Аллоҳнинг охирги дини Исломнинг ҳар замон ва ҳар маконга салоҳиятли эканини хозирги давримиз муаммоларини ҳал қилиш учун бўлаётган ҳаракатлар жараёнида яққол тушуниб олса бўлади.
Хусусан, сиз билан бизга ушбу сатрларда мавзуь бўлиб турган гиёҳвандлик масаласида бу масалани яққол тушуниб олса бўлади.
Бу ҳақиқатни минг турт юз йил аввал келган ояти карима ва ҳадиси шарифларни ўрганишимиз жараёнида яна ҳам чуқурроқ англаб оламиз.
Келинг, мазкур жараённи гиёҳвандликка қарши кураш ҳар барчанинг бурчи эканлигига далил бўладиган ҳадиси шарифни ўрганишдан бошлайлик.
Буюк муҳаддис Имом Бухорий ривоят қилган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг машҳур ҳадиси шарифларида:"Сиздан ким ёмон-мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин! Агар бунга қодир бўлмаса, бас тили билан ўзгартирсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса дили билан, ана ўша иймоннинг заифлигидандир", деганлар.
Мункар иш дегани, ёмон иш деганидир. Бугунги кунимизда гиёҳвандлик ёмон ишларнинг ҳам энг ёмонидир.
Ушбу ҳадиси шариф ҳукмига биноан гиёҳвандликка қарши кураш ҳамманинг бурчидир.
Биринчи навбатда имкони борлар учун мазкур кураш амалий равишда бўлиши керак. Бунга асосан, ҳукумат доиралари киради. Уларда бу мункар ишни қўл билан, яъни, амалий равишда ўзгартиришга ҳам ҳақ-ҳуқуқ ҳам имкониятлар бор. Зотан бу ишни қилиш уларнинг бурчлари ҳам. Айниқса, гиёҳвандликка қарши курашга масъул бўлган идоралар ва шахслар бу ҳақиқатни яхши англаб етмоқлар зарур. Улар бу ишда сусткашликка йўл қўйишлари мутлақо мумкин эмас.
Шунингдек, гиёҳвандликдек ёмон мункарга кўли билан қарши турадиганларга ушбу ёмонликни йўқ қилиш, олдини олишга оид барча ишларда ишлайдиган шахслар кирадилар. Уларнинг ичида гиёҳванд моддаларнинг чегарадан олиб ўтилмаслиги учун хушёр турган чегарачи ҳам, хийлa йўли билан гиёҳванд моддаларни олиб ўтишга уринганларнинг фош қилишда ташаббус кўрсатган божхона ходими ҳам, гиёҳвандларни даволаш билан масъул шифокор ҳам ва бошқа шуннга ўхшаш вазифаларни адо этаётган шахсларнинг барчаси ҳам кирадилар.
Гиёҳвандлик мункарини қайтаришнинг иккинчи даражаси, тил билан бўлади.
Қисқа қилиб айтилганда ушбу балога қарши тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб боришдир. Бу иш билан шуғулланадиганлар қаторига ахборот воситалари масъуллари ва ходимлари, ёзувчилар, зиёлилар, газетачилар ва уларга ўхшаш ишларда ишлайдиган кишилар кирадилар.
Албатта, мусулмон уламолар бу рўйхатнинг бошида турадилар. Уларнинг бу иш бўйича масъулиятлари ҳамманикидан кучли.
Гиёҳвандликка қарши курашда мазкур сохаларнинг соҳиблари билан бир қаторда ҳар бир инсон ҳам бирга бўлиши зарур. Бир оғиз сўз билан бўлса ҳам гиёҳвандликка қарши курашдек савобли ишга ҳар бир инсон ўз хиссасини қўшмоғи лозим.
Камолиддин Хамракулов,
Норин туман бош имом хатиби