Жаҳолатга қарши маърифат

ЁШЛАР МАЪНАВИЯТИ ВА ЁТ ҒОЯЛАРГА ҚАРШИ МАЪНАВИЙ КАЛҚОН

ЁШЛАР МАЪНАВИЯТИ ВА ЁТ ҒОЯЛАРГА ҚАРШИ МАЪНАВИЙ КАЛҚОН

Ҳозир — ахборот ва глобаллашув асри. Бу даврда инсоният учун катта имкониятлар очилиш билан бирга, турли хил ёт ғоялар ва хавф-хатарлар ҳам юзага келмоқда. Афсуски, турли ғаразли оқимлар, аввало, ёшлар қалби ва онгида бўшлиқ пайдо бўлганда ўз таъсирини ўтказишга уринади. Агар ёшлар қалби Ватанга муҳаббат, миллатга садоқат ва соғлом маърифат билан тўлган бўлса, уларга ҳеч қандай ёт ғоя таъсир қила олмайди. Ана шундай эзгу ва бирлаштирувчи ғоялардан бири — «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» деган шиордир.

Бу шиор орқали ёшлар ўз ҳаётининг аниқ мақсади, масъулияти ва тўғри йўналишини англаб этади. Ватан — инсоннинг энг муқаддас маскани, унинг маънавий илдизи, ҳаёти ва тақдиридир. Радикал ва бузғунчи оқимлар эса, аксинча, ёшларни ўз юрти ва ахлоқий қадриятларидан узоқлаштириш, уларда Ватан тақдирига нисбатан бефарқлик уйғотишга ҳаракат қилади. Кимки ўз Ватанини самимий севса, унинг тинчлиги ва тараққиёти учун қайғурса, ҳеч қачон уни парчалашга ёки пароканда қилишга қаратилган ёт ғояларга эргашмайди. Чунки у бу йўл ота-онаси, аждодлари қолдирган муқаддас мерос ва омонатга хиёнат эканини чуқур англайди. Шу боис тарбия жараёнида ёшларга фақат назарий билим бериб қолмай, балки амалда ҳам Ватанга хизмат қилишнинг асли мазмуни ва одоби ўргатилиши лозим.

Миллатга садоқат — ҳамжиҳатлик ва жамият жонкуярлиги омилидир. У миллат истиқболи ҳар бир ёшнинг шахсий тақдири билан узвий боғлиқ эканини кўрсатади. Бу туйғу ёшларни миллатни асраб-авайлашга, унинг фан ва ахлоқдаги қудратини оширишга, чуқур билим олишга, ҳалол тадбиркорликка ва жамиятга манфаат келтиришга ундайди. Халққа хизмат қилишнинг энг олий намунаси — замон билан ҳамнафас бўлиб билим олиш, ҳалол меҳнат қилиш ва эзгу ташаббуслар билан майдонга чиқишдир. Бундай маърифатли ва банд ёшлар ҳеч қачон мақсадсиз ва хатарли оқимларга қўшилмайди.

Бу шиор — ёшларнинг қалби ва онгида Ватан тақдири, миллат истиқболи ҳамда халқ фаровонлиги учун масъулият туйғусини уйғотувчи мустаҳкам маънавий қўрғондир. Бугунги кунда ёшлар тарбиясида турли ёт ва бузғунчи ғояларга қарши энг кучли ва таъсирчан маънавий восита — китоб ва фойдали илм ҳисобланади. Китоб ўқиган инсоннинг дунёқараши кенг, тафаккури теран бўлади; у оқни қорадан, маърифатни жаҳолатдан ажрата олади.

Агар ёшлар онгида китобхонликка ва илмга бўлган қизиқиш чуқур мустаҳкамланса, уларнинг ҳар бири ўз ҳаётини аниқ ва эзгу мақсадлар йўлига бағишлайди. Бу эса Ватан тараққиёти, миллат бирлиги ва халқ фаровонлиги учун энг ишончли замин яратади. Демак, ушбу эзгу ғояларни таълим ва тарбия жараёнида, оила ва маҳаллада ёшлар онгига сингдириш — давримизнинг энг долзарб ва масъулиятли вазифаларидан биридир.

Яратган барчамизнинг она Ватанимизга бўлган муҳаббатимиз ва эътиборимизни бундан-да зиёда айлаб, ёшларимизни илм-маърифат ва ҳидоят йўлида собитқадам қилсин!

Кенжабек Солиев,

Чуст тумани «Ғойиб Эронлар» жоме 
масжиди имом-хатиби

Related posts