Жамият аъзоларига муносабат

ДИНИМИЗДА КАМБАҒАЛЛИКДАН ФАРОВОНЛИК САРИ

ДИНИМИЗДА КАМБАҒАЛЛИКДАН ФАРОВОНЛИК САРИ

Ислом дини фақат ибодатлар билан чекланиб қолмай, балки инсоннинг ҳар томонлама ривожланишини, моддий ва маънавий фаровонлигини ҳам тарғиб қилади. Қуръон оятлари ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида камбағаллик, унинг сабаблари ва ундан чиқиш йўллари батафсил баён қилинган. Ислом инсонни фақирликка таслим бўлиб яшашга эмас, балки меҳнат қилиш, билим олиш ва ризқ учун ҳаракат қилишга чақирган.

 

Камбағаллик ва унинг диндаги таърифлари .

 

Исломда камбағаллик (фақирлик) икки хил бўлади:

 

1. Моддий камбағаллик (фақирлик): инсонда етарли мол-мулк бўлмаслиги.

2. Руҳий камбағаллик: Аллоҳга бўлган таваккул ва шукрнинг етишмаслиги.

Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар:

 «Ҳақиқий бойлик мол-мулк кўплиги эмас, балки қалб бойлигидир.»  (Бухорий ва Муслим ривояти)

Бу ҳадис инсонни маънавий бойликка, шукр ва қаноатга даъват этади. Аммо бу, албатта, моддий ҳаракатдан узоқлашиш дегани эмас.

Исломда фаровонликка эришиш йўллари .

1. Меҳнат қилиш — ибодат даражасида .

Қуръонда шундай марҳамат қилинади:

 «Инсон учун фақат ўз меҳнатига яраша мукофот бор.» (Ан-Нажм сураси, 39-оят)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларига ҳам ишлашни, қўл очиб яшашни эмас, касб-ҳунар эгаллашни тарғиб қилганлар. Бир ҳадисда айтилади:

 «Қўли билан меҳнат қилиб топган ризқ энг ҳалол ризқдир.» ( Имом Аҳмад ривояти)

2. Таваккул — ҳаракатдан сўнг Аллоҳга ишониш

Исломда таваккул — фақат дуо қилиб, ишсиз ўтириш эмас, балки аввал ҳаракат қилиш, сўнгра натижани Аллоҳга топширишдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

 «Агар сизлар ҳақиқий маънода Аллоҳга таваккул қилган бўлсангизлар, у ҳолда У Зот сизларни қушларни ризқлантиргани каби ризқлантирар эди. Улар эрталаб оч чиқиб, кечқурун тўқ қайтишади.»  (Ибн Можа ривояти)

3. Садақа ва закот — жамиятда барқарорлик манбаи

Исломда бойликнинг табақалашуви олдини олиш учун закот ва садақа каби ибодатлар жорий қилинган. Бу ибодатлар камбағалларни қўллаб-қувватлаш, жамиятда тенглик ва барака сабабидир.

Қуръонда шундай марҳамат қилинади:

«Закот уларнинг молларини поклайди ва уларни ҳар томонлама юксалтиради.»

(Тавба сураси, 103-оят)

 

4. Қаноат ва шукр — фаровонликка руҳий тайёргарлик

Ҳақиқий фаровонлик кўпчилик эмас, шукр қилишдир.

Қуръонда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Агар шукр қилсангиз, Мен сизларга янада кўпроқ бераман.»(Иброҳим сураси, 7-оят)

Хулоса.

Ислом динида камбағалликдан фаровонлик сари ҳаракат қилиш — ибодатдир. Меҳнат қилиш, ҳалол ризқ топиш, илм олиш, закот бериш, шукр қилиш каби амаллар инсонни нафақат моддий, балки маънавий жиҳатдан ҳам юксалтиради. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларига назар ташласак, у зот ҳам ўз меҳнатлари билан рўзғор топганлар ва саҳобаларни ҳам шунга чақирганлар.

Камбағаллик — охири келмайдиган ҳолат эмас. Ислом инсонни доимо ҳаракатда, иродали ва мақсадга интилувчи шахс сифатида тарбиялайди. Демак, ҳар бир мусулмон «камбағалликдан фаровонлик сари» йўлни имон, амал ва ҳаракат билан босиб ўтиши керак.

 

Абдулвоҳид Исақов, 
Наманган шахар Мирёқуббой Мирҳакимбой жоме

масжиди имом хатиби

Related posts