Жаҳолатга қарши маърифат

ИХТИЛОФЛАРДАН САҚЛАНАЙЛИК

ИХТИЛОФЛАРДАН САҚЛАНАЙЛИК

Мазҳаббошимиз имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳни тақвоси, илми ва амали, Аллоҳдан қўрқинчи, суннатга мутобаати, саҳобалар йўлини маҳкам тутгани, бидъатдан хазар қилиб суннатга мувофақати тилларда достон бўлган. Шу зоти шариф ўзининг “ал-Фиқҳ ул-акбар” номли машҳур асарида шундай ёзади?

و الصلوة خلف كل بر و فاجر من المومنين جائزة

Мўминлардан иборат ҳар бир яхши ва ёмон одам ортида намоз ўқиш жоиздир!

Бу матн аҳли сунна вал-жамоа эътиқодий масалаларидан муҳим бир масалани баён этмоқда, яъни ўзини суннат ва жамоат йўлидаман деб билган ҳар бир мусулмон яхшими ёмонми, хулқи қандай бўлишидан қатъий назар намоз аҳкомларидан хабардор ҳар қандай имомнинг ортида намоз ўқишни жоиз деб эътиқод қилиши керак.

Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ бу ибора билан аҳли суннат йўлини баён қилиш билан бирга ўша даврдаги хаворижларга раддия бериб кетмоқдалар. Хаворижларнинг энг расво эътиқодларидан бири шуки, улар мухолиф фикрловчиларни мусулмон ҳисоблашмайди, ортида намоз ўқишни ҳаром деб фатво беришади.

Иброҳим Нахаъий раҳимаҳуллоҳ айтади: Саҳобаларнинг ҳаммаси амирларнинг ортида, улар қандай одам бўлишидан қатъий назар намозга иқтидо қилиб ўқишар эди.

Қибла аҳлидан бўлган ҳар қандай солиҳ ёки фожир кимса орқасида (яъни унга иқтидо қилиб) намоз ўқишни ҳамда улардан вафот этганларига жаноза ўқишни жоиз, деб биламиз.

Бунда иккита масала бор:

Биринчи масала: Намоз амал ва яхшиликдир. Одамлар, хусусан ҳокимлар уни адо қилсалар, маъруф ва яхшилик қилган бўладилар. Улар ортида намоз ўқишни тарк қилишда бирдамликнинг йўқолиши, жамоатнинг парчаланиши, қон тўкилиши каби ёмон оқибатлар келиб чиқади. Бу эса олди олиниши шарт бўлган катта хатардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: ««Ла илаҳа иллаллоҳ» деган кишининг ортида ва «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган кишига намоз ўқинглар!». 

Бу аҳли сунна вал-жамоа мазҳабидир. Улар жамоат бўлиб намоз ўқийдилар, солиҳ ёки фожир бўлсин, модомики мусулмонликдан чиқиб кетмаган бўлса, ҳар қандай амир билан Аллоҳ йўлида жиҳодга чиқадилар.

Бу саҳобалар давридан тортиб аҳли сунна вал-жамоанинг асл-асосларидандир, аҳли сунна вал-жамоа бўлган мусулмонларнинг ижмоъ-иттифоқлари шунгадир.

Иккинчи масала: Мусулмон кишига, гарчи у фосиқ бўлса-да, Исломдан чиқиб кетмаган бўлса, жаноза намози ўқиш. Бундай одам мусулмондир, мусулмонларга қандай муомала қилинса унга ҳам шундай муомала қилинади. Аммо агар Исломдан чиққан бўлса, унга жаноза ўқилмайди. Лекин тўғри келган одам одамларни муртадликка ҳукм қилишга ҳаққи йўқ. Фақат аҳли илмлар аҳли сунна вал-жамоанинг қоидаларига мурожаат қилиш орқали бу тўғрида ҳукм чиқаришлари мумкин. Нияти ҳар қанча яхши, мақсади ҳар қанча тоза бўлмасин, ҳар ким бунга ҳукм қилишга ҳақли эмас, ҳукм фақат чуқур илм эгаси бўлган аҳли илмлар томонидан чиқарилади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, аҳли сунна йўлида юрган мусулмон фожир имом ортидан ҳам эргашиб намоз ўқийверади. Ўзини тақводор тутиб жамоатга қўшилмай ўзлари алоҳида намоз ўқийдиганлар, улар бир суннатни тарк этиб бидъат йўлига кириб қолишган. Чунки, асл суннийликда яхши ва ёмон одам орқасида ҳам намоз ўқиш жоиз, уни тан олмаганлар эса аҳли бидъат кишиларидан бўлиб қолади!

Шокиржон Тўхтабоев,
Янгиқўрғон тумани "Кўкёр" жоме 
масжиди имом хатиби 

Related posts