Фарзандларнинг динсиз бўлиб ёки ноўрин йўлларига кириб қолишига аввало ота-она айбдор бўлади. Шунинг учун ота-она фарзанди дунёга келган кунидан бошлаб исломий тарбия доирасида бўлиш лозим. Бу хусусда Набий, алайҳиссалом:
«Ҳеч бир ота-она фарзандларига гўзал тарбия ва яхши одобдан юксакроқ туҳфа инъом этолмайди», деб марҳамат қилганлар. Демак, фарзандлар учун энг буюк туҳфа уларга диний тарбия бериш, яхши амалларга ташвиқ этиш, ёмонликдан ва гуноҳлардан асраш, уларни солиҳ инсонлар қилиб вояга етказишдир.
Фарзандларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш уларнинг ноўрин йўлига оғиб кетишларига сабаб бўлади. Тарбия бўлмаса, фарзанд бир кичкина ирмоқ каби йўлида дуч келган ҳар бир фалокат ўзанига бурилиб кетади ва умри беҳуда завол топади.
Жаноби Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи васаллам: «Фарзандларингизни ўз ҳолига ташлаб қўйманг, уларга гўзал тарбия беринг», дея марҳамат қилганлар. Тарбиядан мақсад юксак, гўзал маънавиятли инсонни шакллантирмоқдир. Инсон фойдали илми, касб-ҳунари ва гўзал тарбияси билан хаётда шубҳасиз муваффақият қозонади. Шуни билиш лозимки моддий ахлоқнинг шакллантирувчиси маънавий тарбиядир. У руҳиятга куч-қувват бериб, яхшиликка етаклайди ва етукликка олиб боради. Шу сабабли маънавият маданиятнинг руҳоний йўлбошчисидир.
Ҳар қандай саодатнинг руҳий-маънавий калити бўлади. Инсон маънавий тарбия олганидагина юксак инсоний хис-туйғу ва қадриятларни англайди. Тарбиянинг моҳияти ҳам шундадир. Маънавият Ҳак ва ҳакиқатга бўлган ишончнинг калбдаги имон нурига қувват ва ойдинлик бериши нисбатидир. Одам бу дунёда ана шу нур билан етук инсон ва юксак камолот соҳиби бўлиш учун талпинади. Асл тарбия инсон учун имон билан лозим ҳиссобланади. Аллоҳга ишонганлар ва Унинг йўлига кирганлар ҳеч шубҳасиз, Аллоҳга имони, набиийларга хос одоби, ахлоқи билан инсонийликнинг энг юксак даражаларини эгаллайдилар. Бундай кишилар ўз нафсларининг ҳокимидирлар.
Зеро Аъроф сурасини, 196-оятида: «Зотан, менинг эгам шу Китобни нозил қилган Аллоҳдир. У солиҳ бандаларга ёр бўлур», дейилган.
Бир саҳобаи киром энг олий мақомга эришганлар ҳақида сўраганида Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи васаллам: «Улар инсонларга Ҳақ йўлни кўрсатганлари-яхши амаллар қилишни насиҳат этганлари учун (бундай мақомга) етишдилар», дея марҳамат қилганлар. Улар инсонларга гўзал сўзлар айтаб, ибратли насиҳатлар қилиб, Ҳақни танитадилар, ёмонликлардан қайтарадилар. Аслида соф имон инсонга маънавий ожизликка қарши курашади, бу ёруғ оламга келиб-кетишнинг ҳикматини англатади. Ҳақни танитади, инсонларни гўзал хулқ соҳиби этиб тарбиялайди.
Шу сабабли фарзандларга гўзал тарбия бериш, уларни ҳой-ҳавасдан қайтариш ота-она зиммасидаги биринчи вазифадир. Шу сабабли Ислом динимизнинг моҳияти ҳақида сўзлаётиб, Аллоҳнинг ягоналиги ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг ҳақ расули эканини баён этиб, исломиятга оид гўзал илм ва юксак ахлоқни ўргатиш, ман этилган ёмонликлардан фарзандларни узоқлаштириш диннинг асоси ҳисобланади.
Ботиров Баҳодир,
Чуст тумани “Охунбобо” жоме
масжиди имом-хатиби