Рамазон 2025

ШАВВОЛ ОЙИДАН ОЛТИ КУН РЎЗА ТУТИШНИНГ ФАЗИЛАТИ

ШАВВОЛ ОЙИДАН ОЛТИ КУН РЎЗА ТУТИШНИНГ ФАЗИЛАТИ

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, бандаларига ҳар бир ойдан кўплаб ажру мукофотлар билан насибалантирган. Шаввол ойида олти кун рўза тутишлик мустаҳаб амаллардан бўлиб, бунга далил сифатида Имом Муслим ўзларининг «Саҳиҳи Муслим» асарларида Абу Айюб ал-Ансорийдан ривоят қилинган ҳадисда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: « Ким рамазон рўзасини тутиб, кетидан шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади » дедилар. Ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар жуда кўп бўлиб, улардан,

  1. Рамазон ойидан кейин келадиган Шаввол ойида олти кун нафл рўза тутишга тарғиб қилиш,

  2. Рамазон бўйи рўза тутиб юриб, Шавволда бирдан ўзини овқатга уриш ҳам яхши эмаслиги. Чунки табиблар ҳам очликдан кейин овқат истеъмолини аста-секинлик билан  кўпайтиришни тавсия қиладилар.

  3. Йил бўйи рўза тутганлик савобига эга бўлишлик.

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:   «Аллоҳ ҳар бир яхшилик учун ўн баробар миқдорида яхшилик тайинлади. Шундай қилиб бир ой рўза тутиш 10 ой рўза тутишдек, олти кун рўза тутиш эса   (60 кун рўза тутишга баробар бўлиб) ,   бир йилни ташкил этади»   (Имом Насоий, Ибн Можа ривояти). Уламолар бунга далил сифатида Аллоҳ таолонинг каломи шарифидаги: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)” оятини келтирадилар. (Анъом сураси, 160-оят)

Рамазоннинг 30 кунлик рўзаси, 300 кун кабидир. Шаввол ойидаги 6 кун эса, 60 кун кабидир. Шунда жами 360 кунга (1 йилга) тенг.

Ушбу улуғ ажрга эришиш учун Шаввол ойида 6 кун кетма-кет рўза тутиш шарт эмас. Уламолар айтишларича, ушбу рўза Шаввол ойи мобайнида тутилса кифоя қилади, деганлар.

Аллоҳ бизларни Ўзи яхши кўрадиган ва рози бўладиган амалларга муваффақ айласин. 


Авазбек Юсупов, 
Давлатобод тумани “Ғози Муҳаммад ҳожи” жоме  
масжиди имом-хатиби

Related posts