Жамият аъзоларига муносабат

МУСТАҚИЛЛИК – УЛУҒ НЕЪМАТ

МУСТАҚИЛЛИК – УЛУҒ НЕЪМАТ

Аллоҳ берган неъматлар ичида энг улуғи ва азизи бу- мустақиллигимиздир. Истиқлол нафақат элу юрт бошига, балки,  динимиз амаллари ва эътиқодимиз дурдоналарига ҳам манфаатли, баракали бўлди.

Ватанимиз Мустақиллигининг ўттиз тўрт йилиги нишонланаётган айни шу дамларда дилимизда бир иқрор жўш урадики, ҳурликка ҳамоҳанг равишда тинчлик-тотувлик, миллатлар ва динлараро дўстлик, бағрикенглик бизга ато қилинган катта туҳфадир.

1991 йилда туғилган гўдак ҳозир навқирон ёшда. Лекин мустақиллигимизга нисбатан бу гўё жуда катта даврга ўхшаб кўринади. Чунки деярли ўттиз тўрт йил давомида истиқлолимизни мустаҳкамлаш йўлида қилинган меҳнатлар, чекилган заҳмат-машаққатлар ёши улуғ кишиларга кечагидай яққол аён.

Мустақилликни орзу қилиб, катта бир авлод, не не улуғ алломалар, миллатимиз ифтихорлари, ватанпарвар инсонлар армонда ўтдилар, десак асло мублоаға эмас. Озодлик учун курашган ота-боболаримиз, бу йўлда бошини ҳар қандай балоларга тиккан, миллатнинг онгу тафаккурини уйғотиш йўлида шаҳид кетган жадид уламоларимиз, шўро истибдодига қарши мардонавор турган заҳматкаш халқимиз мутақиллик йўлида ҳеч қачон чекинмадилар.

Эътироф этиш жоизки, мустақилликнинг ўтган йиллари давомида жонажон Ўзбекистонимизда фуқароларнинг эътиқод эркинлигини таъминлаш, диний соҳани тубюдан ислоҳ қилиш борасида улкан ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. Янги масжидлар қурилли, борлари кўркам таъмирланди. Ҳаж ва Умра зиёратларига катта йўл очилди. Улуғ боболаримиз ҳоки пойлари ётган қутлуғ зиёратлар ободонлаштирилди.

Ислом динига берилаётган эътиборни Наманган вилояти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Бугунги кунда вилоятимизда 190дан зиёд жомеъ  масжидлар эмин-эркин фаолият юритмоқда. Қолаверса, ота боболаримизнинг жуда кўпчилиги орзу қилиб етиша олмаган Ҳаж ва Умра сафарларига шу йилнинг ўзида хаж амалини бажариш учун юртимиздан 15 минг, вилоятимиздан эса икки мингга яқин ҳамюртларимиз бориб, ибодатларни тўла тўкис адо қилиб, ҳукуматимиз раҳнамолигида диёримизга қайтиб келдилар. 

Эътиборлиси, муҳатарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ҳаж зиёрати учун Маккаи мукаррамада бўлиб турган юртдошларимизга бошчилик қилаётган Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназаров ҳазратлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳожиларни холидан хабар олгани, яратилган шароитларни ўрганганларидан завқланиб, бу йил муборак ҳаж сафарига борган юртдошларимиз “Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари”, деган эзгу ташаббусни амалга оширишни бир овоздан илгари сурдилар.

Бизни ғоят қувонтирадиган воқеа, мустақиллик куни арафасида давлатимиз раҳбарининг фармонлари билан муфтий Нуриддин Холиқназаров ҳазратлари “Олий даражали имом Бухорий” ордени билан, Хоразм вилояти бош имом-хатиби Хайрулла Абдуллаев, Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирзамахсуд Алимов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби, Шайхонтоҳур тумани “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби Абдуқаххор Юнусов, Тошкент шаҳар Юнусобод тумани “Минор” масжиди имом-хатиби Рахматула Сайфудиновлар “Имом Бухорий” ордени билан тақдирланишгани дин соҳасига кўрсатилган эҳтиром ифодаси бўлди.

Инсоният яшаш давомида эзгу мақсадларга етиш учун доимо изланади ва ҳаракатда бўлади. Эзгу мақсадли инсон орзу-умидини амалга ошириши учун энг катта таянч тинчлик ва осойишталик муҳитидир. Одатда, тинчлик сўзи кишини безовта қилмасликни, ҳолатларнинг тинч ва осойишта, уруш-жанжалсизлигини, ҳаёт ва турмуш тизимини бир меъёрида бўлишини ифода этади. Оилада тинчлик ва осойишталик ҳукм сурса, оила бардавом ва мустаҳкам. 

Эл-юртда тинчлик ва осойишталик давом этса, мамлакат тараққиёти, фаровонлиги, юрт аҳлининг турмуши обод бўлади. Буларни ўзида мужассам этувчи муқаддас қадриятларимиз, миллий урф-одатларимиз, динимиз бевосита хотиржамлик силсиласига узвий боғлиқдир. Халқимиз тинчлик ва осойишталикни истаб кундалик ҳаётида қатор диний ва миллий фазилатларни амалга оширади. Жумладан: улар кўришганида салом беради. Бу бир-бирларига тинчлик, омонлик тилаш рамзидир. 

Дуога қўл очилса, Аллоҳ таолодан хонадонларимизни тинч, юртимизни обод қилгин деб юзига фотиҳа тортади. Ҳар бир яхшилик, эзгулик устида тинчлик бўлсин дея, келажак учун яхши ниятлар қилади. Тўй-тўновларда тўйлар бўлаверсин дейди, чунки тўй тинч ва фаровон кунлар боис ўтадиган тантанадир. Оилада янги меҳмон туғилса, гўдакка узоқ умр, баланд мартаба, унинг бахтига тинчлик, икки дунё обрўси ва бахт-саодат берсин деб илтижо қиладилар. Бир сўз билан айтганда, инсониятга, дов-дарахтга, чорва-молга, қурт-қумурсқага ҳаводек зарур бўлаётган тинчлик-хотиржамлик, осойишталикдан ҳам зиёда, мўътабар неъмат йўқ.

Ислом дини азалдан инсониятга асл мурувватни, ҳатто ўзга дин вакилларига эхтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб, улар билан тинч-тотув яшашга, фитна ва турли адоватларга барҳам беришга чақирган. Кўпмиллатли юртитмизда мана шундай ўзаро хурмат, тотувлик ва якдиллик давом этар экан, Ватанимиз янада фаровон, янада ривожланишда давом этади.

Дориломон кунларни ғанимат билиб, бунинг шукронасини адо қилиб, ҳар биримиз юртимизнинг янада равнақ топишига ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим. Зеро, Аллоҳ таоло ўзининг китобида “Агар неъматларимга шукр қилсаларингиз мен неъматимни зиёда қилиб бераман”, деган. Яратган мустақиллигимизни абадий, бизларни неъматлдарга шукрона келтирувчилардан қилсин.

Мусохон Аббосиддинов,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 
Наманган вилоятидаги вакили

Related posts