Исломнинг гўзаллиги шундаки, мусулмон киши ўзига раво кўрган нарсасини дўстига, биродарига илинмагунича ҳақиқий мўмин бўла олмайди. Шу боис динимизда инсонларни фақат яхшилик қилишга даъват этилади. Қилинган яхшиликлар боис кўнгиллар равшан тортади, ўзгача руҳий тетиклик, ҳузур-ҳаловат, хотиржамлик ҳис қилинади.
Аллоҳ таоло "Ар-Раҳмон" сурасининг 60-оятида: «Эҳсон (эзгулик)нинг мукофоти фақат эҳсон (эзгулик)дир», деб марҳамат қилди. Муқаддас динимизнинг эзгулик, хайру саховат, меҳр-оқибат, мурувват каби олижаноб ғоялари жамиятда ижтимоий адолатнинг қарор топишига хизмат қилмоқда.
Инсон жамиятда яшар экан, ундаги муаммоларга кўз юмиб кетолмайди. Уларни қодир бўлганича ҳал этишга ёки ҳал этилишига ўз хиссасини қўшиши керак. Айниқса мусулмонлар бу ишда ҳамиша пешқадам ва ўрнакдирлар. Чунки, уларни Аллоҳ таоло Қуръони каримда уларни қуйидагича мадҳ этган:
كُنْتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ تَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَتَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنْكَرِ وَتُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ
“Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз, (эй, мусулмонлар!) зеро, сиз амри маъруф, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз”. (Оли Имрон, 110)
Мусулмонларнинг бу икки улкан сифати: яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш – мисли кўрилмаган фазилатдир.
Ҳар-бир жамиятда инсонларнинг иқтисодий ва ижтимоий даражалари бир-хил бўлавермаслигини ҳисобга олган ҳолда, турмуш даражаси юқори ва иқтисодий шароити, яъни давлати етарли бўлган инсонлар таъминоти у даражада юқори бўлмаган инсонларга чиройли муносабатда бўлибгина қолмай, уларни моддий жиҳатдан ҳам қўллаб-қувватлаш динимизда йўлга қўйилган. Қолаверса, исломнинг асл мақсади ер юзини обод қилиш, ўзаро тинчлик, ҳамкорлик ва биродарлик ўрнатишдир. Бунинг учун “Таовун” – “Ўзаро ёрдам” омиллари жорий қилинган бўлиб, улар ҳаттоки, ибодат даражасига ҳам кўтарилган.
Азизлар, бизлар ҳам ўзаро ёрдам омили бўлмиш имконият чекланганлар холидан хабар олиб, ўксик кўнгилларни шод қилсак, юқорида зикр қилинган савобларга эга бўламиз, Иншааллоҳ!
Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳар “Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом-хатиби