Байрам ва марака маросимлари

КОНУСТИТУЦИЯ КОМУСИМИЗДИР.

КОНУСТИТУЦИЯ КОМУСИМИЗДИР.

Давлатимиз мустақилликка эришган илк йилларидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилиш масаласи асосий вазифалардан бири этиб белгиланди. Ниҳоят кўп изланишлар ва халқ муҳокамасидан сўнг 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинди. Давлатимизнинг Асосий Қонуни бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мустақиллик йилларида ҳаёт синовидан ўтиб, миллий давлатчилик ва унинг демократик тамойиллари асосида қурилган сиёсий ҳамда иқтисодий тизимни шакллантиришнинг ҳуқуқий пойдевори вазифасини ўтаб келмоқда.

Улуғ аждодларимизнинг асрий армонлари, эркин ҳаёт, фаровон жамият ва адолатли давлат барпо этишдек энг эзгу тилаклари ва улуғ орзуларини ўзида мужассам этган Давлатимиз Конституцияси барча қабул қилинадиган қонунлар ва меъёрий хужжатлар учун мустаҳкам асос ва дастурул-амал бўлиб хизмат қилмоқда.

Конституциямизда бешта асосий тамойил мустаҳкам белгилаб қўйилган. Булар демократик жамиятнинг халқаро миқёсда эътироф этилган тамойилларидир. Бу тамойиллар фуқароларнинг ўз хоҳиш – иродасини эркин билдириши, барча фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги, давлат ва жамиятни бошқариш ишларида қонун устуворлиги, давлат ҳокимияти органларининг сайловлар асосида шакллантирилиши, уларнинг сайловчилар олдида ҳисоб бериши каби шаклларда намоён бўлади.

Конституциямизда шахс, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари давлатдан устунлиги эътироф этилган, шунингдек, унда инсон қадри, шахс эркинлиги ва ҳаётини таъминловчи табиий имкониятларни юзага чиқишига алоҳида аҳамият берилган.

Конституциямизда шахснинг ёши, миллати, ирқи, ижтимоий аҳволи билан боғлиқ ҳеч қандай чеклашлар йўқ. Масалан, бошқа мамлакатларнинг фуқаролигига эга бўлиш тўғрисидаги қонунчилигида кузатишимиз мумкин бўлган тил билиш ва ўтроқлик негизлари борасида ҳам чеклашлар йўқ, бундан қатъий назар, тенг фуқаролик ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилган.

Бош Қомусимизда инсоннинг кундалик ҳаётидаги энг муҳим эҳтиёжларини таъминловчи имкониятлар яшаш ҳуқуқи, шахсий дахлсизлик ҳуқуқи, суд жараёнида шахсий манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқи, турар жой дахлсизлиги ҳуқуқи, бир жойдан иккинчи жойга эркин кўчиш ҳуқуқи, фикрлаш, эътиқод ва сўз эркинлиги, виждон эркинликлари, диний кадриятлар, имон, эьтикод эркинлиги қоида йўли билан кафолатланган.

Умуман, конституциямизда кўп йиллик миллий давлатчилигимиз анъаналари инобатга олиниши билан барча, жаҳон конституцияларининг тажрибаларидан ҳам кенг фойдаланилган. Шу йўл билан унинг энг инсонпарвар, демократик ва адолатли Қонун бўлишига эришилган.

Зеро, унда тарихийлик замонавийлик билан уйғунлашиб, жаҳоннинг ижтимоий, сиёсий, фалсафий ва ҳуқуқий тафаккури соҳасида эришилган барча ютуқлар мужассамлашган.

Ислом дини оила ва никоҳга катта эътибор қаратади. Насл-насабини сақлаш,  авлодлар бардавомлигини таъминлаш, жамиятнинг ҳар жиҳатдан  қудратли булишининг асосий омили дея эътироф этилган.

Қомусимизда фарзандларимизнинг билим олиш ҳуқуқига эга эканликлари кафолатлангани барчамизни шундай озод, ҳур ва мустақил диёрда яшаётганимизга шукр қилишга ундайди. 

Шунингдек, кишининг оиласи олдидаги  мажбурияти, ўзи яшаб турган давлатининг раҳбарига итоат этиш мажбурияти, ватанини ҳимоя қилиш мажбурияти, бошқа дин ва миллат вакиллари олдидаги мажбуриятлари ҳам борки, Аллоҳ таоло динимизда буларни баён қилиб берган.   

Бугун ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган барча олийжаноб ҳаракатларимизнинг негизида, барча эзгу ниятларимизнинг замирида фарзандларимизни ҳам жисмонан, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом қилиб ўстириш, уларнинг бахт-саодати, фаровон келажагини кўриш, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган авлодни тарбиялаш орзуси мужассам. Чиндан ҳам, Асосий Қонунимиз ана шу улуғвор мақсад ва интилишларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосидир.

Расулхон Қориев

Поп тумани “Ғойиб ёронлар” жоме 
масжиди имом-хатиби.

Related posts