Раддия

НАМОЗДА ҚЎЛ БОҒЛАШ КАЙФИЯТИ

НАМОЗДА ҚЎЛ БОҒЛАШ КАЙФИЯТИ

Ҳанафий мазҳабимизга кўра намозда турган киши қўлларини бир-бирига боғлаб, киндик остига қўяди. Намозда қиём қатъий далил билан собит бўлган фарз амалдир. Аллоҳ таоло "Бақара" сурасининг 238-оятида қуйидагича марҳамат қилади:

حَافِظُوا عَلَى الصَّلَوَاتِ وَالصَّلَاةِ الْوُسْطَى وَقُومُوا لِلَّهِ قَانِتِينَ

«Намозларни ва ўрта намозни муҳофаза этинг. Ва Аллоҳ учун хушуъ ила қоим бўлинг».

Демак, намозда қиём Қуръон ояти билан фарз бўлди. Лекин, оятда қиёмда икки қўлни боғлаш, тушириш ёки киндикни тагида ушлаш ёхуд кўкракни пастида ушлаш буларнинг бирортаси ҳақида сўз йўқ. Шундай бўлгач, Ҳанафий уламолари далилларга асосланиб, намозда қиёмда икки қўлни боғлаб киндик остига қўйишни суннат дедилар. Чунки, бу масалада келган ҳадислар айнан Ҳанафий мазҳаби тутган йўлни қувватлайди. Жумладан: Имом Бухорийнинг устозларидан Имом Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абу Шайба раҳимаҳуллоҳ ўзларининг "Мусаннаф"ларида қуйидаги ҳадисни келтирганлар:

حَدَّثَنَا وَكِيعٌ عَنْ مُوسَى بْنِ عُمَيْرٍ عَنْ عَلْقَمَةَ بْنِ وَائِلِ بْنِ حُجْرٍ عَنْ أَبِيهِ قال رَأَيْتُ النَّبِيَّ وَضَعَ يَمِينَهُ على شماله في الصلوة تَحْتَ السُّرة

Алқама ибн Воил ибн Хужр оталаридан ривоят қилади, оталари айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда ўнг қўлларини чап қўлларининг устидан тутиб, киндик остига қўйганларини кўрдим».

Айни масалада Али розияллоҳу анҳудан қуйидагича ривоят қилинган:

«إِنَّ مِنْ سُنَّةِ الصَّلَاةِ وَضْعُ الْيَمِينِ عَلَي الشِّمَالِ تَحْتَ السُّرَّة»

«Ўнг қўлни чап қўл устига қўйиб, киндик остига қўйиш намознинг суннатидандир» Имом Байҳақий ва Имом Доракутний ривоятлари. 

 «Фатҳул бобил иноя» китобида юқоридаги Али розияллоҳу анҳунинг суннат деган сўзларини қўйидагича шарҳлайдилар: «Саҳобий суннат деса бу Набий саллаллоҳу алайҳи васалламни суннатларига ҳамл қилинади» дейилган.  Намозда қиёмда қўлни киндик остига қўйиб туришга далил бўлувчи ривоятлар кўп бўлиб, қуйида улардан баъзиларини келтирамиз.

عَنْ وَائِلِ بْنِ حُجْرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ رَأَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَضَعَ يَمِينَهُ عَلَى شمالِهِ فِي الصَّلاةِ تَحْتَ السُّرَّة» (أَخْرَجَهُ الإمام ابن أبي شَيْبَةَ. رجاله ثقات.

Яъни: Воил ибн Хужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у зот айтадилар: "Мен Расулуллоҳни соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда ўнг қўлларини чап қўллари устига киндик остига қўйганларини кўрдим" Имом Ибн Абу Шайба ривояти. "Эълоус сунан" китобида бу ҳадиснинг ровийлари ишончлидир, дейилган. 

Аллома Зафар Аҳмад Усмоний мана шу ривоятни келтириб, шундай деганлар: "Муҳаммад ибн Сирин Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ҳадис ривоят қилганларида, у зотдан "Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васал-ламданми?" деб сўрашган. Шунда Ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳ: "Абу Хурайра розияллоҳу анҳунинг ҳар бир ҳадиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдандир", деб жавоб берганлар. Демак, бундан Абу Хурайра розияллоҳу анҳунинг ҳар бир ҳадиси марфуъ (Расулуллоҳдан келган) эканлиги келиб чиқади. Шундай қилиб, намозда қўлларни киндик остига қўйиш суннат эканлиги собит бўлган".

عَنْ حَجَّاجِ بْنِ حَسَّانَ قَالَ : سَمِعْتُ أَبَا مُحْلَرَ أَوْ سَأَلْتُهُ قَالَ: قُلْتُ كَيْفَ أَصْنَعُ؟ قَالَ: يَضَعُ بَاطِنَ كَفِّ يَمينِهِ عَلَي ظاهِرِ كَفِّ شِمَالِهِ وَ يَجْعَلُهَا أَسْفَلَ مِنَ السُّرَّة (مصنف ابن ابي شيبة ٣ ج ۳۲۳ ص رقم الحديث (٣٩٦٣)

Ҳажжож ибн Ҳассон раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади. У зот айтадилар: Мен Абу Мижлаздан эшитдим ёки ундан сўрадим: "Намозда қиём ҳолатда қўлим қандай туради? Абу Мижлаз: Ўнг қўл кафтининг ичини чап қўл кафтининг устида бўлиб, киндикдан пастроқда туради" дедилар.

