Саҳл ибн Абдуллоҳ ат-Тустарий айтадилар: “Одамлар ўзларининг раҳбар ва олимларини ҳурмат қилишда бардавом бўлсалар, Аллоҳ уларга фаровонлик ва тинчликни ато этиб қўяди. Акс ҳолда, улар мазкур неъматлардан маҳрум қилинадилар”.
Бемазҳабларнинг “бир мазҳабни лозим тутиш ҳаром, балки мазҳаблардан баъзида унисига ва базида бунисига эргашиб, улардан Қуроън ва Суннатга энг яқинроғига амал қилса бўлади” деган гаплари ҳам бор, бунга қарши далил сифатида аллома Зафар Аҳмад Усмонийнинг “Эълоус-сунан” номли китобидан қуйидагиларни эътиборингизга ҳавола қилишни лозим топдим: “Муайян мазҳабни лозим тутиш ҳақидаги таҳқиқ: “Ҳақийқатни айтганда динда иқтидо қилинадиган имомларнинг барчалари мустақийм ҳидоятдадирлар. Уларнинг мазҳабларидан қай бири бир юртда тарқалган бўлса ва унинг уламолари кўп бўлса, оммий – ижтиҳод даражасига этмаган киши учун ўша мазҳабга эргашмоқ вожиб бўлади. Унга ўз юртида мазҳаби тарқалмаган ва уламолари кўп бўлмаган имомнинг мазҳабига эргашмоқлик жоиз емас.
Чунки, бундай ҳолатда мазкур мазҳабнинг барча ҳукмларини ўрганиш имкони бўлмайди. Буни яхши фаҳм этинг. Иншааллоҳ, ҳақийқат бундан бошқада эмас.
Агар юртлардан бирида барча мазҳаблар тарқалган ва машҳур бўлган бўлса, ҳамда ҳар мазҳабнинг уламолари ҳам етарли бўлса, оммийга истаган мазҳабига эргашиш жоиз бўлади. Унинг учун барча мазҳаблар баробар бўлади. У муайян мазҳабни тутмасдан, мазҳабларнинг уламоларидан, бир сафар биридан, иккинчисида бошқасидан фатво сўраса, жоиз. Салафи солиҳ розияллоҳу анҳум шундай қилганлар. Фақат, шарт шулки, бир амалда икки мазҳабдан “талфиқ” қилмасин, ҳавойи нафсига эргашиб фақат рухсатларнинг ортидан тушмасин. Чунки бундай қилиш далил ва ижмо ила ҳаром қилингандир”.
(“Талфиқ” бир масалада икки мазҳабдан енгил нарсани жамлаб олишдир. Мисол учун, бир таҳоратли одамдан қон чиққанда, Шофеъий мазҳаби бўйича, “таҳоратим синмади” деб, бироздан сўнг номаҳрам аёлга қўли тегса, Ҳанафий мазҳаби бўйича, “таҳоратим кетмади” дейиши.)
“Бир мазҳабдан иккинчи мазҳабга ўтиш ҳақидаги таҳқиқ: “Ҳанафийлардан “Жомеъул фатавий” нинг соҳиби айтади: Ҳанафийга Шофеъий мазҳабига ўтиш жоиздир. Акси ҳам шундай. Аммо ўтиш бирйўла бўлиши шарт.
Биргина масалада ўтиш мумкун эмас. Мисол учун, ҳанафийнинг баданидан қон чиқса ва оқса, таҳорати синади ва уни ювмасдан туриб, таҳорат олмайди, бу масалада шофеъий мазҳабини тутиб намоз ўқиши жоиз эмас. Чунки, таҳорат ва намознинг бошқа ҳукмларида Шофеъий мазҳабига амал қилмаган.
Баъзилар, оммий одам ҳанафий бўладими, шофеъий бўладими бир мазҳабдан бошқасига ўтиши мумкун эмас, деганлар”.
“Хулоса қилиб айтадиган бўлса, бу замонда бир мазҳабга эргашиш вожибдир. Оммий бўладими, фақиҳ бўладими, бошқа мазҳабга ўтиши мутлақо ман қилинади. Аммо мужтаҳид ёки мужтаҳид каби бўлса, майли. Бу асрда мазкур мансабни ким ҳам даъво қила олар эди?! Бир вақтлар Ибн Жарир Тобарий даъво қилганда, қабул қилмаганлар. Суютий даъво қилганда ҳам, рад қилганлар”.*
Ихтилофларнинг олдини олиш мақсадида фиқҳий мазҳабларнинг Қуръон ва Суннат доирасида қилган ижтиҳодларини қайта қўзғаб “қани, кўрайлик-чи, кимнинг далили кучли экан” қабилида иш тутиш ҳам ман қилинган. Ҳатто баъзи бир кишилар илмда юқори даражаларга эришиб, мазҳабларнинг далилларини солиштириб, кучлисини кучсизидан ажратадиган даражага етса ҳам, ўзи учун фатво чиқариб олса, майли-ю, кўпчиликни бошини айлантириб, ихтилоф чиқаришга сабаб бўлмасин.
Бемазҳабларнинг ҳозирги кундаги номи “Салафийлик”дир. Яъни улар: “Биз Салафи солиҳларга эргашамиз, мазҳаб эса Салафларнинг давридан кейин пайдо бўлган” дейишади ва тўрт мужтаҳид мазҳаббошиларга ҳар-хил беҳаё сўзлар билан уларни ҳақорат қиладилар.
Нуриддин Хамрақулов,
Учқўрғон тумани “Саттибой халфа” жоме
масжиди имом-ноиби