Байрам ва марака маросимлари

БОЛАЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ КУНИ.

БОЛАЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ КУНИ.

Фарзанд – инсон умрининг мазмуни. Болалар эса инсоният ҳаётининг моҳияти. Улар борлиги учун тамаддун чархпалаги ҳамон айланиб турибди. Кўзимиз қувончи, эртамиз эгаси бўлган болажонларни асраб-авайлаш, комил инсон этиб тарбиялаш ҳар бир ота-она ва оиланинг бурчи, ҳар бир давлат тараққиётини белгиловчи энг муҳим омил саналади. Бола табассуми – олам безаги. Айниқса, 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида сайёрамиз болажонларнинг самимий ва беғубор кулгуси билан янада яшариб кетади. Бу сана қуёшли диёримизда ҳам ўзгача интиқлик билан кутилади. Азалдан болажон бўлган халқимиз шу куни кундалик ташвишларни бир четга қўйиб, фарзандларини истироҳат боғларию кўнгилочар масканларга олиб боришга ошиқади. Болажонларга турли хил совғалар улашилади. Бу эса оилада меҳр-муҳаббат ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ушбу байрам кўпчилик давлатларда “Халқаро болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни” сифатида ҳам эътироф этилади. Бола ҳуқуқларига илк бора эътибор қаратган ва уларни ҳимоя қилишга буюрган дин айнан Исломдир. “Бола ҳуқуқи” тушунчасини ҳам биринчи бўлиб Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллаганлар. Болаларга бир қанча ҳуқуқларни берувчи жуда кўплаб Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифлар бор: Ўғил болалар қизлардан устун эмас. Шўро сураси 49-оятда шундай марҳамат қилинади: “Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга (хос)дир. (У) хоҳлаган нарсани яратур. Хоҳлаган кишисига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғилларни ҳадя этур”. Ўғил боланинг ҳам, қизнинг ҳам туғилишига хурсанд бўлиб, ақиқа қилиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидандир. Яшаш ҳуқуқи. Болаларни ўлдириш мумкин эмаслиги баён қилинган жуда кўп оятлар бор. Масалан: “Ўз болаларини билмасдан жоҳилона ўлдирган ва Аллоҳга туҳмат қилиб, улар учун Аллоҳ ризқ қилиб берган (ҳайвонлар)ни ҳаромга чиқарганлар, албатта, (ўзларига) зиён қилдилар. (Улар) ҳақиқатан адашдилар ва тўғри йўлга юрувчи бўлмадилар” (Анъом сураси 140-оят); “Айтинг: «Келингиз, Раббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни ўқиб берай: Унга бирор нарсани шерик қилмангиз, ота-онага яхшилик қилингиз, болаларингизни қашшоқликдан (қўрқиб) ўлдирмангиз – Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз – фаҳш ишларнинг ошкорасига ҳам, пинҳонасига ҳам яқинлашмангиз, Аллоҳ тақиқлаган жонни ноҳақ қатл қилмангиз! Ақл юритишингиз учун (Аллоҳнинг) ҳукм қилгани шу(лар)дир” (Анъом сураси 151-оят); “(Эй, инсонлар!) Болаларингизни қашшоқликдан қўрқиб ўлдирмангиз – уларга ҳам, сизларга ҳам Биз ризқ берурмиз. Уларни ўлдириш, шубҳасиз, катта хатодир” (Исро сураси 31-оят); “Сизларни (Мусо қавмини) оғир азоблар билан қийнаган, қизларингизни тирик қолдириб, ўғилларингизни қатл этаётган Фиръавн навкарларидан қутқарганимизни ҳам эслангиз. Бунда Раббингиздан сизларга улкан синов бордир” (Бақара сураси 49-оят). Таъминот олиш ҳуқуқи. Фарзандларни озиқ-овқат, кийим-кечак, турар жой билан таъмин этиш отанинг муқаддас бурчидир. Дини Исломда бу таъминот ҳалол-пок бўлиши талаб этилади.

Ёш болаларнинг нафақаси отасининг зиммасидадир. Бу ҳақда Каломуллоҳда шундай марҳамат қилинади: “Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу муддат) эмизишни камолига етказишни истовчилар учундир. Уларни (оналарни) меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг (эрнинг) зиммасидадир…” (Бақара сураси 233-оят). Фарзанднинг онасига нафақа бериш вожиб бўлганидан кейин боланинг ўзига ҳам нафақа бериш вожибдир.

Шу ўринда эътироф этиш жоизки, мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида болаларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилинишига бутунлай барҳам берилди.

Мамлакатимизда бола ҳуқуқлари қонуний асосда тўла ҳимояланган. Мамлакатимизда ҳам, халқаро миқёсда ҳам бола ҳуқуқлари доимо эътибор марказида бўлиб келмоқда. Чунки болалар эртамиз эгалари, уларни баркамол инсон этиб тарбиялаш эса бахтли ва фаровон келажагимиз кафолатидир.

 

Пахриддин Юсупов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган тумани бош имом-хатиби

Related posts