Таълим тарбия

ИЛМ ОЛИШ ФАЗИЛАТИ

ИЛМ ОЛИШ ФАЗИЛАТИ

Илм олиш динимизда энг улуғ ибодатлардан саналади. Чунки банда илм воситасида Раббини танишга, У Зотнинг фарзларини бажаришга, шунингдек, барча мавжудотларга тааллуқли ҳақларни адо этишга муваффақ бўлади. Бирор дин илм олишга исломчалик тарғиб қилмайди. Ислом жаҳолатга қарши илм-маърифат билан курашишга ҳам катта эътибор қаратади.

Ўқиш илмнинг калитидир. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар қилиб юборган пайтни эсга оладиган бўлсак, ўша даврда одамлар жаҳолат ботқоғига тамоман ботган эди. Жоҳилиятнинг бу ҳолатини ёритишга тарихчиларнинг қалами ўтмаслик қилади, дейилган. Шунда Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг илк оятини ҳам “Ўқинг!” деб нозил қилди. Ушбу оят инсоният биринчи бўлиб нима қилиши керак эканини кўрсатиб берди.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, дедилар”.

Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзлари илмнинг фазилати нақадар юксак эканига очиқ далилдир: “Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари — ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи борлигига гувоҳлик бердилар. У адолат билан тургувчи — ҳукм қилгувчидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бор. У қудратли, ҳикмат эгасидир”[2].

Бу оятда Аллоҳ таоло аввал ўзини, кейин фаришталарни, сўнгра илм аҳлини зикр этди. Мана шунинг ўзи илмнинг шарафли, фазилатли ва улуғ эканини англаш учун кифоядир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда яна бундай марҳамат қилади: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур”.

Ҳақ таоло бу оятларда илмни неъмат ўлароқ зикр қиляпти.

Ҳадиси шарифларда эса, илм фазилати қуйидагича баён этилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Кимга Аллоҳ яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ (теран англовчи) қилиб қўяди”. Бинобарин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна марҳамат қиладилар: “Олимлар Пайғамбарларнинг ворисларидир”. Маълумки, пайғамбарлик рутбасидан устунроқ ҳеч бир рутба йўқ ва унга меросхўр бўлиш олий шарафдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Олимга ердаги ва осмондаги барча нарсалар истиғфор айтади”. Ердаги жонзотлар ва осмонлардаги фаришталар истиғфор айтиб турувчи кишининг мансабидан зиёдроқ ва улуғроқ мансаб борми?!

Мавзуни янада теранроқ тарзда давом эттирсак, Аллоҳ таоло илмнинг фазилатлари ва унинг мартабаси ҳақида Қуръони каримда бундай деди: “У Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат (пайғамбарлик ёки Қуръон илми) беради. Кимга (мазкур) ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди. Бундан фақат оқил кишиларгина эслатма олурлар”

Мазкур оят тафсири ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо фикр билдириб, “Ушбу оятдаги ҳикматдан мурод ҳалол ва ҳаром илмини билишдир”, деган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Имон яланғочдир, унинг либоси тақво, зийнати ҳаё, меваси эса илмдир”.

Олимларнинг мартабалари тўғрисида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Бутун бир қабиланинг ўлими бир олимнинг вафотидан енгилроқдир”.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Умматимдан ким қирқ ҳадисни одамларга таълим бериш учун ёдласа, мен қиёмат куни унга шафоатчи ва гувоҳ бўламан”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам илмнинг шаҳидлик ва обидликдан афзаллиги ҳақида марҳамат қилиб айтадилар: “Олимнинг обиддан афзаллиги менинг қуйи даражадаги саҳобийдан афзаллигим кабидир”.

