Таълим тарбия

ЯХШИЛИККА ЧАҚИРИБ, ЁМОНЛИКДАН ҚАЙТАРАЙЛИК!

ЯХШИЛИККА ЧАҚИРИБ, ЁМОНЛИКДАН ҚАЙТАРАЙЛИК!

Пайғамбаримиз ўз ҳадисларидан бирида инсонларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтаришни садоқат деб баҳолаганлар. Одамларни яхшиликка чақирувчи киши ўз эътиқодига, ўз билими ва илмига, ўз қариндошлари ва миллатдошларига садоқатли бўлади, содиқ инсон бўлади. Яхшиликка чақириш ўрнига ёмонликни ўргатувчи кимса хиёнаткор ҳисобланади. Ундай одам хоин бўлади. Шунинг учун, бепарволик исломда қораланади. Расулуллоҳ: “Ким бирор ёмонликни кўрса, қўли билан ўзгартирсин. Агар бунга қодир бўлмаса, тили билан ўзгартиришга ҳаракат қилсин. Агар бунга ҳам кучи етмаса, қалби билан ёмон кўрсин. Энди, буниси имоннинг заифлигидир!” деганлар. У зот қалби билан ёмон кўриб, лекин индай олмаган одамнинг имонини заиф деб баҳолаганлар.

Инсонларни ёмонликдан қайтаришни пайғамбаримиз ҳужжат деб баҳолаганлар. Инсонлар бир-бировини ёмонликдан қайтарар эканлар, ўзаро ёмонлик қилишдан бир-бирини тўхтатиб қолар эканлар, бу уларнинг фойдасига ҳужжат бўлади. Акс ҳолда, гуноҳга шерик деган ҳужжат бўлади. Бировнинг гуноҳ иш қилаётганини кўриб туриб ҳам индамаслик, унга бепарво бўлиш, ёки унга қандайдир ёрдам бериш унга шериклик билан баробардир. Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш ўринлики, жамиятда тарқалган бирор ёмонликка бепарво бўлиш ўша ёмонликка ёрдам бериш ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда “ёмонликдан қайтариш”ни фойдага ёки зарарга ҳужжат деб баҳоланган.

Инсон мақсадлари йўлида доимо изланади. Бунинг учун энг зарури тинчлик ва осойишталикдир. Оиладаги ҳотиржамлик инсоннинг иш самарадорлигининг ошишига, оила мустаҳкамлигига асос бўлса, юртдаги тинчлик мамлакат тараққиётига, фаровонлигига замин яратади. Аллоҳ таоло бандаларини келишмовчиликни бартараф этишга, турли иллатлардан бир-бирларини огоҳлантириб қайтариб туришга, тинчликни сақлашга чақиради: Ҳужурот сурасининг  9 - оятида: "Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз!..", дейилган. Бугун турли ҳудудларда кенг тарқалган сиёсий, диний экстремизм, ақидапарастлик ва бошқа ёвуз оқимларнинг минтақамизга кириб келиши ва тарқалиши тинчлик ва осойишталикка, фарзандлар келажагига катта хавф туғдиришини одамлар онгига чуқур сингдириб бориш керак ва бу жараёнда барча зиёлилар қаторида имом хатибларнинг турли тадбирлар бўлсин, матбуот ва интернет тармоғида бўлсин илмий исботланган маълумотлар асосида кенг қамровли тарғибот олиб боришлари ниҳоятда долзарбдир. 

 Албатта,  бугун  Юртимизда  фаолият  олиб  бораётган  имомларимиз.  Улар  шу  замоннинг  дин  пешволари  ва  халқни  тўғри  йўлга  бошловчи  олимлардир.  Бу  иш  уларнинг  бугун  мамлакат  олдидаги  ва  Яратган  Холиқ  олдидаги  бурчларидир.       Зеро, бизларни бир дин, бир мазҳаб, бир Ватан жамлайди, юртимиз ва халқимиз равнақини сақлаб қолади. Бугунги кунда жамиятда бирор бир иллат тарқаладиган бўлса унга қарши барча чора – тадбирларни ишга солиб қаттиқ курашиш, хусусан, бу жараёнда матбуотда имомлар томонидан олиб бориладиган тарғиботларнинг ўрни ҳамда бундай жараёнлар омавий бўлиши лозимлигини янада чуқурроқ англаб етишимиз учун қуйидаги ҳадиси шарифни яхшилаб ўрганмоғимиз лозим бўлади. “Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан у киши Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қиладилар: “Аллоҳнинг ҳадди-чегарасида турганлар ва ундан чиққанларнинг мисоли худди бир кемадан қуръа орқали жой олган кишиларга ўхшайди. Уларнинг баъзиси кеманинг юқорисидан, баъзиси пастидан жой олдилар. Пастдагилар сувга ҳожатлари тушса юқоридагиларнинг олдидан ўтар эдилар. Улар, юқоридагиларга озор бермаслигимиз учун ўз улушимиздан бир жойни тешиб олсак қандоқ бўларкин, дедилар. Агар уларни истаклари ила қўйиб қўйсалар ҳаммалари ҳалок бўлурлар. Агар уларнинг қўлларидан тутсалар улар ҳам, бошқалар ҳам ҳаммалари нажот топурлар”. Имом Бухорий ривоят қилган.

Яхшиликка чақириш ва ёмонликдан қайтаришга динимиз катта эътибор қаратади. Чунки у ер юзидан кўтарилса, тўрт томонни жаҳолат чулғайди, ахлоқсизлик, зулм ёйилади. Шафқат, марҳамат, адолат барҳам топади. Бу амалнинг тарк этилиши оммавий ҳалокатга сабаб бўлади. Бугун ҳар биримиз бизни эзгуликка чорлаб, ёмонликдан қайтарган одамдан миннатдор бўлишимиз зарур. Абдуллоҳ ибн Масъуд айтади: “Аллоҳ таоло ҳузурида гуноҳларнинг энг каттаси бир киши бошқа бир кишига: “Аллоҳдан қўрқ ва тақво қил”, деганида, унинг: “Олдин ўзингни бил!” дейишидир”.

Ғуломжон Саттаров,
Наманган туман “ал-Масжидун Набавий” жоме

масжиди имом-ноиби

Related posts