Жаҳолатга қарши маърифат

ҲАНАФИЙ МАЗХАБИДА ҚИЁМДА ОЁҚЛАР ОРАСИ ҚАНЧА ОЧИЛАДИ?!

ҲАНАФИЙ МАЗХАБИДА ҚИЁМДА ОЁҚЛАР ОРАСИ ҚАНЧА ОЧИЛАДИ?!

Маълумки, Ислом динидаги барча ибодатлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрганилган ва андоза олинган. У зотнинг ўзлари бу борада умматни эргашишга чақирганлар. Хусусан, намоз ибодати борасида Набий алайҳиссалом: “Мени қандай намоз ўқиётганимни кўрганингиздек намоз ўқинг”, деб айтганлар. Ҳанафий мазҳабига кўра намознинг суннатларидан бири – қиёмда икки оёқ орасининг тўрт бармоқ энича очиқ бўлишидир. Беморлик ёки семизлик сабабли киши оёқлари орасини тўрт бармоқ миқдорида тутишга қийналса, ўзига қулай тарзда туриши мумкин. Мана шу ҳукмга бугунги кунга қадар амал қилиб келинган. Лекин кейинги йилларда баъзи намозхонлар оёқларини ғайриоддий равишда кенг очиб турганлари кузатилмоқда. Уларнинг бу ишлари, бир томондан, катта жамоат амал қилиб келаётган ишга зид бўлса, бошқа томондан, бирорта кучли далилга эга эмас.

Намозда оёқлар ҳолати ҳақида биргина ҳадис келган. Баъзилар мана шу ҳадиснинг зоҳирини олиб, кўпчиликни ташвишга қўяди, турли ихтилофлар чиқаради. Мазкур ҳадис “Саҳиҳул Бухорий”да келган бўлиб, қуйида унинг маъноси билан танишамиз. Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

яъни: “Сафларингизни тўғриланг. Зеро, мен сизларни ортимдан кўраман”, дедилар”. (Анас розийаллоҳу анҳу айтади) Бири шеригининг елкасига елкасини, оёғига оёғини текказиб турар эди”» (Имом Бухорий ривояти). Ҳақиқатан, ҳадис баъзилар даъво қилаётганидек намозда оёқларини ёнидаги кишининг оёғига текказиб туришга далил бўладими? Бунга аниқлик киритиш учун ушбу ҳадисни шарҳлаган олимларнинг сўзларига мурожаат қилайлик. “Саҳиҳул Бухорий” нинг энг машҳур ва мўътабар шарҳи “Фатҳул Борий” асарида Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:

 “Бундан сафларни тўғрилаш ва бўшлиқни тўлдиришда муболаға назарда тутилган”.

 

Аллома Кашмирий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “Саҳиҳул Бухорий”га ёзган шарҳи “Файзул Борий” китобида Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳадисга айт­ган юқоридаги шарҳини келтириб, бу тўрт мазҳаб фақиҳларининг ҳам йўлидир, деган. Ва гапида давом этиб, қуйидагиларни илова қилган: “Шарҳул виқояда: “Намоздаги киши икки оёғи орасини тўрт бармоқ миқдорича очади ва бу шофеийларнинг ҳам сўзидир. Бошқа сўзга кўра, бир қарич миқдорича очади”, дейилган. Мен (Анвар Шоҳ) айтаманки: “Салафлар наздида ёлғиз намоз ўқувчидан жамоатда намоз ўқувчи қадамини кўпроқ очади деган фарқ келганини топмадим. Бу фақат бемазҳаблар пайдо қилган масаладир”.

 

Кашмирий раҳматуллоҳи алайҳ “Сунан ат-Термизий”га битган шарҳи “Ал арфуш-шазий”да ҳам бу ҳақида сўз юритиб, жумладан, шундай деган: “Тўпиқни тўпиққа ёпиштириш ҳақидаги “Саҳиҳул Бухорий”да келган ривоятга келсак, уни баъзилар ҳақиқат деб ўйлайди. Ваҳоланки, у ровийнинг муболағасидир. Аслида бу борада бирор ўлчов йўқдир. Энг муносиби хушуъга яқин бўладиган кўринишдир”.

 

Аҳли сунна вал жамоанинг тўрт мазҳаб уламоларининг бирортаси намозда туриш ҳақидаги ҳадислардан “елка, тизза, тўпиқ ва оёқларни бир-бировига теккизиб туриш лозим” деган ҳукмни олган эмаслар. Саҳобалар давридан бошлаб 14 аср давомида жами мусулмонлар, тўрт мазҳабга эргашиб келаётган намозхонлар орасида оёқлари орасини кенг очиб турадиганлари чиққан эмас. Демак, ривоятларда келган оёқларни бир-бировиникига теккизиш ҳақиқий маънода эмас, балки сафларни жипслаштириб туриш маъносида тушунилиши керак. Оёқларни бир-бировиникига теккизиш суннат ёки мустаҳаб эмас, балки ҳадис ибораларидан жуда текис ва ўта жипс ҳолда сафланиш лозим эканини тушуниш керак бўлади.

 

Манбаълар асосида тайёрланди. 

Жахонгир Тўлакбоев,
Учқўрғон туман “Бузрукхўжа эшон” жоме 
масжиди имом хатиби 

Related posts