Аёллар саҳифаси

ИСЛОМДА АЁЛНИНГ УЛУҒ МАҚОМИ

ИСЛОМДА АЁЛНИНГ УЛУҒ МАҚОМИ

Инсоният тарихида аёлга энг юксак ҳурматни берган дин — Исломдир. Жоҳилият даврида тириклай кўмилган, ҳақ-ҳуқуқсиз қолдирилган аёлни Ислом раҳмат қаноти остига олди. Уни она сифатида жаннат калитига, рафиқа сифатида хонадон саодатига, қиз фарзанд сифатида эса барака манбаига айлантирди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Улар билан яхшилик ила ҳаёт кечиринглар.” (Нисо сураси, 19-оят)

Бу оят эркак кишига аёл билан қўполлик эмас, балки меҳр, сабр ва ҳурмат билан муносабатда бўлишни буюради.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга энг яхши муомала қилган инсон эдилар. Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оилаларига энг юмшоқ ва энг меҳрибон инсон эдилар.” (Имом Термизий ривояти)

Исломда аёл — эркакнинг хизматкори эмас, балки ҳаёт йўлдошидир. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизларнинг яхшиларингиз — аёлларига яхши муносабатда бўлганларингиздир. (Имом Термизий ривояти) 

Аёлнинг ҳаққини ейиш, уни хорлаш ёки унга зулм қилиш Исломда қаттиқ қораланган. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳнинг белгилаган чегараларидан тажовуз қилманглар.” (Бақара сураси, 229-оят)

Эркак киши оила бошлиғи бўлгани каби, унинг зиммасига масъулият ҳам юкланган. Аёлнинг озиқ-овқати, кийими, бошпанаси ва хавфсизлиги учун эр масъулдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизнинг улар (аёллар) устида ҳаққингиз бор, уларнинг ҳам сизда ҳақлари бор.” (Имом Муслим ривояти)

Ислом аёлнинг шаънини ҳимоя қилиш учун қаттиқ қонунлар жорий қилди. Покиза аёлга туҳмат қилиш катта гуноҳ саналди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Покдомон аёлларга туҳмат қилиб, сўнг тўрт гувоҳ келтира олмаган кимсаларга саксон дарра уринглар”(Нур сураси, 4-оят)

Бу — аёл қадри қанчалик юксак эканининг очиқ далилидир.

Она мақоми эса Исломда беқиёсдир. Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Жаннат оналарнинг оёқлари остидадир.” (Ибн Адий ва Хатиб ривояти)

Яна бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: — “Энг яхши муомала қилишим керак бўлган инсон ким?” — деб сўраганда, у зот: “Онанг”, дедилар.

У киши уч марта шу саволни такрорлади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар сафар: “Онанг”, дедилар. Тўртинчида эса: “Отанг”, дедилар.(Имом Бухорий ва Муслим ривояти)

Бу ҳадис онанинг Исломдаги мақоми қанчалар улуғ эканини кўрсатади.

Шунингдек, Ислом аёлни меросдан маҳрум қилмади, унинг мол-мулкини ҳимоя қилди. Аёл ўз мулкига ўзи эгалик қилади. Ҳеч ким унинг ҳаққини тортиб олишга ҳақли эмас.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида бутун умматга хитоб қилиб дедилар: “Аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар! Чунки сиз уларни Аллоҳнинг омонати билан олгансизлар.” (Имом Муслим, Абу Довуд ва Имом Молик ривояти)

Қандай буюк огоҳлантириш! Аёл — омонат. Омонатга хиёнат эса мўминга ярашмайди.
Бугун жамиятимизда аёлга ҳурмат камайса, оилаларда меҳр сусаяди, фарзанд тарбияси издан чиқади. Чунки аёл — миллат тарбиячиси, хонадоннинг қалби ва авлоднинг биринчи муаллими.
Аёлни қадрлаган жамият юксалади. Аёлни хорлаган жамият эса ҳалокатга юз тутади.
Аллоҳ таоло барчамизни аёлларни ҳурмат қиладиган, уларнинг ҳаққини адо этадиган солиҳ бандаларидан қилсин.


Абдулаҳад Саримсоқов,
Тўрақўрғон туман Хонақоҳ жоме 
масжид имом ноиби

Related posts