Ҳар бир инсон ўз фарзандини дунёдаги энг намунали, илмли ва маънавиятли бўлишини орзу қилади. Шунга эришиш йўлларини ахтаради. Бу йўлда тўғаноқ бўлган барча тўсиқларни енгиб ўтишга интилади. Аммо айрим оилаларда боланинг рисоладагидек инсон бўлиб етишувида тарбия биринчи восита экани эътибордан четда қолади.
Тарбияни қачондан бошлаш зарур экани ҳақида кўплаб манбаларда қимматли маълумотлар берилган. Эркак киши уйланар экан аввало ҳаёли, одобли, солиҳа қизни танлаши керак бўлади. Худди шундай, қиз бола ҳам турмушга чиқаётганда куёв боланинг яхши фазилатларга эга эканига қаноат ҳосил қилиши лозим. Чунки танланган инсон келажакда фарзандларнинг онаси ёки отаси бўлади.
Мўътабар манбаларда қайд этилишича, бола тарбияси уч босқичда амалга ошади. Биринчиси – муносиб жуфти ҳалол танлаш, иккинчиси – ҳомила давридаги парвариш, учинчиси – фарзанд дунёга келган кундан бошлаб бериладиган тарбия.
1. Турмуш қураётганда одобли ва салоҳиятли жуфт танлаш муҳимдир. Фарзанд тарбиясидаги энг муҳим бўлган бу босқич тўғри асосда амалга ошса, кейинги босқичлар ҳам ижобий натижа беришига замин яратилади.
Турмуш қурган киши Яратгандан солиҳ фарзанд тилайди. Қуръони каримда солиҳ фарзандни, авваламбор, у ҳали ҳомилага айланмай туриб дуода сўраш кераклиги ҳақида оят-ибратлар келган. Жумладан: «Ўша жойда Закариё Раббига илтижо қилиб, деди: «Раббим, менга (ҳам) ўз ҳузурингдан пок зурриёт ато эт! Дарҳақиқат, Сен дуони эшитгувчидирсан».«Оли Имрон» сураси 38 оят. Аллоҳ бу оятда ўз бандаларига пок ният ва юксак келажакни орзу қилиб, эртанги кун ворисини Ўзидангина сўрашни ўргатмоқда.
2. Фарзанд тарбиясининг иккинчи босқичи ҳомила даврида амалга оширилади. Бу босқичда аёлга ташқи жиҳатдан ва ўзи томонидан катта эътибор қаратиш талаб этилади. Бола туғилгунига қадар аёлга моддий-маънавий шароит яратиб берилиши керак. Фарзандни соғлом туғилиши учун уни барча оғир вазифалардан озод қилиш лозим. Ҳомиладор аёлни асабийлашишдан жуда эҳтиёт қилиш керак. Аёл кўп асабийлашса, мажбурий қийноқларга рўбарў қилинса, бола асаб касалликлари билан туғилиши тиббий жиҳатдан исботланган. Демак, ҳомиладор аёлга муносиб шароит яратиш билан, аслида туғилажак фарзандимизга яхшилик қилган, боламизни руҳий жиҳатдан асраган бўламиз.
3. Бола дунё юзини кўрган вақтдан бошлаб бериладиган тарбия. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): «Бирорта ота ўз фарзандига одоб-ахлоқдан афзалроқ мерос беролмайди», деб марҳамат қилганлар.
Тарбияда энг муҳим восита бу меҳр ва ширинсўзлик билан тарбиялашдир. Бу икки восита бир бўлиб, болани гўзал одоб ва чиройли тарбия соҳиби этиб шакллантиради.
Юнусхон Умаров,
Косонсой туман “Садпири Комил” жоме
масжиди имом хатиби