Гиёҳвандлик – инсоннинг гиёҳванд моддага ўрганиб қолишига айтилади. Гиёҳвандлик Аллоҳ таоло инсонга ато этган жон, жисм ва акл неъматларининг заволи бўлиб Аллоҳнинг яратиш ҳикмати ва иродасига зид хатти-ҳаракатдир.
Гиёҳвандлик - бу бангилик, оғир хасталикдир, яъни у ёки бу наркотик моддаларга ёки кайф берувчи моддаларга ишқибозлик ва мойиллик хосил килишдир, яъни инсон ўз ихтиёри билан миясини захарлайди. Натижада ушбу ўта гуноҳ ва нотўғри йўлга қадам қўйган шахс ўзининг одамийлик қиёфасини йўкотади, ўзининг олийжаноб инсонийлик кўринишидан жудо бўлади.
Рухан носоғлом холга келади, касб-хунаридан махрум бўлиб қолади, оқибатда жиноий ишларга қўл уради, уғирлик қилади, ўзига ҳам бошкаларга ҳам бахтсизлик келтириб чиқаради.
Гиёҳвандликка мубтало бўлган киши атроф-мухитда бўлаётган воқеаларга бепарво бўлиб қолади. Унинг гирдобига тушган бемор нафақат ўз яқинлари балки юртини ҳам танимайдиган манқуртга айланади. Мана шунинг ўзиёқ гиёҳвадликнинг нақадар тубанликка олиб боришини англатади.
Гиёҳвандлик инсонга ҳар томонлама улкан зарар беради. Буни тиббиёт мутахассислари бир овоздан тасдиқлашмоқда.
Гиёҳвандлик оқибатида ўнлаб тузалмас касалликларга йўлиқиш, хотирани сусайтиради, бош, юрак, сил, истисқо хасталикларини юзага келтиради, бевақт ўлим холатлари, мажрух, ақли ноқис фарзандлар туғилиши исботланган. Бундан ташқари, бу зарарли иллат инсонни ўта ялқов, камғайрат, оилага бепарво, хамиятсиз, жинсий заиф қилиб қўяди, кўзни хиралаштиради, тишларни тўкиб юборади.
Гиёҳванд аввало Парвардигорга осий бўлиб, Пайғамбаримиз салаллоху алайхи васаллам хидоятларидан маҳрум бўлади. Энг оғири ҳам руҳан, ҳам жисмонан инсонийлик қиёфасини йўқотади. Шуни асло унутмаслигимиз лозимки, гиёҳванд моддани тажриба учун унинг кайфини синаб кўриш мақсадида, бир-икки марта истеъмол килиш, ҳеч нарса бўлмайди деб хавас қилиш, ўта хавфли ва ўта аклсизликдир. Зеро Аллоҳ таоло каломи шарифининг бир неча оятларида барчамизни огоҳлантириб айтадики: “Аллох сизларга ризқ килиб берган нарсаларнинг халол ва покларини тановвул килингиз ва ўзларингиз имон келтирган Аллохдан қўркингиз!”(Моида,88). “Ўз кўлларингиз билан ўзларингизни халокатга ташламангиз!” (Бақара,195).
Ҳазрати Расулуллох салаллоху алайхи васаллам бундай деганлар: “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир, ҳар бир хамр эса харомдир”. Бошқа хадисда: “Пайгамбар салаллоху алайхи васаллам хар кандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол килишдан кайтардилар”, дейилади.
Фатволарда келишича, Гиёҳванд моддаларни истемол қилиш, уни сотиш ва унинг тижоратидан келган фойда ҳам харом саналади. Таъкидлаш жоизки, гиёҳванд моддаларни ёшларимиз ичида тарқатаётганлар жамиятимизнинг ҳам динимизнинг ҳам душманлари бўлиб, уларнинг охиратлари барбод бўлади.
Юртимиз барча турдаги гиёҳвандликка карши изчил кураш олиб бормокда. Оммавий ахборот воситалари орқали дунёда “аср вабоси” деб ном олган гиёҳвандликнинг инсон соғлигига зарари ва унинг аянчли оқибатлари ҳақида баралла айтилмоқда ва кенг тушунтирилмокда. Шунинг учун ҳар биримиз келажагимиз бўлган фарзандларимизга ўқувчи ва талабаларимизга, махаллалардаги ёшларимизга бепарво бўлмайлик. Уларнинг тарбияси билан жиддий шуғулланишимиз, каерда, кимлар билан юрганидан, нима иш қилаётганларидан бохабар бўлишимиз даркор. Бир болага етти қўшни ота-она деган гап бор халкимизда, шундай экан азизлар, бола ўзимизни фарзандимизми ёки бегонаникими уларга эътиборли бўлайлик.
Халқимиз келажаги бўлган бу ёшларга уларнинг тарбияларига илм олишларига эътибор бериб, келажакда уларни халқ учун, миллат учун, ватан учун, муқаддас динимиз учун хизмат қиладиган бўлишларига харакат қилайлик.
Манбалар асосида таёрланди
Фазлиддин Салимов
Мингбулоқ туман “Мулла Тожи Аҳмад” жоме
масжиди имом хатиби