Жамият аъзоларига муносабат

ДЕХҚОНЧИЛИК ФАЗИЛАТИ

ДЕХҚОНЧИЛИК ФАЗИЛАТИ

Динимизда деҳқончилик, ерни обод қилиш масаласига алоҳида эътибор берилган. Деҳқончилик улуғ, фазилатли амалдир. Кўплаб ояти карималарда боғлар ва далаларнинг ҳосили Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси билан етилиши баён этилган. Бу эса деҳқон ва боғбонларнинг меҳнати Аллоҳнинг остида эканига ва Аллоҳ таоло уларга кўмакчилигига далолат қилади. Зеро, деҳқончилик улуғ ибодатлардан саналади. Чунки деҳқончиликка назар солинса, бу касб инсоннинг қалбини Аллоҳ таолонинг тоатига яқин қилади. Деҳқон одам уруғни экади. Осмондан ёмғир ёғишини Аллоҳ таолодан сўрайди. Сўнг, ўша эккан уруғидан ўсимлик униб чиқишидаги Аллоҳ таолонинг қудратига гувоҳ бўлиб туради.

Бу билан деҳқонда икки сифат – Аллоҳга иймон ва таваккал жамланган бўлади. Чунки, деҳқончиликда, бошқа касблардан кўра таваккал кўпроқ бўлади. Ерга уруғ экилди, энди қолгани Аллоҳдан, деҳқон одам шунга таваккал қилади. Қалби Аллоҳ таолога доим боғланиб туради. Шунинг учун ҳам баъзи уламоларимиз деҳқончиликни энг афзал касб деганлар.

Ер юзида экин экиш, деҳқончилик қилиш ризқ топишнинг энг яхши воситадир. Инсон ҳалол ризқ талабида касб қилиши, унинг азизлигини зиёда қилади.

Молик ибн Динор раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:

Тавротда: “Қўл меҳнати меваларидан ейдиган кимсага тубо бўлсин”, дейилганини ўқидим деганлар. Тубо дегани жаннат исмларидан бири ёки жаннатдаги бир дарахт ёки хурсандчилик, кўз қувончи дейилган. Тавротда қўл меҳнати орқали ризқ талаб қилган бандага ана ўша тубо ваъда қилинган экан.

Аллома Мовардий розияллоҳу анҳу айтадиларки: “Инсоннинг тирикчилиги уч нарсага боғланган бўлади: деҳқончилик, тижорат ва ҳунармандчилик. Менинг наздимда деҳқончилик энг покизаси ва энг афзалидир”.

Чунки деҳқончиликда Аллоҳ таолога таваккал қилиш кўпроқ бўлади ва ер юзидаги инсонлар ва бошқа жонзотлар ризқига сабаб бўлиш бўлади. Шу сабабдан энг афзал касб ҳисобланади. Бундан ташқари ер юзида кўкариб турган дарахтлар борки, Аллоҳ таолога сажда қилади, ўз холи, тили билан тасбеҳ айтади. Қуръони Каримда Аллоҳ таоло бу ҳақида бундай марҳамат қилади:

“Ўт ўлан ҳам, дарахтлар ҳам сажда қилурлар” (Ар Раҳмон, 6 оят).

Ким кўчат, дарахт экса, ер юзида Аллоҳ таолога сажда қиладиган дарахт сонини кўпайишига сабаб бўлган бўлади.

Динимизда дарахт экишнинг фазилатларидан бири шуки, дунёда солиҳ амаллар қилган мўъмин бандага жаннатда унинг учун мукофот тарзида дарахт экилишидир.

“Жобир р.а.дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кимки “Субҳаналлоҳил аъзим ва биҳамдиҳи” деса, жаннатда у учун хурмо (бир ривоятда дарахт) экилади”.

Дарахт экиш жуда улуғ ишки, нафақат дунёда балки жаннатда ҳам экилади ва бу банданинг солиҳ амалига жаннатда мукофот тарзида берилади.

Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини кўчат, экин экишга шу даражада тарғиб қилдиларки, ҳатто, қиёмат қоим бўлиш арафасида бўлсаям, имкон қилолса кўчатни экиб қолишга буюрдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: إِЯъни: “Агар қиёмат қоим бўлишни бошласаю, бирингизнинг қўлида ниҳол кўчат бўлса, қиёмат қоим бўлишдан олдин уни экишга қурби етса, бас, шундоқ қилсин”, деганлар

 

Одилхон Абдураҳманов,
Наманган шаҳар “Абдулқодир қори” жоме 
масжид имом ноиби

Related posts