«Муфийд» китобида «Чап билагини ўнг қўлини бош бармоқлари ва жимжилоқ бармоқлари билан ушлайди қолган бармоқлар ўз ҳолида қолади» (Имом Ибн Аби Шайба ривояти) Намозда қўлни киндик остига қўйиш ҳақида барча фиқҳий китобларимизда маълумотлар мавжуд. Жумладан, "Мухтасар ул-Виқоя" китобида шундай дейилган:

يَضَعُ يَمِينَهُ عَلَى شَمَالِهِ تَحْتَ سُرَّتِهِ

Яъни: "(Намоз ўқувчи) ўнг қўлини чап қўлининг устига қилиб, киндик остига қўяди". Намозда қўлни киндик остида тутишнинг баъзи афзалликлари  ҳақида "Музмарот"  китобидан бундай дейилган:

لإنَّهُ أَقْرَبُ إِلَى التَّواضعِ وَأَبْلَغُ إِلَى الخُشُوعِ وَإِلَى سَتْرِ الْعَوْرَةِ وَأَحْفَظُ لِلْإِزارِ عن السقوط

Яъни: "Кўлни киндик остида тутиш камтарликка яқинроқдир, хушуъ ва аврат аъзоларини ёпилишига олиб борувчироқдир, изорни тушиб кетишдан сақла гувчироқдир". 

       Ҳанафий мазҳабининг асосчиларидан бўлмиш Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ "Китабул Осор"да шундай деганлар

أَخْبَرَنَا الرَّبِيعُ عَنْ أَبِي مَعْشَر عَنْ إبراهيمَ النَّخَعِي) إِنَّهُ كَانَ يَضَعُ يَدَهُ الْيُمْنَي عَلَى يَدِهِ الْيُسْرَي تَحْتَ السُّرَّة

Имом Муҳаммад Робеъдан у Абу Маъшардан у эса Иброҳим Нахаъийдан ривоят қилади: "Иброҳим Нахавийраҳимаҳуллоҳ : «Намозда қиёмда ўнг қўлларини чап қўллари устига қўйиб, киндик остига қўяр эди», дедилар.    Иброҳим Нахаъий роҳимаҳуллоҳ Имом Аъзам раҳимаҳуллоҳнинг устозлари, хулофои рошидийнлардан кейинги энг фақиҳ саҳобалардан бўлмиш Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг шогирдларидан бири. Яъни, бир сўз билан айтганда Иброҳим Нахаъийнинг амали Алқама ибн Қайснинг амали, Алқаманинг амали Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг амали Абдуллоҳ ибн Масъуднинг амали Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг амалидир ("Тазкиротул Хуффоз" китоби, 48-саҳифа). Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳни "Муснад" ларининг муқаддимасида қуйидаги ҳадис зикр қилинган: "Пайғамбаримиз алайҳиссалом: "Умматим ҳаққида Ибн Масъуд рози бўлган нарсага рози бўлдим ва у кариҳ кўрган нарсани кариҳ кўрдим". Намозда қиёмда қўл боғлаш суннат эканига Ҳанафий, Шофеий ва Ҳанбалий мазҳаб имомлари иттифоқ қилишган. Бироқ қўл боғлаш кайфияти борасида Шофеий ва Ҳанбалий фақиҳлар Ҳанафий фақиҳларга хилоф қиладилар. Улар далил қилиб келтирган ривоятлардан бири, Имом Байҳақий Воил розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисдир.

عَنْ وائِلِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ رَايِ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَضَعَ الْيُمْنِي على شمَالِهِ ثُمَّ وَضَعَهُمَا عَلَى صَدْرِهِ

 Воил розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У зот Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ўнг қўлларини чап қўллари устига қўйиб, сўнг кўксиларига қўйганларини кўрганлар». Шофеий ва Ҳанбалий уламолар қўлни мана шундай боғлашда хушуънинг комил даражаси борлиги ва бу қўлни киндик остига қўйиб туришдан афзал эканлигини айтадилар. Бунга жавобан Ҳанафийлар: "Қўлни киндик остига қўйиш таъзимни энг юқори кўринишидир. Одатда подшоҳнинг олдида қўлни киндик остига қўйиб, таъзим билан турилади. Кўлни кўкракка қўйиб туриш эса, аёллар таъзимининг кўринишидир", дейдилар. ("Умдатул Қорий" китоби, 5-жилд, 407, 408-саҳифа).

 Хулоса шуки, намоздаги қиёмда қўлни боғлаш борасида Бизнинг диёрларда минг йиллардан бери мўминмусулмонлар Ҳанафий мазҳабига эргашиб келганлар. Шу сабаб намозда қиёмда қўлни қўйиш масаласида ҳам Ҳанафий мазҳабига эргашамиз. Акс ҳолда ноўрин ихтилоф чиқарилган бўлади. Валлоҳу аълам.

Муҳаммадхон Абдураҳманов,
Наманган шаҳри “Мулла Исмоил” жоме

масжид имом хатиби

Related posts