Раддия

АЁЛЛАРНИНГ ҚАБРИСТОНГА БОРИШИ.

АЁЛЛАРНИНГ ҚАБРИСТОНГА БОРИШИ.

        Қабрларни зиёрат қилиш мустаҳаб бўлган, ундан кўзланган асосий мақсад инсон ўзига панду-насиҳат олиши, қабрдаги одам билан ўз ҳолини бир таққослаб кўриб, ўзига ибрат, насиҳат олишидир.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломни илк даврида қабр зиёрат қилишдан қайтарган эдилар. Ислом одоб ва аҳлоқи инсонлар қалбига ўрнашгач, қабрлар зиёратига изн бердилар.

عَنْ سُلَيْمَانَ بْنِ بُرَيْدَةَ عَنْ أَبِيهِ  عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: قَدْ كُنْتُ نَهَيْتُكُمْ عَنْ زِيَارَةِ الْقُبُورِ فَقَدْ أُذِنَ لِمُحَمَّدٍ فِي زِيَارَةِ قَبْرِ أُمِّهِ فَزُورُوهَا فَإِنَّهَا تُذَكِّرُ اْلآخِرَةَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ الْبُخَارِيَّ وَاللَّفْظُ لِلتِّرْمِذِيِّ

Сулаймон ибн Бурайда отасидан ривоят қилади:  “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Батаҳқиқ, Муҳаммадга онасини зиёрат қилишга изн бўлди. Бас, у (қабр)ларни зиёрат қилинг. Албатта, улар охиратни эслатади”, дедилар”. Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Лафз Термизийники.

        Сулаймон ибн Бурайда отасидан ривоят қилади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Сизни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Батаҳқиқ, Муҳаммадга онасини зиёрат қилишга изн бўлди. Бас, қабрларни зиёрат қилинг. Албатта, улар охиратни эслатади”, дедилар. (Имом Термизий ривояти). Бу ҳадисдан маълум бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабр зиёратига изн берибгина қолмай, балки бу ишга амр қилдилар, тарғиб ҳам этдилар.
Уламолар эркакларнинг қабр зиёрат қилишлари мумкинлиги борасида барчалари иттифоқ қилишган. Лекин аёлларнинг зиёрати борасида уламолар ўртасида хилоф бор.

       Ҳанафий мазҳаби бўйича, қабрларни зиёрат қилиш эркаклар учун жоиз бўлганидек, агар фитна хавфи бўлмаса, ўзларини хафагарчилигини, доимгидек йиғи-сиғиларини, бақир-чақирларини янгилаш учун эмас, балки охиратни эслаб, ўлимдан ибрат олиш учун бўлса, аёллар ҳам зиёратга борсалар жоиз. 

       Бунга далил юқорида келган ҳадис ва қуйида келадиган бир қанча ҳадислардир.

       Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
Қабрларни зиёрат қилинг. Албатта у (қабр зиёрати), сизларга охиратни эслатади”, дедилар (Ибн Можа ривояти).

Бу ҳадиси шарифлардаги хитоб эркак ва аёлларга умумий бўлиб, ҳадиснинг матнида эркакларнинг ўзига хитоб қилинаётгани ҳадиснинг маъносини умумий эканига зарар қилмайди. Чунки Қуръон ва ҳадисларда келган хитоблар эркак ва аёлларга умумийдир. Қачон бу хитоб эркак ёки аёлга хос эканига далил бўлса, шундагина хосланади.

Қуръони каримнинг бир қанча ўринларида бундай хитоблар келган. «Намозни баркамол ўқингиз ва закотни берингиз!» (Бақара сураси, 110-оят). Бунга ўхшаш оятларнинг лафзидаги хитоб эркакларга бўлсада, эркак ва аёлларни бирдек ўз ичига олишда ҳеч шубҳа йўқ.

        Бундан ташқари ҳадиснинг "Албатта у (қабр зиёрати), сизларга охиратни эслатади”, деган матни ҳам бу ҳукм эркак ва аёлга умумий эканига далолат қилади. Чунки эркакларга охиратни эслатадиган иш аёлларга ҳам охиратни эслатишини тақазо қилади.

       Аёллар қабр зиёратига бориши ҳаром деган уламоларнинг далиллари: "Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Қабрларни кўп зиёрат қиладиган аёлларни лаънатладилар». (Имом Термизий ривоят қилганлар)

      Имом Термизий: "Баъзи уламолар бу ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни зиёрат қилишга рухсат беришларидан олдин айтилган. Кейинчалик қабрларни зиёрат қилишга рухсат берилганида бу рухсатнинг остига эркаклар ҳам, аёллар ҳам кирган деганлар”, деб айтганлар.

     Имом Қуртубий бу ҳадиснинг шарҳлаб "Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам барча қабр зиёрат қилувчи аёлларни лаънатламаганлар, балки қабрларни кўп зиёрат қилувчи аёлларни лаънатлаганлар, бунга ҳадиснинг матнидаги (яъни кўп зиёрат қиладиган аёллар) калимаси далолат қилади", деганлар.

