Таълим тарбия

ОДОБ - АХЛОҚЛИ КЕЛАЖАК ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИ ГАРОВИДИР.

ОДОБ - АХЛОҚЛИ КЕЛАЖАК ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИ ГАРОВИДИР.

  Жамият аъзоларининг яхши хулқли, ҳалол ва пок бўлишини ҳохласагу, лекии ўша жамиятнинг келажаги бўлмиш болалар тарбияси ҳақида қайғурмасак, ниятларимиз сароблигича қолаверади. Ислом дини бола тарбияси ҳақида у ҳали дунёга келмасдан анча олдин, оила қуришга тайёргарлик кўрилаётган пайтдан бошлаб қайғура бошлайди. Оила қурилгандан кейин ҳам одоб ва ахлоқ дарслари давом этаверади. 

Ҳар бир оилада ота-оналарнинг ахлоқи, одоби ва инсонийлиги алоҳида аҳамият касб этади. Сабаби, уларнинг ҳислату-фазилатлари ҳам, ёмон одатлару-ёмон қилиқлари ҳам болага кўчиб ўтади. Бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. 

Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Сизлар ўзингизга муносиб жуфти ҳалолни ихтиёр қилинглар, чунки жуфтингизнинг феъл-атвори, хулқи наслингизда ўз аксини топади» – деганлар. 

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келин танлашда асосан, унинг диёнатлиги ва тақвосига эътибор беришни ўқтирганлар. Чунки анна шундай онадан туғилган фарзандларни тарбиялаш анча осон кечади. 

Тарихдан маълумки, дунёга довруғи кетган аксарият буюк алломалар, фозилу-уломаларга болалик пайтида оталари ҳаром касб билан бирор луқма ҳам едирмаган, оналари уларни бетаҳарот эмизмаган.Ахлоқий ва диний тарбия бир-бири билан чамбарчас боғлиқдир. 

Зеро, дин яхши деб ҳисоблаган ва даъват этган нарсалар эзгулик, ёмон деб ҳисоблаган ва ман этган нарсалар эса ёвузликдир. Шунингдек, дин буюрган, ҳаётда ва муомалада касб этишга тарғиб этган ахлоқ ва фазилатлар ислом жамиятида юксак қадрият, ҳусни хулқ ва маънавий фазилатлар ҳисобланади. Ахлоқий дунё ўз табиятига кўра динийдир. Ахлоқи ва муомаласи гўзал бўлмаган мусулмоннинг дини ҳам мукаммал ҳисобланмайди. Ахлоқий тарбия ва уни амалга ошириш борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги муборак сўзлари ҳар бир мусулмон учун дастурул амал бўлмоғи керак: “Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши тарбия бериш ва одоб ўргатишдан ортиқроқ ҳадяни бера олмайди”. (Имом Бухорий ривояти).

Яна фарзанд тарбияси нақадар улуғ ва аҳамиятли эканлиги тўғрисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Фарзандларингизни одобли этиб тарбиялашларингиз ҳар куни бечораларга ярим соъ донни садақа қилишингиздан яхширокдир.(Термизий ривояти.)

Буюк аллома “иккинчи муаллим” деб ном олган Абу Наср Фаробий одоб-ахлоқ, чиройли тарбия, зарур касб-ҳунар ҳақида шундай дейди: “Ҳар бир киши касб ҳунарни мукаммал билмоғи, яхши тарбия олмоғи ва чиройли хулқ-одоб, фазилатларга эга бўлмоғи керак.”

Бугунги мураккаб бир замонда ўзлигимиз ва миллийлигимизни англашимиз, ёш авлод тарбиясида муҳим ўрин тутган одоб-ахлоқ, катталарни ҳурмат қилиш, кичикларга иззатда бўлиш, юриш-туриш, кийиниш, еб-ичиш, бошқалар билан муомалада бўлишдаги меъёр, тартиб- қоидалар каби бой ва ўлмас миллий қадриятларимиз руҳида камолатга етказиш алоҳида аҳамияг касб этади.

Манбаълар асосида тайёрланди.

 Шухратилло Исроилов,
Учқўрғон туман "Мухаммадзариф" жоме 
масжиди имом ҳатиби

Related posts