Ҳар бир асрни ва даврни ўзига яраша ютуқ ва камчиликлари бўлади. Бизнинг асримизда техника ютуқлари катта ўзгаришларга сабаб бўлмоқда. Шу билан бир қаторда унинг муаммолари ҳам учраб турибди. Интернет тармоқлари орқали кўплаб маълумотлар ва янгиликларни билиш мумкин.Турли сохага оид илмларни ўрганиш ва ўргатиш мумкин. Лекин бу ютуқлардан ўз мақсади йўлида фойдаланётганлар ҳам йўқ эмас. Диний илмларни тармоқлардан излаш ва топиш ёки қайсидир кўринишда ўрганиш ва ўргатиш мумкин, лекин айнан диний йўналишда одамларни адаштириш, улар орасига фитна уруғини сочиш бугун ҳар доимгиданда кўпроқ кўзга ташланмоқда. Ўзларини олим ёки мужтахид атаб турли фатволар бериш эса ақлга сиғмас даражадаги одобсизликдир. Шунинг учун бизга Қуръон ва ҳадисдан хукм олишга ким хақли эканини ва унинг шартларини билиш ҳар доимгиданда зарур.
Қуръон ва ҳадисдан хукм олувчи кишини мужтаҳид дейилади. Бу даражага етган киши ўзи мазҳаб тузади ва мазҳабга эргашмайди.
Мужтаҳид» бу Қуръон ва ҳадислардан керакли ҳукмларни чиқариб берувчи фиқҳ олимидир. Зотан, «фиқҳ» нозик ва дақиқ маъноларни тушуниш бўлиб, мужтаҳидлик амалиётга жорий қилинадиган ҳукм ва қоидаларни исломнинг ана шу бирламчи манбаларидан тушуниб олиш ва чиқариб беришдир. Қуръон ва ҳадислардаги қиссаларни гапириб берувчи, уларда келган эътиқодий масалаларни ўргатувчи, улардаги дуоларни айтиб берувчилар «мужтаҳид» дейилмайди.
Демак, ҳукм олувчи мужтаҳидлар ҳукмларни Қуръон ва ҳадислардаги ҳукм олинадиган махсус оят ва ҳадислардан оладилар. Жумладан, аҳли раъй деб таъна қилинадиган ҳанафийларнинг буюк имоми Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг бундай деганлари нақл қилинган: “Қачон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳадис етиб келса, бош ва кўз устига қабул қиламиз. Бошқаларнинг гаплари эса бир-бири билан баробардир!” (Муваффақ ибн Аҳмад ал-Маккий ал-Хоразмий. Маноқиб ал-Имом ал-Аъзам Аби Ҳанифа. 1-жилд. – Ҳайдаробод: Мажлис доират ал-Маориф ан-низомия, 1903. – Б. 77-78, 80-81 ва 83).
Бу гапни “Тафсири Жалолайн” соҳиби Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ ўзининг Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга бағишланган “Табйиз ас-саҳифа” номли маноқиб асарида зикр қилганлар: “Одамларнинг мени раъй билан фатво беришимни айтишларига ажабланаман! Чунки, мен фақатгина асар (ҳадис) билангина фатво бераман!” (Жалолиддин ас-Суютий. Табйиз ас-саҳифа би-маноқиби Аби Ҳанифа. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1990. – Б. 113).
Буюк имом Ахмад ибн Ханбалдан мужтахид инсонга нечта хадис ёдласа кифоя қилади дейишганда беш юз минг хадисга тўхталган эканлар. Демак беш юз минг атрофидаги ҳадисларни ёд билган одамни мужтаҳидлар қаторига қўшиш мумкин бўлади. Унда нимага шунча ва ундан анча кўпроқ ҳадисларни ёд билган муҳаддислар мужтаҳид бўла олмадилар?
Чунки, мужтаҳидликда ҳам фиқҳий салоҳият, ҳам валоят – валийлик бўлиши керак!
У ҳолда, ҳадисларни ҳам мукаммал биладиган, ўзи эса энг аъло даражада фақиҳ ҳисобланган олими мутлақлар нима учун мужтаҳид дейилмаганлар?
Чунки, мужтаҳидлик учун биз айтмоқчи бўлган учинчи шарт ҳам бўлиши керак. У эса ҳаммада топилавермайди. У Аллоҳнинг хос марҳамати, махсус лутфу карами бўлиб, сиз хоҳланг-хоҳламанг, уни Аллоҳ таоло фақат ва фақат ўзи хоҳлаган бандасига инъом қилур:
يؤتى الحكمة من يشاء و من يؤتَ الحكمة فقد أوتى خيرا كثيرا و ما يذّكّر الا أولوا الألباب
“У Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат беради. Кимга (мазкур) ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди. Бундан фақат оқил кишиларгина эслатма олурлар” (Бақара, 269).
Бугун қайси биримиз шундай даражага етдик деб ўйлаймиз?. Аллоҳ барчамизни яхшиликда давомли қилсин.
Манбалар асосида тайёрланди
Ғиёсиддин Тожимирзаев,
Учқўрғон туман “Байтул муқаддас” жоме
масжиди имом хатиби .