       Аёлларни қабр зиёрат қилишлари жоиз эмас дейдиганлар ақлий далил сифатида "Аёл киши одатда яқинларидан бири вафот этса, ўзини идора қила олмайди. Агар яқинининг қабрга қўйилгани ёки у ерда ётганини кўрса додвой солиб йиғлаш ва юзига уриб, кийимларини йиртиш каби ҳаром амалларга қўл уриши мумкин. Ҳаром амалнинг олдини олиш мақсадида уларни қабр зиёратига боришдан қайтарилади", дейишган. 

      Биз ҳам бундай ишларни қиладиган аёллар қабр зиёратига боришларини жоиз санамаймиз, балки жазавага тушмасдан, дод вой солмасдан боришларинигина жоиз санаймиз.

       Саҳобия оналаримиз ҳам қабр зиёратига борганлари саҳиҳ ривоятларда келган. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Сизларга ўзим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳадис айтиб берайми», дедилар. Шунда «Ҳа», дедик. (Ҳадис узун бўлиб мавзуга боғлиқ бўлган жойи келтирилган) Оиша розияллоҳу анҳо «Эй, Расулуллоҳ! Агар мен ҳам у ерга (қабристонга) борсам нима деб айтай?”». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мўмин ва мусулмонлардан иборат қабристон аҳлига салом бўлсин. Бизлардан вафот этганлар ва ҳануз ҳаёт бўлганларни Аллоҳ раҳм айласин. Дарҳақиқат, бизлар ҳам иншаоллоҳ, сизларнинг ортингиздан борурмиз, дегин” дедилар. (Имом Муслим ривоят қилганлар)

       Ибн Абу Мулайка раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади: Ибн Абу Мулайка раҳимаҳуллоҳ (Оиша розияллоҳу анҳони кўриб) "Эй, мўминларнинг онаси! Қаердан келяпсиз?” дедим. Оиша розияллоҳу анҳо "Акам Абдурраҳмонни қабридан" дедилар. Шунда "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (аёлларни) қабр зиёратига боришдан қайтарманганмидилар?” дедим. Оиша розияллоҳу анҳо "Шундай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дастлаб бу ишдан қайтариб, сўнг қарбларни зиёрат қилишга буюрган эдилар", деб жавоб берадилар. ("Мустадрак" ва "Сунани Байҳақий” китоби). 

        Бурайда Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Энди бўлса уларни зиёрат қилаверинглар", дедилар. (Имом Муслим ривоят қилганлар). 

      Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша розияллоҳу анҳога қабр зиёратига боришга изн берганлари ва у ерга борганида қайси дуони айтиши кераклигини ўргатганлари саҳиҳ ҳадисда келган.
      Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабр олдида йиғлаб ўтирган аёлнинг ёнидан ўтдилар. Шунда у зот унга: "Аллоҳдан қўрқ ва (бошингга тушган мусибатга) сабр қил", дедилар. Аёл: "Нари тур! Менинг бошимга тушган мусибатни қаердан ҳам билардинг. Зеро, сени бошинга тушмаганда", деди. Сўнг одамлар аёлга бу зот Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам эканини айтишди. Шунда ҳалиги аёл Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларига борди ва эшик олдида қўриқчиларни кўрмади. Аёл: "Сизни танимабман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Чинакам сабр мусибатнинг дастлабки онларида сабр қилишдир", деб жавоб бердилар". (Имом Бухорий ривоят қилганлар)

      Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу аёлнинг қабр зиёратига боргани ҳамда қабр бошида туришига эътироз билдирмадилар. Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон ишга эътироз билдирмасалар бу ўша ишнинг жоизлигига далолат қилади.

      Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлнинг қабр олдида шариатимизда таъқиқланган дод-вой солиб йиғлашига танбеҳ бердилар, холос.

      Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: "Мазкур ҳадисдаги далолат ўрни шуки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлнинг қабр олдида ўтиришига танбеҳ бер-масдан унга иқрор бўлишлари бу ишнинг жоизлигига ҳужжат бўлади". («Фатҳул Борий» китоби)

      Қабр зиёрати одобларидан авволо, ниятни тўғриламоқ, ихлос билан, холис Аллоҳ учун зиёрат қилмоқ лозим.   Зиёрат пайтида таҳоратли бўлиш суннатдир.  Қисқа муддат бўлса ҳам дунё машғулотларини тарк этиб, охиратни ўйламоқ. Зиёратгоҳда виқор билан, сокин юрмоқ.  Қабр аҳлларига салом бермоқ. Марумлар хаққига дуо қилиш. "Ясин" сурасини ўқиши, бўлмаса, "Ихлос" сурасини ўн бир марта  ёки билган сурасини ўқиб савобини ўлганларга бағишлаш.   Мўминларнинг яхши сифатларини эсга олиш   Зиёратдан қайтишда беҳад сокин бўлиши керак. Валлоҳу аълам!

   Муҳаммадхон Абдураҳманов,
Наманган шаҳар “Мулла Исмоил” жоме
масжиди имом-хатиби

Related posts