Жамият аъзоларига муносабат

ҲАҚИҚИЙ МОЛИКНИНГ НАЗАРИ ҚАНДАЙ БЎЛАРКИН?!

ҲАҚИҚИЙ МОЛИКНИНГ НАЗАРИ ҚАНДАЙ БЎЛАРКИН?!

Аллоҳ фарз қилган ҳаж ибодатини адо этишга моли ва қудрати етган кишилар боради.  Байтуллоҳга қалблари муштоқ инсонларнинг ҳоллири қандай бўлган?  Фақирлик ва машаққатга қарамай, Ҳарам тупроғиги етишиш йўлида қандай қурбонликлар  қилишган?  

  Ҳотим  ул -Асом солиҳ кишилардан бўлган.  Бир йили  ҳажга қалбан қаттиқ истади.  Лекин унда на ҳажга боришга, на оиласига қолдиришга нафақаси бор эди. Ҳаж мавсуми яқинлашганда қизи уни маҳзун, йиғлаган ҳолда кўрди.  

Отасига:  

- Сизни нима йиғлатди, отажон?!- деди.  

Ҳатим:  

- Ҳаж мавсуми келди...- деди.  

Қиз:  

- Нега ҳажга кетмаяпсиз?!- деди.  

Ҳатим:  

- Нафақа йўқ!- деди.  

Қиз:  

- Аллоҳ беради!- деди.  

Ҳатим:  

- Сизларнинг нафақангиз- чи?!- деди.  

Қиз:  

- Бизга ҳам Аллоҳ беради,- деди.  

Ҳатим:  

- Бу ишни онанг ҳал қилади,- деди.  

Қиз онаси билан гаплашди.  Охири ҳаммалари:  

- Ҳажга бораверинг, ризқимизни Аллоҳ беради,- деб рози бўлишди.  

Ота уларга уч кунлик нафақани қолдириб, ўзи озгина мол билан ҳаж сафарига отланди.  

Карвон ортида ўй суриб бораркан, шу пайт карвонбошини чаён чақиб олди.  Карвондагилар:  

- Ким йўлбошчимизни ўқиб даволайди? -деб сўрашди.  

Ҳатим уни даволади.  

Карвонбоши:  

-Унинг бориш ва қайтиш нафақаси менинг зиммамда!  -деди.  

Шунда Ҳатим:  

- Аллоҳим!  Бу менга қилган тадбиринг!  Энди аҳли оиламга қиладиган тадбирингни  ҳам кўрсат!   - деб дуо қилди.  

Уч кун ўтгач,  оиланинг нафақаси тугаб, очликдан қийнала бошладилар. Қувониб ўтирган қизга маломат қилиб:  

-Очликдан ўлай деяётган бир пайтимизда нега куласан?  -дейишди.  

Қиз:  

- Отамиз ризқ берувчими ёки ризқ егувчими?!- деб сўради.  

Оиласидагилар:  

- Ризқ егувчи,  албатта. Ризқни  фақат Аллоҳ беради!- дейишди.  

Қиз: 

- Шундай экан, ризқ егувчи кетиб, ризқ берувчи қолди!  -деди.  

Шу йўсинди туришганида эшик таққиллади.  

Улар:  

- Ким деб сўрашди.  

Эшик ортидаги киши:  

- Амирал мўминин сизлардан сув сўраяптилар!- деди.  

Уларнинг изни билан идишни сувга тўлдириб, олиб кетишди.  Халифа сувни ичганида олдин топмаган бир лаззатни ҳис қилди, қаердан келтирилганини сўради.  

Улар:  

- Ҳатимнинг уйидан,- дейишди.  

Халифа:  

- Уни мукофотлашим учун чақиринглар!- деди.  

Улар Ҳатимни ҳажга кетганини айтишди.  

Шунда амирал мўминин қимматбаҳо матодан тикилиб, жавоҳирлар билан безалган белбоғини ечди- да:  

-Бу Ҳатимнинг оиласиги!  Ким мени яхши кўради?  -деди. Барча аъён ва вазирлар белбоғларини ечишди.  Белбоғлар устма- уст бўлиб,  тўпланиб кетди. Бир тижоратчи уларни сотиб олди ва белбоғларни эгаларига қайтарди.  

У берган молдан Ҳатимнинг уйи ўлгунларича етадиган олтинга тўлди.  

Уй эгалари таом сотиб олдилар. Улар хурсандликдан кулаётган бир пайтда қиз йиғларди.  Она қизига:  

- Сенинг ишинг ажойиб!  Очликдан йиғлаётганимизда кулаётгандинг, энди Аллоҳ мушкулимизга кушойиш берганда нега йиғлайсан?!- деди.  

Қиз:  

- Ўзига фойда ҳам, зарар ҳам етказа олмайдиган халифа бизга шафқат кўзи билан қараганида унинг назари бизни ўлимда қутқарди, онажон!  Мулкнинг ҳақиқий Эгасининг назари қандай бўларкан-а?!- деди.  

Шундай қилиб, Ҳатим ҳаждан қайтганида дуоси ижобат бўлиб, ташвиши ариб,  ҳожати равон бўлган эди.  

 

Зокиржон Юнусов, 
Наманган шаҳар “Умарул форуқ” жоме  
масжиди имом хатиби  

Related posts