Аёллар саҳифаси

ЭР ХОТИНИНИНГ УРУШИ – ДОКА РЎМОЛНИНГ ҚУРИШИ

ЭР ХОТИНИНИНГ УРУШИ – ДОКА РЎМОЛНИНГ ҚУРИШИ

Исломда эр-хотин муносабатлари ўзаро муҳаббат ва меҳрибонлик асосига қурилади. Аллоҳ айтади:"Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани (ҳам) Унинг оят-белгиларидандур. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят белгилар бордир" (Рум:21).

Қуръон эрни келишмовчилик пайтида ҳам хотинига яхши муомала қилишга ва унинг ижобий сифатларини ҳурматлашга буюради. Парвардигори олам айтади: Улар ила яхшиликда яшанг. Агар уларни ёқтирмасангизда, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшилик қилса .

Аёл уйда эрнинг раҳбарлигини тан олиб, унга итоат қилиши лозим. Лекин эр ҳам хотинига нисбатан ҳурмат кўрсатиши, ўрталарида жанжал чиқадиган бўлса, уни тинч йўл билан ҳал қилиши керак. Эр-хотин аввало оиладаги ҳурматли, катталарга маслаҳат олиш учун мурожаат қилишлари лозим.

Қуръони карим оятларида, ҳолатни жазолаш ислоҳ қилади, деган ишонч қатъий бўлсагина қайсар хотинни тўғри йўлга солиш учун энг сўнгги чора сифатида енгил жазолаш мумкинлиги айтилади. Лекин жазолаш муносабатни янада ёмонлаштирадиган бўлса, уни ўзига ва оиласига мусибат бўлишини сезса, жазолашдан сақланиш лозим. 

Бу борада жуда аниқ кўрсатма беради: "Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларини сарфлаганлари учун эркакларни аёлларга раҳбардирлар. Солиҳа, эрларига итоаткор ва улар йўқлигида молларини Аллоҳ муҳофасаида асровчи аёллар хотинларнинг яхшиларидир. Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, олдин уларга насиҳат қилинглар, сўнгра ётоғини алоҳидаланглар ва сўнг уларни уринглар... Агар улар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ эр-хотин ўртасига тотувлик солади."(Нисо:34-35).

Бу мавзудаги оятларни жамлаб туриб бир умумий хулоса чиқарган ҳолда амал қилиш лозим. Қуръон ҳеч қачон шафқатсизликка чақирмайди ва унга рухсат ҳам қилмайди. Бу оятлар бизга оилавий муносабатларни ниҳоятда эҳтиёткорлик ва ақл билан ҳал қилишни тавсия қилади. Арзимас  баҳоналар билан жанжал чиқариб аёлини дўппослаётган “эркаклар” ўзларига далил қилиб олаётган "Уринглар" сўзи – жисмоний куч ишлатиш, жисмоний азоб беришни билдирмайди, чунки Пайғамбар сав "уринглар" сўзини "зорбан ғойра мубориҳ" яъни "енгил из қолдирмайдиган шапатилаш, туртиш" деб тафсир қилганлар, шунингдек юзга уриш мумкин эмаслигини қўшимча қилганлар. Кўп олимлар бунда енгил уриш мисвок (тиш чўткаси) билан енгил туртишдир, дейишади. 

Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, ана шундай нодон эркаклар сабабли юртимизда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу борада хотин қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш  мақсадида “Ҳимоя ордери” тизими жорий қилинди. “Ҳеч ким меҳр, эътибордан четда қолмайди” тамойили асосида 900 мингга яқин хотин қизларга ижимоий-иқтисодий, тибббий, ҳуқуқий вапсихологик ёрдамлар кўрсатилди. 

Пайғамбар алайҳиссалом аёлларни уришдан доимо қайтарар эдилар ва  эркакларнинг энг яхшилари хотинларини урмайдиганлари, дер эдилар. Хотинини урган кишига норозилик билдириб: "Қандай қилиб ўз хотинини туянинг боласидек уриб, яна бирга ётиш мумкин" - деганлар (ал-Бухорий).

Азизлар юқоридаги ояти каримадан тўғри хулоса чиқарадиган бўлсак, бу ерда уришга чақирилмаяпти, балки Пайғамбармиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам таъкидлаганларидек  уришни ва хотинга жисмоний жазо беришни ман қилиняпти.

Аслида беайб инсоннинг ўзи йўқ, шундай экан оилада эр ва хотин бир бирини тўлдириб, бирини айбини иккинчиси беркитиб яшашлари лозимдир. Баъзан эр, баъзан хотин сабр қилса, ўзини тийса олам гулистон бўлар эди. Мақолда айтилганидек "эр хотинининг уруши – дока  рўмолнинг қуриши" бўлар эди.

Манбалар асосида тайёрланди 
 Адҳамжон Абдураҳмонов, 
Поп тумани “Кичик Хўжаобод” жоме  
масжиди имом ноиби

Related posts