Жаҳолатга қарши маърифат

ГИЁҲВАНДЛИК АСР ВАБОСИ!

ГИЁҲВАНДЛИК АСР ВАБОСИ!

Ҳозирги кунда инсониятни ташвишга солаётган глобал муаммолардан бири гиёҳвандликдир. Обод ватанимизда бу жирканч иллатга қарши кескин чоралар кўрилиши хақида қонунларимизда белгилаб қўйилган. Гиёҳвандликка ружу қўйганлар қуйидаги иллатларга чалинадилар; 

Биринчидан гиёҳванд киши ўз соғлигидан айрилади. 

Иккинчидан уларнинг фарзандлари ногирон туғилади. 

Учинчидан оиласидаги бор бисотидан айрилиб, оилавий тинчлиги бузилади, оила порокандаликка юз тутади. 

Тўртичидан юрт ва жамият тинчлиги ва фаровонлигига катта зарар етказади. 

Бешинчидан алал оқибат манқуртга айланади ва тубсиз жарга қулайди, икки дунёда ҳам нажот топмайди. 

Бундай вазиятга тушишдан Аллоҳ асрасин. 

Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида “Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир” (Имом Бухорий ривояти) деб марҳамат қилинган. Ушбу ҳадиснинг мазмунидан англаш мумкинки, ҳар-бир маст яъни сархуш қилувчи нарсалар-гиёҳванд моддалар, спиртли ичимликлар, нос, сигарет кабиларнинг барчаси ҳаромдир. Гиёҳвандликнинг юқорида 5 та улкан зарарини санаб ўтдик. Бу нарсалар ароқхўрликка ҳам боғлиқдир. Гиёҳванд тубсиз жарликка қандай қуласа, ароқхўр ҳам шундай балога йўлиқишини ҳаётимизда кўплаб гувоҳи бўлганмиз. 

Нос, сигарет каби сархуш қилувчи нарсалар таркибида никотин моддаси борлиги сабабли киши соғлигига салбий таъсир кўрсатади. Бундай жирканч нарсаларни чекувчиларни тишлари тезда тўкилиб кетади, тез қариб қолади ва таҳотарли бўлиб юришга қийналади. Бундай кишиларнинг оғзидан ҳамиша бадбўй ҳид анқиб туради. 

Алломаларимиздан бири шундай деган экан: “Ўлдиргану ёр менинг бошим, оғзингнинг ҳидига йўқдир бардошим”. Алломанинг бу ёзган байтлари айнан сигарет ва нос чекувчиларга қарата айтилгани кундай равшан бўлиб турибди. Сўзимизнинг охирида шуни айтмоқчимизки, айрим ёмон одатларни ирода, одоб каби фазилатлар билан енгиб ўтиш мумкин. Лекин гиёҳвандлик, ароқхўрлик, кашандалик кишиларнинг ўзаро бирлашиб бу иллатларга қарши курашишларини талаб қилади. Шу обод ватанда яшаётган ҳар биримиз фарзандларимиз, ёшларимизни бундай жирканч иллатларнинг тўрига тушиб қолмаслиги учун огоҳ ва масъул бўлишимиз шарт. 

Бугунга келиб, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш бутун дунё бўйлаб муҳим соғлиқни сақлаш муаммоси бўлиб, миллионлаб одамлар гиёҳвандлик ва у билан бирга келадиган салбий оқибатлардан азият чекмоқда. Зеро, гиёҳванд моддаларнинг зарари кўп қиррали бўлиб, одамларга, оилаларга ва жамиятларга кўп жиҳатдан таъсир қилади. Гиёҳванд моддаларнинг асосий зарарларидан бири бу уларнинг жисмоний ва руҳий саломатликка олиб келадиган зараридир. Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш бир қатор соғлигимизга доир муаммоларга, жумладан юрак касалликлари, нафас олиш муаммолари, жигар ва буйракларнинг шикастланишига, руҳий тушкунлик, ташвиш ва психоз каби касалликларга олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш бахтсиз ҳодисалар, жароҳатлар ва руҳий касалликлар оқибатида инсон озини ҳалок қилаётганини гиёҳванд моддалар таъсирида ҳатто сезмай ҳам қолади. 

Бу аср вабосидан авлодларимизни асраш йўлида мамлакатимизда ҳам жуда кўплаб тадбир-чоралар кўрилмоқда. Давалатимизнинг бу соҳадаги чиқарган қарорларидан ташқари маҳаллий ахборот воситалари орқали ҳам унинг зарарли оқибатлари тўғрисида халқимиз огоҳлантириб борилмоқда. 

Гиёҳвандликка қарши кураш ҳаммамизнинг бурчимиздир. Бу қабиҳ ишни билгач, ўзини оиласини, яқинларини бутун инсониятни ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир киши гиёҳвандликка қарши курашда фаол бўлиши зарур. 

Гиёҳвандлик офатидан халқимизни ва келажак авлодни халос этиш ва уларни моддий ҳамда маънавий баркамоллик сари йўналтиришдек умуммиллий хайрли ишларимизда Аллоҳнинг ўзи ҳаммаларимизга мададкор бўлсин! 

Анвархон Садриддинов, 
Наманган шаҳар "Ҳазрати Лангар" жоме 
масжиди имом хатиби

Related posts