Маълумки, Ислом дини инсонларни илм олишга тарғиб қилувчи диндир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган дастлабки оятларда илм олишга ундаш маъноси борлигининг ўзи ҳам Ислом илму маърифат дини эканлигининг ёрқин далилидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда иймон келтирган илм эгаларининг мартабаларини юксак даражаларга кўтаришини баён қилган.
Илм эса амални, амал эса ихлосни ёрдамга чақиради. Агар ёрдамга келмаса илм у кишидан қочади. (“Адабуд-дунё вад-дин” китобидан) Яхши тушунмоқ керакки! Ҳар бир иш мукаммал, мустаҳкам бўлиши учун илм, амал ва ихлос бирлашиши шарт.
Фаридиддин Аттор илоҳиятда аввал ихлос кейин илм туради дейдилар. Яъни: ихлоси бўлмаган кишига минг бор илм борасида сўзланса ҳам у одамда зарра миқдорда фазилат, даража, юксак бир мақом белгиси кўринмайди. Шу сабабдан ҳар бир амал ихлос ила бажарилса кундан – кун у ислом немати билан яшай бошлайди. Дунёда илмдан кўра юксак даража ва мартаба йўқдир. Шу сабабли юртимиздан чиққан ва бошқа юртдаги барча олимлар ўзларини фойдаси кенг, даражаси зиёда амалга фидо қилишган.
Беш нарса кўзга нур беради: Қуръони каримни ўқиш, олимларга қараш, ота-онага қараш, одил падшоҳга қараш ва чиройли манзарали жойларга қараш.
Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: “Олимларга бир марта қарашлик менинг масжидимда бир йил эътикофда ўтириш билан тенгдир”. Яна Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: “Ким бир олимни ҳурмат қилса, гўё мени ҳурмат қилгандек бўлибди. Кимки бир олимни хорласа, гўё мени хорлагандек бўлибди”. Аллоҳ таоло илмни қиёматгача бандалар учун маърифатга эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига эришиш воситаси қилди.
Илмсизлик, эса инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди. “Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?”. (Зумар сураси, 9-оят).
“Илм” сўзи Қуръони каримнинг саккиз юз ўн бир жойида турли маъноларда келган. Қуръон ва суннатда илм инсониятни турли ахлоқсизликлар, ҳаром-харишлар, ёмон йўл ва амаллардан қайтариши зикр этилган.
Аллоҳ таоло айтади:: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”.
Ватанимиз тараққиёти, халқимизнинг бахт-саодати йўлида ёшларимизни илму ирфон ва касбу ҳунарли бўлиб етишишлари йўлида давлатимиз томонидан қилинаётган ғамхўрлик билан бирга ота-оналарнинг ҳаракатлари ҳам жуда аҳамиятлидир. Айниқса, ота-оналар ўз фарзандларига тўғри маслаҳатлар бериб, уларни соғлом ва бақувват ўсиб-улғайишлари, илмли, маърифатли бўлишлари учун ғамҳўр бўлишлари керак.
Оятуллоҳ Луқманов,
Тўрақўрғон тумани “Қўчқорота” жоме
масжиди имом ноиби