Жаҳолатга қарши маърифат

ДИНДА ҲАДДАН ОШГАНЛАР — АДАШГАНЛАРДИР!

ДИНДА ҲАДДАН ОШГАНЛАР — АДАШГАНЛАРДИР!

«Ғулув» — арабча сўз бўлиб, «чегарадан чиқиш ва меъёрдан ошиш» деган маъноларни билдиради («Лисон ал-араб», «Тож ал-арус» луғат китоблари). Исломда «ғулув» дин таълимотини талқин қилишда ҳаддан ошишни англатади.

Ғулувга бориш фақат илмий ва амалий масалаларга хос бўлмай, балки ояти карима тафсирларида шариат мақсадларига зид фикрларни баён қилишда ҳам бўлиши мумкин. Масалан, ояти карималар тафсирини бирор фикр ва ғояга мослаштиришга уриниш кабилар ҳам динда ғулувга кетиш ҳисобланади. Диндаги ғулувга кетишнинг энг ёмон тури — етарли илми бўлмаса-да, Қуръонни ўзича тушунишдир. Бундан ташқари, ҳадисларга ўзича амал қилиш ва тўрт мазҳабдан бирортасига қатъий эргашмасликдир.

Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради:

«Айтинг: “Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошмангиз ва олдинроқ адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз!”» (Моида сураси, 77-оят).

Динда чуқур кетмаслик ҳақида Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Аллоҳ таоло шариатида чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар», деб уч марта айтишлари орқали динда ҳаддан ташқари зиёдалик қилиш инсонни ҳалок қилиш билан тенг эканлигидан огоҳлантирмоқдалар.

Ҳаромни ҳалол деб билиш, гуноҳкор кишини кофирга чиқариш, Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарсаларни бирон-бир шаръий далилсиз, масалан, қошиқ билан таом истеъмол қилишни ёки соат тақишни ножоиз деб билиш кабилар ҳам динда ғулувга кетиш ҳисобланади.

Ким Аллоҳ таолога У Зотнинг Ўзи жорий қилган шариатдан бошқа йўл билан қурбат ҳосил қилишга ҳаракат қилса, шубҳасиз, адашган бўлади.

«Билингизки, ораларингизда Аллоҳнинг Пайғамбари бордир. Агар у кўп иш(лар)да сизларга бўйсунса, албатта, сизлар машаққатларга дучор бўлур эдингиз» (Ҳужурот сураси, 7-оят).

Динимиз дунёдан юз ўгириб, бутунлай ибодатга берилишдан қайтаради. Чунки саҳобалар розияллоҳу анҳумдан уч нафари насороларнинг роҳибларига ўхшаб дунёдан бутунлай узилишни ирода қилиб, улардан бири кечанинг ҳаммасини бедор ўтказишни, иккинчиси доимо рўза тутиб юришни ва учинчиси аёллардан узоқда бўлишни назр қилганида ва бу гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етганида, у зот уларни чақириб, қилган ишларини инкор этганлари ва:

«Огоҳ бўлинг! Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг кўп қўрқадиганингизман, Унга энг кўп тақво қиладиганингизман. Аммо рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ўқийман, ухлайман ҳам. Аёлларни никоҳимга ҳам оламан. Ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас», деганлари бунга далилдир (Икки Шайх ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари — киши бу дунёдаги ўз насибасини ҳаддан ошмасдан олишидир. Аллома Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ ғулувга: «Бирор нарсада муболаға қилиб, унда қаттиқлик қилишдир», деб таъриф берган. Имом Нававий эса ғулувни: «Шариатда талаб этилган нарсага қўшимча киритиш», деб атаган.

Абдулкарим Юнус Хатибнинг таърифи қуйидагича: «Динда ғулувга кетиш мусулмон жамиятида ихтилоф ва гуруҳбозликка, фитнага ва охир-оқибат ақиданинг бузилишига олиб келади. Ислом тарихида хавориж, мўътазила ва бошқа оқим, тоифаларнинг вужудга келиши ҳам, асосан, динда ғулувга кетиш оқибатида содир бўлган. Айни вақтда, ғулувга берилганлар динни ўта оғир ва машаққатли тушунтирганлари боис одамлар тўғри йўлдан адашиб, ундан безиб қоладилар».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ғулув масаласида қуйидаги ҳадисни айтганлар:

«Динда ғулувга кетишдан сақланинглар. Сизлардан олдингиларни динда ғулувга кетишдан бошқа нарса ҳалок қилган эмас» (Имом Насоий, «Сунан», «Маносиклар китоби», 5/278).

Жумҳур уламолар динда ғулувга кетиш оқибатида юзага келадиган оғир зарарлар сифатида қуйидагиларни қайд этишган:

  • Аллоҳдан узоқлаштиради;

  • Дўзахни вожиб қилади.

Мазҳаббошимиз Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ: «Мусулмон кишини бир гуноҳни қилгани билан, ўша гуноҳни ҳалол санамаса, уни кофирга чиқармаймиз», деганлар.

Камолиддин Ҳамрақулов,
Норин тумани «Ҳаққулобод» жоме 
масжиди имом-ноиби 

Related posts