларига каффорат бўлар экан.

Ҳар бир ишга қодир Аллоҳ таоло дунёни сабаблар олами қилиб қўйди. Яъни ҳар бир нарса бўлишлигига бир нарсани сабаб қилиб қўйди. Ўзининг қудратини пинҳон қилиб ва бандаларини сабаблар ила синади. Бандаларини дунёда кўпайтириш учун бир эркагу бир аёлни сабаб қилди. Худои таборак ва таоло Ўзининг китобида шу ҳақида хабар беради:

“Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёлларни таратган Роббингиздан қўрқинглар!” (Нисо сураси 1-оят)

Бизларни дунёга келишимизга сабаб ота-онамиздир. Шунинг учун биз одамлар орасида қанчалик ҳурмату эҳтиром эга бўлмайлик, жамиятда қанчалик юқори мавқеъда бўлмайлик, аммо барибир Аллоҳ олдида биз ота-онамиздан пастмиз.

Отанинг мавқеъсини баёнлаб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Ота розилигида Худонинг розилиги бор. Отанинг ғазабида Худонинг ғазаби бор” (Ҳадис)

Фарзандга нисбатан отанинг муҳаббати онанинг муҳаббатидан кўра фарқлидир. Онанинг муҳаббати боласига уни қорнида пайдо бўлгандан бошланади ва шу билан боласига умрбод боғланиб қолади. Аммо отанинг муҳаббатини фарзанд қозониши лозим.

Ўзининг фаросати, итоати ва хизмати билан. Фарзанд дунёда қилган барча хизматларининг ютуғи бу отанинг ризосини қозонишдир. Отанинг розилигини топиш йўлида Аллоҳ таолонинг розилиги топса бўлади. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадислари ила бизларга ишора қилмоқдалар. Нима учун айнан ота? Чунки отанниг қалби онанинг қалбидан кўра нозикроқ бўлади.

Жаннат талаби, талаб ризои модарон,

Кун ту тавоф хоки пои модарат.

Аз амри Худо муайяд шавад амри падар,

Хушнудии Ҳақ аст ризои падарат.

Улуғ тобеин Товус ибн Кайсон розияллоҳу анҳу отани ҳурмати ҳақида шундай дейди: “Тўрт кишини ҳурмат қилиш суннатдандир: олим, соч-соқолига оқ тушган мусулмон, султон ва ота. Киши отасини исми билан чақирса, унга жафо қилган бўлади”.

Ота ва она Аллоҳ таолонинг бизга берган улуғ неъматидир. Улар фарзандларининг улғайиши йўлида ўзларини шамдек фидо қиладилар. Бу йўлда киймай кийдирдилар, емай едирдилар, ўз вазифаларини адо қиладилар. 
 

Баходир Тўлакбоев , 
Учқўрғон туман “Қосим қори” жоме  
масжиди имом ҳатиби 

Related posts