Таълим тарбия

ЁШЛАРИМИЗНИ ИЛМ-ФАНГА ЙЎНАЛТИРАЙЛИК

ЁШЛАРИМИЗНИ ИЛМ-ФАНГА ЙЎНАЛТИРАЙЛИК

Маълумки, Ислом дини инсонларни илм олишга кенг тарғиб қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган дастлабки оятларда ўқишга буюрилишнинг ўзи ҳам Ислом илму маърифат дини эканининг ёрқин далилидир. Аллоҳ таоло илмни қиёматгача бандалар учун маърифатга эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига етишиш воситаси қилди. Илмсизлик эса инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди. Инсонларни илм олишга ва шу орқали Парвардигорини танишга чақирди.  

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: طَلَبُ الْعِلْمِ فَرِيضَةٌ عَلَى
كُلِّ مُسْلِمٍ. (رَوَاهُ الامام ابْنُ مَاجَةَ(

яъни, Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бир мусулмон кишига илм талаб қилиш фарздир”», дедилар (Имом Ибн Можа ривояти).

Барчамиз ёш авлод таълим-тарбияси борасидаги давлатимиз олиб бораётган изчил ислоҳотларни амалга оширишда ўзаро ҳамжиҳатлик руҳида саъю ҳаракат қилсак, бу борадаги дунёқараш ва тасаввурларни тубдан ўзгартирсак, кўзланган мақсад ва натижаларга эришамиз. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

...إِنَّ اللَّهَ لَا يُغَيِّرُ مَا بِقَوْمٍ حَتَّى يُغَيِّرُوا مَا بِأَنْفُسِهِمْ)...    سورة الرّعد/١١(

яъни: “...Албатта, Аллоҳ бирор қавм ўзларидаги нарсани (неъматларга нисбатан муносабатни) ўзгартирмагунларича, улардаги нарсани (ҳолатни ёмон ҳолатга) ўзгартирмас...” (Раъд сураси, 11-оят)

Дунёда илм-фан шиддат билан ривожланмоқда, ҳар куни кашфиётлар қилинмоқда. Лекин шу кашфиётларнинг қанча қисми мусулмонлар ҳиссасига тўғри келмоқда? Афсуски, бу нисбат жуда кам бўлиб, бизни огоҳликка, илм-фан билан жиддийроқ шуғулланишга ундайди. Ваҳоланки, тарихда мусулмон олимлари дунё халқларига кўплаб кашфиётларни тақдим этганлар. Кашфиётларнинг кўпи аниқ фанларга тўғри келган, яъни математика, геометрия, астрономия, физика, кимё ҳамда тиббиёт фанлари ривожланган.

Бугунги кун ёшларига жуда кўп имкониятлар яратиб берилган. Ёшларимиз бу имкониятлардан оқилона ва тўғри фойдаланишлари лозим. Лекин, минг афсуслар бўлсинки, баъзиларнинг фарзандлари, хоссатан, мактаб ёшидагилар вақтларининг аксарини интернет ва компьютер ўйинлари (playstation) клуб­ларида ҳар хил ножўя ўйин ўйнаб, инсоннинг қалби ва имонига зарар келтирадиган расм ва видеоларни томоша қилиб, тўғри йўлдан адаштирувчи нотаниш кишилар билан алоқа ўрнатиб, умрларининг олтин даврини зое қилмоқдалар. Ваҳоланки, бу даврда вақтнинг қадрига етиш, ундан унумли фойдаланиш лозим.

عَنْ الْحَسَنِ الْبَصْرِيِّ: الْعِلْمُ فِي الصِّغَرِ، كَالنَّقْشِ فِي الْحَجَرِ

яъни: Ҳасан Басрийдан ривоят қилинади. У зот: «Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, деганлар.

 Шукруллоҳ Турусунов,
Наманган шаҳар “Абу Ҳанифа” жоме 
масжиди имом-хатиби

Related posts