Маълумки, Аллох таоло барча яратган мавжудотлари ичида инсон зотини азиз ва мукаррам қилди. Унга ақл, заковат, илм ва тафаккурни ато этди.
Аллох таоло Қуръони каримда шундай мархамат қилади: “Дархақиқат (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-уловларга ва кемаларга) миндириб қўйдик хамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро сураси. 70-оят)
Ислом дини инсон кадрини ана шундай мукаррам деб билади. Анашу мукаррамлик эса инсон вафотидан сўнг хам сакланиб қолади.
Кўпчилик уламолар Қурьон тиловатининг савоби дунёдан ўтганларга етади деганлар.
Имом Абу Ҳанифа ва Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳимо Қурьон тиловати каби баданий ибодатларнинг савоби дунёдан ўтганларга етади, деганлар.
Моликий ва Шофеий мазҳабининг кейинги аср уламолари ҳам шу сўзни ихтиёр қилганлар. Ҳанафий мазҳабимизнинг забардаст имомларидан Абу Жаъфар ат-Таҳовий “Ал-Ақидатут Таҳовия” китобларида: “Тирикларнинг дуо ва садақаларидан ўлганларга манфаат бордир”, - деб келтирадилар
Бунга далил сифатида Имом Абу Довуд Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Бир киши: “ Эй, Аллоҳнинг Расули! Онам вафот этди, унинг номидан саджақа қилсам фойда қиладими?”
- деб сўради. Расулуллоҳ “Ҳа”, дедилар”. У айтди: “Мени битта серҳосил хурмозор боғим бор сизни гувоҳ қилиб айтаманки, уни онамнинг номидан садақа қилдим”.
Саҳобийлар ичида қабри бошида Қурьон тиловат қилишни васият қилиб кетганлари бор эди чунки улар шу нарсада майитга фойда борлигини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган.
Абдуррҳман ибн ал-Ало ибн Лажлаждан, у отасидан ривоят қилади: “Отам менга: “Эй ўғилчам! «Қачон мени қабримга қўйсангиз, бисмиллаҳи ва ала суннати Расулиллаҳи саллаллоҳу алайҳи васаллам, дегинлар. Сўнгра устимга тупроқ тортинглар. Кейин бош тарафимда «Бақара»нинг аввали ва охирини қироат қилгин чунки мен Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг мана шундай деяётганларини эшитганман” деди”, (Имом Табароний ривояти)
Шунингдек, «Фотиҳа» сураси, «Бақара» сурасининг аввалида «муфлиҳун»гача, оятул Курсийни, «Аманаррусулу»ни, «Таборак» сурасини, «Такаасур» сурасини, «Қул аъузу бироббил фалақи» ҳамда «Қул аъузу бироббиннаси»ни уч мартадан ва «Ихлос» сурасини уч, етти ёки ўн бир марта ўқиса бўлади. Қироатнинг савобини ўтганларга бағишлаб дуо қилинади. Валлоҳу аълам.
Шунинг учун бизлар доимо ўтганларимиз рухини шод этадиган ва қабрларини нурли қиладиган Қуръон тиловатлар, солих амаллар хамда хайру эхсонлар қилиб ўтмишларимизни рухларини шод этадиган амалларда собитқадам бўлишимиз лозим.
Юнусхон Умаров,
Косонсой туман “Садпири комил” жоме
масжиди имом хатиби