Ақидадан адашмайлик

АҚИДА – ДИННИНГ АСОСИ

АҚИДА – ДИННИНГ АСОСИ

Инсонларнинг солиҳ амалларини қабул бўлиши ширк ва куфрдан ҳоли бўлган соғлом ақидага боғлиқдир. Aгар кишининг ақидаси тўғри бўлмаса, қилган амаллари бекор бўлади. Бу борада Aллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Қасамки, агар мушрик бўлсанг, албатта, қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта, зиён кўрувчилардан бўлиб қолурсан!” (Зумар сураси 65-ояти). Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Aнъом сурасида ҳам шундай марҳамат қилади: “Агар мушрик бўлганларида қилган (савобли) амаллари йўққа чиққан бўлур эди” (Aнъом 88-оят).   

Tўғри ақидани ўрганиш инсонни адашишдан, ширкдан ва залолатдан сақлайди. Ақидани билмаслик эса инсоннинг гумроҳ бўлиб қолишига сабаб бўлади. 

Ҳозирда Ислом дини ҳақида билимларини ошириш мақсадида ўқиб-ўрганаётган, хусусан интернет тармоғидан фойдаланаётган юртдошларимиз, айниқса ёшларнинг сони ортиб бораётгани маълум. Бу қувонарли ҳолат. Аммо ана шу сайтларнинг барчасида ҳам ақидавий масалаларда Аҳли сунна вал жамоа ақидасига мувофиқ фикрлар берилмайди. Аксинча минг йилдан бери мусулмонларни бирлаштирган соф ақида асослари борасида оддий инсонларни шубҳага солиш ва ўзининг бузуқ ақидасини тиқиштиришга уринади. 

Жумладан, Ақидаси бузуқлар  томонидан Аллоҳ таолони ҳудди инсон каби “жони бор”, “қўли бор”, “юзи бор” дея даъволарни қилиб, аслида тилни тийишликка чақирилган масалаларда чуқур кетмоқдалар. Бу билан улар “мужассималик” (Аллоҳни жисм, деб эътиқод қилиш), “мушаббиҳалик” (Аллоҳни бандасига ўхшаш, деб эътиқод қилиш) каби сохта ақидаларни сингдиришмоқда. Ваҳоланки, бундан минг йил аввал ўтган имом Мотуридий каби уламоларимиз айнан ўша мужассималарга, мушаббиҳаларга илмий асосда раддиялар бериб, Аллоҳ таолога нисбатан бундай нотўғри эътиқодда бўлиш залолат эканини таъкидлаганлар.

Имом Абу Жаъфар Таҳовий раҳимаҳуллоҳ ҳам ("Ал-Ақида ат-Таҳовия" китобида). Бу ҳақда огоҳлантириб, шундай деганлар: “Ким Аллоҳ таолони инсонларга хос бўлган бирон маъно билан сифатласа, шаксиз кофир бўлади. Буни англаган инсон ибратланади ва кофирларнинг сўзига ўхшаш гап-сўзлардан тийилади ҳамда Унинг (Аллоҳнинг) сифатлари инсонларники каби эмаслигини билади”.

  Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини Аллоҳ таолонинг сифатлари борасида ғулувга кетишдан қайтариб шундай деганлар: “Аллоҳнинг яратган мавжудотлари борасида тафаккур қилинг, Аллоҳнинг зоти ҳақида тафаккур қилманглар”,  деганлар (Имом Абу Нуайм Исбаҳоний ривояти). 

Ҳозирда пайдо бўлган баъзи тоифалар Пайғамбар алайҳиссалом мақтаган аввалги уч асрда яшаб, таълим олиб, умматга пешқадамлик қилган Имом Абу Мансур Мотуридий ва Имом Ашъарий каби уламоларимиздан хато излаш пайида бўлмоқдалар. Ваҳоланки, неча асрлардан буён мусулмон олами бир овоздан имом Абулҳасан Ашъарий ва Имом Абу Мансур Мотуридийни Аҳли сунна вал жамоанинг ақида бўйича имомлари деб тан олганлар. 

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзи рози бўлган ҳақ йўлида бўлишимизга муваффақ этиб, ақидада адашишдан, турли фирқаларга бўлинишдан паноҳида асрасин! 

Мансурхон Марупов,
Косонсой тумани “Ҳазрати Умари Одил” жоме
масжиди имом-хатиби

Related posts