Инсоннинг энг катта бойликларидан бири — ўз қадрини сақлай билишидир. Кимгадир муҳтож бўлмаслик, ҳар эшикни тақиллатмаслик, ҳар кимнинг олдида ўзини қарздор ҳис қилмаслик ҳам катта неъматдир. Зеро, одамларга ҳаддан ташқари муҳтож бўлиш инсоннинг иззат-нафсига, шаънига ва қадр-қимматига таъсир ўтказмай қолмайди.
«Уюн ал-мавоиз вал-ҳикам» китобида Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳикматли сўз нақл қилинади: «Кимдан хоҳласанг, беҳожат бўл, унинг тенги бўласан. Кимга хоҳласанг, муҳтож бўл, унинг асири бўласан. Кимга хоҳласанг, яхшилик қил, унинг амири бўласан!»
Бу ҳикмат инсонлар ўртасидаги муносабатларнинг нозик бир ҳақиқатини очиб беради. Баъзан бировга муҳтож бўлиб қолган инсон ўз ҳақ гапини айтишга ҳам ботинолмайди. Ҳақоратга чидайди, ноҳақликка кўз юмади, баъзан эса ўз қадрини йўқотиш эвазига бировнинг илтифотига сазовор бўлишга уринади.
Афсуски, бугун айрим инсонлар мол-дунёси, мансаби ёки таниш-билишлари билан кибрга берилиб, муҳтожларнинг бошига ўзини хўжайин қилиб олмоқдалар. Бир кунлик ёрдамини минг бор миннат қиладиган, қилган яхшилигини юзига соладиган кимсалар ҳам йўқ эмас. Ҳолбуки, эҳтиёжманднинг ҳолидан фойдаланиш эмас, унинг қадрини сақлаш ҳақиқий инсонийликдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Эй инсонлар! Сизлар Аллоҳга муҳтожсизлар. Аллоҳ эса беҳожат ва мақтовга лойиқ Зотдир» (Фотир сураси, 15-оят).
Демак, ҳақиқий беҳожатлик фақат Аллоҳга хосдир. Банда эса ҳар қандай ҳолатда Унинг раҳматига муҳтож. Шунинг учун инсон ўз ҳожатини аввало Аллоҳдан сўrashi, сабабларини қилиб, одамлар олдида ўз иззатини сақлаши лозим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Юқоридаги қўл пастдаги қўлдан яхшироқдир» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Яъни, бериш қўли олиш қўлидан афзалдир. Бу ҳадис инсонни меҳнат қилишга, ҳалол ризқ топишга, имкони борича бошқаларга ёрдам беришга ундайди.
Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким одамлардан беҳожат бўлишга ҳаракат қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилади. Ким сабр қилишга ҳаракат қилса, Аллоҳ унга сабр беради. Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ неъмат берилмаган» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Шуни ҳам унутмаслик керакки, муҳтожлик ҳар доим ҳам хорлик эмас. Касаллик, қарилик, мусибат ёки оғир турмуш шароити сабаб инсон бошқаларнинг ёрдамига муҳтож бўлиши мумкин. Бундай пайтда ёрдам сўраш айб эмас. Айб — бировнинг муҳтожлигидан фойдаланиб, уни хорлашдир.
Солиҳ зотлар мол-дунёни фақат бойлик ёки роҳат учун эмас, балки ўзларини одамлардан сўрашга муҳтож қилмаслик, муҳтожларга ёрдам бериш имконини яратиши учун ҳам қадрлаганлар.
Хулоса шуки, бировнинг эшигига боришдан олдин Аллоҳнинг даргоҳини қоқинг. Бир инсондан ёрдам олсангиз, миннатдор бўлинг, аммо унинг олдида ўз қадрингизни йўқотманг. Бирор кишига ёрдам бериш имконига эга бўлсангиз, унинг муҳтожлигини юзига солманг.
Чунки бугун ёрдам бераётган инсон эртага ёрдамга муҳтож бўлиб қолиши мумкин.
Одамларга яхшилик қилинг, аммо уларга ўзингизнинг иззатингизни қурбон қилманг. Мол-дунёга эга бўлинг, аммо мол-дунё қалбингизга эга бўлмасин.
Бандалардан муҳтожлигингизни камайтиринг, Аллоҳга муҳтожлигингизни эса ҳеч қачон унутманг!
Жаъфархон Суфиев,
Тўрақўрғон тумани «Исҳоқхон тўра» жоме
масжиди имом-хатиби