Аллоҳ осмонда деб даъват этиб келаётган "Сохта салафийлар" бу даволари билан бизнинг деярлик барча мўътамад асарларимизга хилоф келади. Ва бу бузуқ эътиқодига устакорлик ила, Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳдан фойда олишга уринади. Масалани асли қандай бўлган, келинг шу ҳақида тушунча олайлик.
Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ айтдилар: «Кимки Роббим самодами ёки ердами, билмайман?!» - деса, кофир бўлибди».
Аллома Муҳаммад Зоҳид Кавсарий раҳимаҳуллоҳ ўз изоҳида шундай дейди:
« Матнда кофир бўлиш сабаби зикр қилинмади. Шориҳ Абу Лайс Самарқандий қуйидаги сўзи билан уни баён қилади: « Чунки у, бу сўз билан у зотнинг макони бор деган маънога олиб боряпти, шунинг учун мушрик бўлди». [Яъни кофир бўлди].
Бунга матнда кейин келаётган мана бу сўзлари далил бўлади: «Мен айтдим (яъни Абу Мутиъ албалхий роҳимаҳуллоҳ): Айтингчи, Аллоҳ қаерда дейилсачи?
- Ундай кимсага: Аллоҳ таоло махлуқотларни яратмасдан илгари бор эди, макон бўлмаган эди. Ҳамда Аллоҳ таоло бор эди, «қаер» (қаер дейдиган нарса) ҳам, махлуқотлар ҳам, ҳеч нарса бўлмаган, у барча нарсани яратган зотдир –дейилади). Яъни маконга мансуб бўлиш фақат ҳодис (йўқдан бор бўлувчи) дагина тасаввур қилинади.
Яна шунга далил бўладиган нарсалардан бири имом Таҳовийнинг ( Уммат фуқаҳолари бўлмиш Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Мухаммад бин Ҳасан раҳимаҳумуллоҳларнинг мазҳаби Аҳли суннат вал жамоат эътиқодининг баёни) номли китобидаги сўзи:
« Кимда-ким нафй (яъни сифатларни рад этиш) ва Ташбеҳдан сақланмаса йўлдан тойибди, (Аллоҳни) тўғри покламабди. Зеро роббимиз жалла ва ало ваҳдоният сифатлари билан мавсуфдир. Ёлғизлик сифатлари билан манъутдир. Махлуқотлардан биронтаси унинг маъносида эмас. Чеклардан, ниҳоялардан, аркону-аъзолардан ва қурол-асбоблардан олий бўлди. У зотни, барча йўқдан бор бўлган нарсаларни қамрагандек олти тарафдан бирортаси қамрамайди». Бу изоҳдан беҳожат бўлган очиқ ва равшан нарсадир.
Бу ҳақда янги чоп қилинган (ўша замонда) Аллома Камолиддин Баёзийнинг "Ишоротулмаром мин иборотил имом" китобида ҳам атрофлича сўзланган. Бу китоб имомларимизнинг (Аллоҳ улардан рози бўлсин) мазҳабига кўра аҳли суннат вал жамоат эътиқодида хозиргача нашр қилинган китобларнинг энг яхшиларидандир. (Алфиқҳул абсат 49 бет)
ФОЙДАЛАР:
1- Имом Абу Ҳанифа рҳ нинг бу сўзидан бўлган муроди ҳозирги кунда баъзи кишилар англаганидек… йўқ?! Балки шу эгри фаҳмлаб олган фикри сабабли мусулмонларни?! Нафақат мусулмонларни балки асрлар оша динни кўтариб келишаётган етук олимларни илмларини, сўзларини англаб фаҳмлай олмай, аҳли суннатдан чиқариб юборишгача боришмоқда (Аллоҳ ўзи инсоф-тавфиқ берсин!). Ахир ҳар бир олимни сўзларини бир-бирига қўшиб яхлит ҳолга келтириб тушунилмаса, хоҳлаган киши хоҳлаган кишисини суннатдан олиб суннатга солаверади-ку?!
Бу ахир бориб турган масхарабозлик бўлмайдими?!
2- Имом Абу Ҳанифанинг мана шу матнларида ишлатилган сўзлари, имом Таҳовийннг «жиҳотуссит», «қадим» ва шу каби сўзлари Ҳанафийлар Абу Ҳанифа ва имом Таҳовийлар эътиқодига эргашмайди деган пуч даъволарига қарши далил бўлади. Бундай ғайри илмий сўзларни айтишдан бироз уялишса яхши бўларди. Чунки улар бу даъвони ривожлантиришга қанча урунишмасин ўша имомларимизни бошқа ўринда айтилган сўзлари уларни шарманда қилиб қўяди. Бу илмий жиноятлар фақат содда халқ олдида маълум вақт ривож топиб турсада барибир хақиқатлар очилаверади.
3- Шу ўринда ўша маслак эгалари Абу мутиъ алБалхий раҳматуллоҳи алайҳни заиф, шунинг учун ҳам бу китобдаги маълумотлар олинмайди дейишга ўтишлари мумкин.
Ээ! Барака топгур-э! Ундай бўлса нима учун Имомнинг фойдангиз учун деб ўйлаган сўзини бизга ҳужжат қиласизу, зиддингизга бўлганига келганда Абу Мутиъ раҳимаҳуллоҳ эсингизга тушиб қолади???
Имомнинг шу сўзини олсангиз қандай тушуниш кераклигини билиб олдингиз.
Олмасангиз, заиф десангиз, имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳақида илмга эга бўлмасдан туриб, у кишининг номидан гапирган бўласиз. Кўрдингизми қандай маҳзуротларга тушиб қоляпсиз?! Аллоҳ асрасин!
Муҳаммад Айюб Фахриддинов
Давлатабод тумани “Юсуфхон ўғли Қосимхон” жоме
масжиди имом ноиби.