Жума тезислари

АҲЛИ СУННА ВАЛ ЖАМОА КИМ?

АҲЛИ СУННА ВАЛ ЖАМОА КИМ?

Тарихдан маълумки, Аҳли сунна вал жамоа атамаси исломнинг дастлабки даврларида машҳур бўлмаган. Балки ўзларини турли номлар билан атаган адашган фирқалар кўпая бошлагач, Аҳли сунна вал жамоа атамаси юзага чиқди.

Дунёдаги мусулмонларнинг аксарияти, жумладан Ўрта Осиё мусулмонлари ва бизнинг юртдошлар ҳам Қуръон ва ҳадисдаги ақидавий масалаларни тушунишда Аҳли сунна вал жамоанинг Мотуридий ақидаси ва ҳанафий мазҳабидамиз.

Аҳли сунна вал жамоа ким дейилса, улар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам, илмда пешво саҳобаи киромлар, Абу Бакр, Умар, Усмон, Али разияллоҳу анҳум ва тобеъинларнинг тутган йўлларини маҳкам ушлаганлардир, деб жавоб берилади.

Аҳли сунна вал жамоа ислом тарихининг барча даврларида мусулмонларнинг катта қисмини ташкил қилган. Афсуски, ҳозирги кундаги ўзини Аҳли сунна вал жамоаданман деб даъво қиладиган кимсаларнинг баъзиларида ушбу хислатлар умуман топилмайди. Улар тутаётган ва айтаётган йўллари суннатга зид ҳисобланади. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳам Қуръони Каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини маҳкам ушлашни алоҳида буюрган: “Пайғамбар сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар". (Ҳашр сураси, 7-оят).

Демак "Ахли сунна вал жамоа" мазхабидан ажрамаслик лозим. Эътибор берадиган бўлсак, "Жамоатни лозим тутинглар" да Ахли сунна вал жамоа" мазҳабини маҳкам ушлашга буйруқ бор. "Ким жаннатнинг қоқ ўртасини ирода қилса, жамоатни лозим тутсин" да Аҳли сунна вал жамоа" мазҳабини маҳкам тутганларга жаннатнинг қоқ ўртасидан жой ваъда қилиш бор. 

Жамоатдан ажраб қолиш оқибати ҳам саҳиҳ ҳадиси шарифларда ўз аксини топган. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Кимки жамоатдан бир қарич ажралса, ўладиган бўлса, фақатгина жоҳилият ўлими ила вафот этади!” (Бухорий, Муслим ривояти). 

 Шунинг учун, мусулмонлар оммасидан, яъни "Аҳли сунна вал жамоа" мазҳабидан четга чиқмаслик керак.

Ҳар бир фирқа оқим вакиллари ўзларини аҳли сунна вал жамоа вакили деб билади ва ўзларининг гуруҳларидан бошқаларни бундан айрилганлар, деб билади. Чунки, ҳар қандай фирқа ва оқимнинг бир неча юзлаб, балки минглаб ва миллионлаб вакиллари бўлиши мумкин ва бу ўзига хос жамоатни юзага келтиради, албатта. Бундай ҳолатда, уларнинг гапи нотўғри эканини қаердан биламиз?

Аҳли сунна вал жамоа бу айтганимиздек, мусулмонларнинг мутлақ кўпчилиги бўлганларни ва суннатга амал қилиб келган мусулмонларнинг энг катта жамоасини ташкил қилади

Азамхон Устабоев,  
Янгиқўрғон тумани “Ёрилган” жоме   
масжиди имом ноиби 

Related posts