Қарангки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олимни набийлик даражасига яқин кўтариб, илмсизни жуда қуйи туширяптилар. Агар обид қилаётган ибодати ҳақида илмга эга бўлмаганида, ибодати давомли бўлмас эди.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Олимнинг обиддан афзаллиги Бадр кечасида (ўн тўрт кунлик) ойнинг бошқа юлдузлардан афзаллиги кабидир”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Қиёмат куни уч тоифа кишиларда: пайғамбарлар, олимлар ва шаҳидларда шафоат қилиш ҳуқуқи бўлади”. Яъни, шафоат борасида ҳам олим шаҳиддан олдин турар экан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Қайси амал афзал?” деб сўрашди. У зот айтдиларки: “Аллоҳ азза ва жаллани билиш”. Сўнг: “Сиз қайси илмни ирода қиляпсиз?” деб сўрашди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ таолони билишни”. Шунда: “Биз сиздан амал ҳақида сўрасак, илм ҳақида айтяпсиз”, дейишди. Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолони таниб қилинадиган озгина амал ҳам манфаатли бўлади, Аллоҳни билмасдан қилинган кўп амал ҳам фойда бермайди!” дедилар.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Кумайлга: “Илм молдан яхшидир, у сени муҳофаза қилади, молни эса сен қўриқлайсан. Илм ҳоким, мол маҳкумдир. Нафақа қилиш билан мол камайса, илм зиёда бўлади”, деган.

Илм олишнинг фазилатлари тўғрисида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Олимларнинг даражаси илм олмаган мўминларнинг даражасидан етти юз карра юқоридир. Ҳар даражанинг ораси беш юз йиллик йўлга тенг”.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!”[8] деб айтган.

Яна Аллоҳ таоло айтади: “Бандалари орасида Аллоҳдан фақат уламоларгина астойдил қўрқарлар”[9].

Яна Аллоҳ таоло айтади: “Китобдан (Исми Аъзамдан) хабардор бўлган зот эса: “Мен кўзинг ўзингга қайтгунича (кўз очиб юмгунингча) уни сенга келтирурман”, деди”[10].

Мазкур оятда Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломнинг котиби илм қуввати билан инсон ақли бовар қилмас ишга қодир бўлганини таъкидламоқда.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Илм-маърифат ато этилган кишилар эса: “Ўлим бўлсин сизларга! Имон келтирган ва яхши амал қилган киши учун Аллоҳ берадиган ажр-савоб яхшироқ-ку! У (савобга) фақат сабр-қаноатли кишиларгина эришурлар”[11], дедилар.

Ушбу оятда ҳам Аллоҳ таоло охиратдаги ажр-мукофотнинг буюклиги илм билан бўлишини баён этяпти.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Эй Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин”[12] оятини бундай тафсир қилади: “Дунёдаги яхшилик илм ва ибодат, охиратдагиси эса, жаннатдир”.

Умар розияллоҳу анҳу айтади: “Эй инсонлар, илм ўрганинглар, Аллоҳ таолонинг ҳузурида Унинг ўзи севган бир либос бўлиб, илмнинг бир бобини ўрганган кишига у либосни кийгизади. Агар олим бир гуноҳ қилса, либос ундан олинмаслиги учун унга уч марта танбеҳ беради. Гарчи, бу гуноҳи вафотигача давом этса ҳам (либос ечиб олинмай, танбеҳ берилаверади)”.

Салим ибн Абул Жаъд айтади: “Мени бир улуғ зот уч юз дирҳамга сотиб олиб, қулликдан озод этди. Шундан сўнг мен илм ўрганишга қарор қилдим. Ҳеч қанча вақт ўтмасдан, шаҳар амири зиёратимга келди, мен унинг ҳузуримга киришига рухсат бермадим”.

Исломнинг буюк уламолари илм ўрганиш фазилатини кўп таъкидлаган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: “Илм олишда (қийналдим), бироз хорландим, тилагим ҳосил бўлгач, азизу мукаррам бўлдим”.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: “Сен олим, ё ўрганувчи ёки унга қулоқ тутувчи бўл. Лекин тўртинчиси бўлмагилки, ҳалок бўласан”. Яъни, саҳоба бу ерда илмга беписандликни назарда тутмоқда.

Хулоса ўрнида Ибн Абдулҳакам раҳматуллоҳи алайҳ айтган: “Мен Имом Молик ҳузурида илм олардим. Пешин вақти кириши билан нафл намоз ўқиш учун китобларимни йиғиштира бошладим. Шунда устоз, агар ниятинг дуруст бўлса, ҳозир машғул бўлиб турган ишинг бажармоқчи бўлаётган ишингдан афзалроқдир, дедилар”, сўзларини келтирсак, мақсадга мувофиқ бўлади.

Икромхон Жаббаров,
Янги Наманган тумани “Абу Юсуф” жоме 
масжиди имом ноиби

Related posts