Муқаддас Ислом динимиз таълимотларига қарар эканмиз, жамиятдаги барча инсонларни тинчлик, омонлик ва фаровонликда яшаб, дунё ва охиратда саодат аҳлидан бўлишлари учун лозим бўлган йўл-йўриқларни баён қилган.
Хусусан, Қуръони каримда таъкидланганидек, инсон ер юзини обод қилиш, унда яхшилик ўрнатиб, уни гўзал этиб ободонлаштириш учун Аллоҳ таолонинг ердаги халифаси этиб тайинланган.
Ер юзасини обод қилишда эса бевосита иқтисодий омиллар устувордир.
“У (Аллоҳ) сизлар учун ерни хокисор-бўйсунгувчи қилиб қўйган зотдир. Бас, (ер)нинг ҳар томонида (сайр-саёҳат қилиб ё тижорат билан, ёки деҳқончиликни касб қилиб) юраверинглар ва (Аллоҳнинг берган) ризқ-рўзидан енглар. Ёлғиз Унинг ҳузурига тирилиб чиқиш – қайтиш бордир”. ( Мулк сураси 15-оят)
Маълумки, юртимизда қадим замонлардан тадбиркорлик ва ишбилармонлик алоҳида ўринга эга. Ота-боболаримиз ўз ери, мол-мулки ва касб-ҳунарига эга бўлганлиги, омонатдорлик билан иш юритиб, ўз соҳасида юқори чўққиларга чиққанлиги, тадбиркор ва ишбилармон кишиларни қадрлаганлиги ҳақида кўп гапириш мумкин.
Бу ўринда Амир Темур бобомизнинг “Азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли киши мингта тадбирсиз ва лоқайд кишидан афзалдир”, - деган маъноли сўзларини эслаб ўтиш ўринлидир.
Ислом касб-ҳунар эгаллаб, ҳалол йўл билан молу-мулк орттиришнинг бир қанча турларини тарғиб қилган:
1-Ўз кучи ва меҳнати эвазига ҳақ олиш билан мол топиш. Бу молу-мулк топишнинг энг кўп тарқалган услубидир. Бу шаклда топилган бойлиги ҳалол-пок ва муҳтарам нарса ҳисобланади. Унда инсон ўзи бажарган ишига яраша иш берувчилардан ҳақ олади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадиси шарифларидан бирида: «Ҳеч ким ўз қўл кучи билан топган таомдан кўра яхшироқ таом емаган»-деганлар.
Бу билан одамларни ўз меҳнати билан ризқу-рўзини топиб ейишга, бировнинг ҳақига кўз олайтирмасликка ва бошқаларга боқиманда бўлмасликка тарғиб қилинган.
2-Тижорат йўли билан молу-мулк топиш.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг «Бақара» сурасида:
«Аллоҳ савдони ҳалол қилди ва рибони ҳаром қилди»-деган. (175-оят)
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан, «Қайси касб афзал?»-деб сўралганда: «Кишининг қўли билан қилган иши ва ҳар бир ҳалол-яхши савдо»-деганлар.
Яхши савдо, деганлари ҳаром-ҳариш аралашмаган, бировнинг ҳаққига хиёнат бўлмаган, ҳалол-пок савдо деганларидир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари шахсан тижорат билан машғул бўлган ва кўпчилик саҳобалар ҳам бу ишни қилганлар.
3-Турли саноат ва ҳунармандчилик йўли билан молу-мулк топиш. Бу ҳақдаги барча шаръий далил ва ҳужжатларни ўрганиб чиққан мусулмон уламолар бу соҳани фарзи кифоя, деб эълон қилганлар.
Бошқача қилиб айтганда, мусулмонларга ҳар бир саноат ва ҳунар бўйича ўз ҳожатларини қоплайдиган кишиларни тайёрлаб олиш фарздир. Агар буни қилмасалар гуноҳкор бўладилар. Ислом шариятида ҳар бир саноатни ва ҳунарни яхшилаб адо этишга тарғиб қилинган.
Имом Абу Яъло ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта Аллоҳ сиздан бирортангиз бир иш қилса, уни яхшилаб адо этишини яхши кўради»-дейдилар.
Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда эса: «Албатта Аллоҳ ҳунарманд бандани яхши кўради ва бекорчи бандани хуш кўрмайди»-деганлар.
4-Бошқалар билан биргаликда турли ширкатлар тузиш йўли билан молу-мулк ортдириш.
Ислом шарияти нуқтаи назарида ширкатлар иқтисодий ривожнинг энг муҳим асосларидан ҳисобланади. Чунки, уларда шериклик асосида кишилар ўз фикрлари, ишлари, сармоялари ила кўпчилик билан, ҳамфикр ва ҳамжиҳат бўлиб иқтисодий фаолият олиб борадилар.
Мазкур сўзларнинг маъно ва мазмуни “...(ер)нинг ҳар томонида (сайр-саёҳат қилиб ё тижорат билан, ёки деҳқончиликни касб қилиб) юраверинглар ва (Аллоҳнинг берган) ризқ-рўзидан енглар”- деган оятга амал қилиш йўлида касб-ҳунар ва тадбиркорликнинг зарурлига далолат қилади.
Зеро, ҳар бир инсон инъом этилган ақл-фаросати, тадбир-ҳаракатини ишга солиб, ихлосу эътиқод ва яхши ниятлар билан меҳнат қилиши, касб-ҳунар ўрганиши, бу орқали яқинлари, элу юртига манфаат келтириши лозим.
Баҳодир Шарипов,
Чуст тумани “Мавлоно Лутфуллоҳ” жоме
масжиди имом-хатиби