“Мазҳаб” сўзи арабчада “йўл”, “йўналиш”, шаръий истилоҳда эса “диний масала бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўли” маъноларини билдиради.
Мазҳабсизлик – Ислом динида шаръий масалаларда умум тан олинган тўрт фиқҳий мазҳабларга эргашишни рад этиш.
Мазҳабсизликни даъво қилиб чиқадиганларнинг асосий фикрлари, Исломда фиқҳий мазҳабларнинг бирортасини қабул қилмаслик билан бўлади. Уларнинг фикрича, мазҳабга эргашган мусулмонлар кўр-кўрона инсон фикрига тақлид қилгани учун адашади. Исломга амал қилиш асосида фақат Қуръон ва суннат туриши лозим. Гўёки мазҳаббоши имомлар Қуръон ҳамда суннат таълимотига эргашмайдигандек.
Мазҳабни тан олмайдиганлар, ўзларига жуда катта баҳо бериб, ўзларини турли номлар билан атайдилар: салафи солиҳларга эргашиш даъвоси билан “салафийлар”, саҳиҳ ҳадисга эргашиш даъвоси билан “аҳли ҳадислар”.
Машҳур аллома Ибн Ражаб роҳматуллоҳи алайҳ: “Кўплаб мазҳаблар орасида фақат тўрттасининг сақланиб қолгани, асрлар давомида инсонларни турли зиддиятлар ва ихтилофлардан ҳимоя этишда асос бўлган”, деб ёзган (“Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” китоби).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари мазҳабга эргашишлик лозимлигини таъкидлайди “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Можа, 3950-ҳадис).
Ислом шариати уламолари шаръий ҳукмни ва унинг далилини билмайдиган мусулмон одам (муқаллид) мужтаҳид олимга тақлид қилиши зарурлигини таъкидлайдилар. Бунга Қуръондаги ушбу оятни далил сифатида келтириш мумкин: “…Агар билмасангиз зикр аҳлларидан сўранг” (Наҳл сураси, 43-оят).
Мазҳабни тан олмайдиганларнинг даъволари асоссиз эканига ишонч ҳосил қилиш мумкин:
– бемазҳаблар: “Қуръон битта ва Пайғамбар битта бўлса, тўрт мазҳаб орасида фиқҳий ихтилофлар бор, Ҳақ битта эмасми?” дейдилар. Мазҳаблар бир манба – Қуръон ва суннатга асосланади. Мазҳабларнинг бирига эргашган киши Қуръон ва суннатга эргашган бўлади;
– мазҳабсизлик тарафдорлари “Имом Бухорий бемазҳаб бўлган”, деб далил келтирадилар. Ваҳоланки, Имом Бухорий яшаган даврда у кишига ўхшаш илми ижтиҳод даражасига етган, ўзи ижтиҳод қилганлар кўп бўлган. Барча уламолар “Илми мужтаҳидликка етган одам, ўзи ижтиҳод қилади”, деганлар. Ҳозирда эса ўша даврдаги каби мужтаҳидлар йўқ эканини ҳисобга олмайдилар;
– мазҳабсизлик тарафдорлари жамоавий фарз намозидан кейин масжиддан чиқиб кетадилар. Буни гўёки “намоздан кейинги зикрларни Муҳаммад алайҳиссалом жамоат бўлиб қилмаганлар, ёлғиз қилганлар, биз суннатга амал қиламиз” деб таъкидлайдилар. Ваҳоланки, Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом бундай деганлар: “Аллоҳни зикр қилаётган бир қавм билан эрталабки намоздан қуёш чиққунича бирга ўтиришим менга Исмоил алайҳиссаломнинг авлодидан тўрт нафарини (қуллик ёки қийинчиликлардан) озод қилишимдан кўра севимлироқдир. Аллоҳни зикр қилаётган қавм билан бирга аср намозидан то қуёш ботгунча бирга ўтиришим тўрт нафар (инсон)ни озод қилишимдан севимлироқдир” (Имом Абу Довуд, 3667-ҳадис).
Қуръон ва суннатдан ўзбошимча янги ҳукм чиқариш, мусулмонларни куфрда айблаш, уларнинг қонини тўкишни ҳалол ҳисоблаш, боғийлик (ҳукуматга қарши чиқиш), ваҳима уйғотиш ва фитна қўзғаш, обод жойларни вайрон қилиш каби Исломда қатъиян ман қилинган хатти-ҳаракатларга сабаб бўлмоқдалар. Шундай экан, бир мазҳабни маҳкам ушлаб, унга амал қилиш Набий алайҳиссалом ва саҳобаи киромлар тутган йўлда юриш билан баробардир.
Наманган шаҳар, Давлатобод тумани
“Ғози Муҳаммад ҳожи” жоме масжиди
имом-хатиби: Авазбек Юсупов