Тарбия инсон хаётида муҳим ўрин тутгани учун динимизда ҳам бу масалага алоҳида эътибор берилган. Тарбия инсон учун сув ва ҳаводек зарур. Бусиз инсонийликдан маъно қолмайди. Инсон таълим-тарбия билан ҳаёт.
Абдулла Авлоний: Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир, деганлар. Инсон доимо тарбияга муҳтож.
Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ бунга ажойиб мисол келтиради. Ҳайвонларга қаранг. Улар туғилиши билан оёққа туриб, ўз озуқасини топиш ҳаракатида бўлади. Инсон боласида эса бундай бўлмайди. У дунёга келган вақт ҳатто устига қўнган пашшани ҳам ҳайдай олмайди. Унга қаров ва тарбия керак. Бўлмаса нобуд бўлиб қолиши турган гап. Кўраяпсизми, шу ҳолатнинг ўзи ҳам инсонга тарбия нақадар зарур ва кераклигининг бир исботидир.Гўзал тарбия икки дунё саодати демакдир.
Абу Ҳомид Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ "Иҳё улумиддин " китобида бундай дейди: “Билгил! Боланинг тарбия қилиш йўли энг муҳим ва долзарб ишлардандир.Бола ота-онаси ҳузурида омонатдир. Унинг пок қалби ҳар қандай нақш ва суратдан холи содда ва нафис гавҳардир. У чизилган ҳар қандай нақшни ўзига қабул қилади. Қаёққа бурилса, бурилиб кетаверади. Агар уни яхшиликка одатлантирса ва ўрганса, шундай ҳолатда улғайса, дунё ва охиратда бахт топади. Унинг савобига ота-онаси, муаллим ва мураббийлари шерик бўлади. Агар у ёмонликка ўргатилса ва ҳайвондек ўз ҳолига ташлаб қўйилса, бахтсиз ва ҳалок бўлади. Гуноҳ унга масъул ва жавобгар бўлганнинг бўйнида бўлади".
Аллоҳ таоло айтади: “Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлар-у тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар" (Таҳрим сураси,6-оят).
Мазкур ояти карима тафсирида Имом Табарий раҳматуллоҳи алайҳ Али розияллоҳу анҳудан қуйидаги навлин келтиради: "Одамлар Али розияллоҳу анҳуга болаларимиз ва аҳлимиз дўзах ўтидан қандай сақлаймиз?" дейишганда уларга шундай жавоб берган: "Уларга таълим-тарбия бериш билан сақлайсизлар!"
Масъулиятни ҳис қилган ота қандай бўлмасин, ўз боласини дунё ўтидан сақлайди, эхтиёт қилади. Шундай экан, энди уни охират ўтидан сақлаши олдингидан авлодир. Охират ўтидан сақлаш болага одоб бериш ва гўзал хулқларни ўргатиш билан бўлади. Уни ёмон шерикларидан эхтиёт қилиш, тўкин-сочинликка одатлантирмаслик, зийнат ва ҳашаматга ўргатмаслик ҳам муҳим ўрин тутади. Агар бола ҳашаматга берилган бўлса, унинг талабида умрини зоя қилади ва абадул абад ҳалкатга юз тутади.
Инсон камолоти ва жамиятдаги тутган ўрни болаликдан олган таълим-тарбиясига боғлиқ. У ёшликдан таълим-тарбия олиб улғайган бўлса, хуш ҳулқи, гўзал одоб соҳибига айланади ва икки дунё саодатини қўлга киритади. Тарбияли инсонлар кўпайган жамият эса ҳар тарафлама ривожланган ва мустаҳкам бўлади. Тарбияси заиф ёки ёмон бўлган инсон ношукр, ахлоқсиз ва беодоб бўлиб улғаяди ва охир-оқибат бундайлардан жамият катта зарар кўради.
Маълумки, бугунги мураккаб даврда башарият турли фитналар, бузғунчи ғоялар ва ахборот хуружлари каби таҳдидлардан азият чукмоқда. Ҳозирги глобаллашув замонида дунёда кучайиб бораётган турли маънавий таҳдидларнинг олдини олиш ва уларнинг зарарли таъсиридан ёшларни ҳимоя қилиш масалалари долзарб аҳамият касб этмоқда.
Ёш авлод ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёшлар онгини ёт ғоялар таъсиридан асраш, ахборот ҳужумларига қарши мафкуравий имунитетни шакиллантириш, жиноятчилик, гиёҳвандлик, оммавий маданият, диний экстремизм ва терроризм иллатларининг олдини олишга кўмаклашиш ҳамда ёшларда ватанпарварлик туйғусини юксалтириш лозим. Бундай хатарларга қарши доимо сергак, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бу борада қўлимиздаги асосий ва ягона қуролимиз таълим-тарбиядир.
Зикрулло Умурзақов,
Норин тумани бош имом хатиби.