Таълим тарбия

ЭНГ САВОБЛИ АМАЛ

ЭНГ САВОБЛИ АМАЛ

Касалнинг кўнглини кўтариш суннат амалдир. Сиз беморга таскин ва тасалли беришда давом этинг. Албатта соғайиб кетиши ва Аллоҳ хоҳласа ҳали кўп яшаши ҳақида гапириб кўнглини кўтаринг. Расули акрам алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар:

 

إذا دَخَلْتُمْ عَلَى الْمَرِيض فَنَفِّسُوا لَهُ فِي أَجَلِه فَإِنَّ ذَلِكَ لايَرُدُّ شَيْئًا وَيُطَيِّب نَفْسَهُ

 

“Бемор ҳузурига кирганингизда унинг ажали ҳақида тасалли беринг. Бу албатта қазони қайтармайди, лекин унинг кўнглини хуш қилади” (Имом Термизий ривояти).

Ушбу ҳадисдаги “Унинг ажали ҳақида тасалли беринг” дегани беморга умри иншоаллоҳ узун бўлиши, ҳали кўп яшаши ва бу дарддан албатта фориғ бўлиб, тузалиб кетиши ҳақида таъкидлаб, кўнглини кўтаринг, деган маъноларни англатади.

Шунингдек, беморга кўрган заҳматлари гуноҳлари учун каффорат бўлишини ҳам эслатиш марғуб амал саналади. Имом Бухорий ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бемор зиёрат қилсалар: “لابأس، طهور إن شاءالله” “Лаа баъс, тоҳур иншоаллоҳ”, яъни “Зарари йўқ (тузалиб кетасиз), иншоаллоҳ, бу касаллик туфайли гуноҳларингиз ювилади”,– деб айтардилар.

Шу билан бирга, бемор дўстингиз Аллоҳ таолодан яхши гумонда бўлишига, ундан тузалиб кетишини сўраб дуо қилиши кераклигини айтинг. Аллоҳ таоло бандасига берган ҳар қандай касаллик ёки мусибат беҳикмат бўлмаслиги, агар сабр қилса, банда жуда катта ажрларга эга бўлишини айтиб, унинг имонини мустаҳкамланг. Бу борада қуйидаги ҳадиси шарифни ҳам эслатиб ўтиш фойдадан холий эмас:

 

عَنْ جَابِرٍ رضي الله عنه، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: يَوَدُّ أَهْلُ الْعَافِيَةِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ حِينَ يُعْطَى أَهْلُ الْبَلَاءِ الثَّوَابَ لَوْ أَنَّ جُلُودَهُمْ كَانَتْ قُرِضَتْ فِي الدُّنْيَا بِالْمَقَارِيضِ. رَوَى التِّرْمِذِيُّ هَذِهِ السَّبْعَةَ.

 

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни мусибат аҳлига савоб берилган пайтда офият аҳли дунёда терилари қайчи билан қийилган бўлишини орзу қиладилар”, дедилар (Имом Термизий ривоятлари).

Энг афсусланарли ҳолат ҳақли кишиларга эътиборсиз бўлинади. 

  Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ ўзининг "Муснад"ида саҳобий Абдуллоҳ ибн Азҳар розияллоҳу анҳудан ҳадис келтиради:

   "Ҳунайн жангида Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу жароҳатланди. Аллоҳ таоло кофирларни мағлуб қилганидан сўнг Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам мусулмон аскарлари ичида юриб Холид розияллоҳу анҳуни қидирдилар:

- Холидни ким кўрди? Менга Холид ётган жойни кўрсатинглар!

   Биз Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламга Холид ётган жойни кўрсатдик. У зот Холиднинг олдига бориб унинг жароҳатига ўзлари қарадилар!".

   Катталигингиздан сал пастроқ тушинг. Камтарроқ бўлаверинг. Бирор ишчингиз бемор бўлса уни бориб кўринг. Бу ишингиз билан унинг қалбига эга бўласиз.

   Бир мискин яқинини йўқотса унга ҳамдард бўлинг. Бу билан унинг кўнглини оласиз.

   Бирор ишчингиз кўринмай қолса уни суриштиринг. Бундан у саодат туяди.

   Тўғри, биз инсонлар учун эмас, Аллоҳ учун амал қиламиз. Аммо ўша Аллоҳ кўнгил олишни Ўзининг шариатида ибодат даражасига кўтарган!

Беморни зиёрат қилиш мусулмоннинг мусулмон биродари зиммасидаги ҳақларидан биридир. Беморни зиёрат қилмоқчи бўлган киши қуйидаги одоблар билан одобланиши лозим бўлади.

 

-Эзгу ният қилиш;

-Бемор зиёратини ортга сурмаслик;

-Ёш бола бемор бўлса ҳам кўргани бориш;

-Ғайридин беморни ҳам кўргани бориш жоиз;

-Ҳушсиз бўлган беморни кўргани бориш;

-Енгил дард билан оғриган беморни ҳам кўргани бориш;

-Бемор зиёратига пиёда бориш. Зеро, унинг савоби кўпроқдир.

-Беморга ноқулайлик туғдирмайдиган вақтда бориш;

-Беморнинг яқинларидан беморнинг соғлиғи ҳақида сўраб туриш;

-Беморнинг бош тарафида ўтириш;

-Бемордан аҳволи қандайлигини сўраш;

-Беморга касалликнинг савоблари ҳақида хушхабар бериш;

-Беморга тақдирга рози бўлиш ва сабрли бўлиш лозимлигини эслатиш;

-Беморни ғазабланишдан ва касалликни сўкишдан қайтариш;

-Беморнинг аъзоларига қўлни қўйиб, дуо қилиш.

 

Жаъфархон Суфиев,

 Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме 
масжиди имом-хатиби.

Related posts