1 июнь куни “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” сифатида нишонланади. Ушбу байрам кўпчилик давлатларда “Халқаро болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни” сифатида ҳам эътироф этилади. Бола ҳуқуқларига илк бора эътибор қаратган ва уларни ҳимоя қилишга буюрган дин айнан исломдир. “Бола ҳуқуқи” тушунчасини ҳам биринчи бўлиб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллаганлар
Шу ўринда, болаларга Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда уларга берилган баъзи хақ-ҳуқуқларни келтириб ўтсак:
-Ўғил болалар қизлардан устун эмас. Шўро сураси 49-оятда шундай марҳамат қилинади: “Осмонлар ва ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга (хос)дир. (У) хоҳлаган нарсани яратур. Хоҳлаган кишисига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғилларни ҳадя этур”. Ўғил боланинг ҳам, қизнинг ҳам туғилишига хурсанд бўлиб, ақиқа қилиш муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидандир.
-Яшаш ҳуқуқи. Болаларни ўлдириш мумкин эмаслиги баён қилинган жуда кўп оятлар бор. Масалан:
“Ўз болаларини билмасдан жоҳилона ўлдирган ва Аллоҳга туҳмат қилиб, улар учун Аллоҳ ризқ қилиб берган (ҳайвонлар)ни ҳаромга чиқарганлар, албатта, (ўзларига) зиён қилдилар. (улар) ҳақиқатдан адашдилар ва тўғри йўлга юрувчи бўлмадилар” (Анъом сураси 140-оят);
“(Эй, инсонлар!) Болаларингизни қашшоқликдан қўрқиб ўлдирмангиз – уларга ҳам, сизларга ҳам биз ризқ берурмиз. Уларни ўлдириш, шубҳасиз, катта хатодир” (Исро сураси 31-оят);
-Таъминот олиш ҳуқуқи. Фарзандларни озиқ-овқат, кийим-кечак, турар жой билан таъмин этиш отанинг муқаддас бурчидир. Дини исломда бу таъминот ҳалол-пок бўлиши талаб этилади.
Ёш болаларнинг нафақаси отасининг зиммасидадир. Бу ҳақда Каломуллоҳда шундай марҳамат қилинади: “Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу муддат) эмизишни камолига етказишни истовчилар учундир. Уларни (оналарни) меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг (эрнинг) зиммасидадир…” (Бақара сураси 233-оят).
Фарзанднинг онасига нафақа бериш вожиб бўлганидан кейин боланинг ўзига ҳам нафақа бериш вожибдир.
-Болаларга адолатли муносабат қилиш. Ҳадиси-шарифда расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таолодан қўрқинглар ва болаларингизга адолат қилинглар», деганлар. Муслим ривояти.
-Таълим-тарбия олиш ҳуқуқи. Ислом фарзандларга чиройли тарбия бериш, уларга дин арконларини ўргатиш лозимлигини уқтиради. Ҳар бир ота-онага солиҳ фарзанд тарбия қилгани учун юксак мартабаю ажр-савоблар ваъда қилинган. Хусусан, ҳадиси шарифда: «кимнинг учта (бошқа бир ривоятда: иккита) қизи бўлиб, уларни тарбиялаб катта қилса ва уларга марҳамат назари билан қараса, жаннатга кириши муқаррардир», дейилади. Бухорий ривояти. Бошқа бир ҳадисда ривоят қилинишича, расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фарзандларингизни ҳурматланглар ва уларнинг одобини гўзал қилинглар», дея марҳамат қилганлар. Ибн можа ривояти.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарзандларингизга сузиш ва камон отишни, қизларга касб-ҳунарни ўргатинглар”, деганлар. Байҳақий ривояти.
-Раҳм-шавқат билан муомила қилиниш. Хадиси-шарифда «Ким кичикларга раҳм-шафқат қилмаса, катталарга иззат-ҳурмат кўрсатмаса, у биздан эмас» (Термизий ривояти), дейилади яна бир ҳадисда.
-Гўзал исм қўйишлик кабилар. «ё Расулуллоҳ! Биз ота-онанинг ҳаққини билдик. Аммо фарзанднинг ҳаққи нимадан иборат?» деган саволга Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «унга чиройли исм қўйиб, гўзал одоб бериш», дедилар. Байҳақий ривояти.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак ислом дини болалар хақ хуқуқларини инсоният тарихида биринчи бўлиб тўла-тўкис белгилаб берди ва унинг ижросини хам хаётга тадбиқ этди. Хозирги кунда баъзи бировлар даъво қилганидек динимизда бола хақ-ҳуқуқларига асло эътиборсизлик қилинган эмас. Уларни даъвоси ботил эканлигини мусулмонларни серфарзанд ва болажон уммат эканлигини ўзи хам тасдиқлайди.
Баҳодир Шарипов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Чуст туман бош имом хатиби