Аллоҳ таоло Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга Қурони Каримнининг биринчи оятларини нозил қилиб ул зотни охирги Пайғамбар, деб эълон қилди.
Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарликларига имон келтирмаган киши мўмин бўла олмаслиги узил-кесил ошкор бўлди. Мўминларнинг Ул зотга эргашишлари ва иқтидо қилишлари лозим бўлди.
Бу ҳақиқатни Аллоҳ таоло Қуръони каримда қайта-қайта таъкидлади. Яъни кўпгина оятларда мўминларни, аввало, Ўзига, сўнг Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишга амр этди. Жумладан. "Агар мўмин бўлсангизлар, Аллоҳ ва унинг расулига итоат этингизлар!" ( Анфол сураси, 1-оят).
Аллоҳга итоат қилиш Қуръонга итоат қилиш билан бўлади. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш эса, ҳаётлик вақтларида ўзларига итоат қилиш билан бўлса, Ул зот вафотларидан кейин суннатларига амал қилиш биландир. Кези келганда шуни айтиб ўтиш лозимки, аслида Аллоҳга итоат қилиш билан Пайғамбарга итоат қилиш алоҳида-алоҳида нарса эмас. Чунки Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам доимо Аллоҳнинг итоатида бўлганлар. Аллоҳнинг итоатидан ташқари нарсага буюрмаганлар. Гап Аллоҳ таолонинг бевосита Қуръонда келган амарларига итоат қилиш билан, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари воситаси ила келган амрларига ҳам итоат қилиш бормоқда. Қуръони каримнинг лафз ва мано жиҳатидан Аллоҳнинг Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга юборган ваҳийсидир. Ҳадис эса маноси Аллоҳдан, лафзи Пайғамбардан бўлган ваҳийдир. Бунда Расуллуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бизларга ўз шаҳсий фикрларини эмас, Аллоҳнинг ваҳийсини ўз иборалари билан тақдим қилганлар. У зотнинг васфларида Аллоҳ таоло шундай деган У ўз ҳавоси (ҳоҳишидан) гапирмас. Бу фақат ваҳий қилинаётган ваҳийдир" ( Нажм сураси 2-3-оятлар).
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга итоат қилмасдан, У зотнинг ҳукмларига таслим бўлмасдан туриб, имон даъвосини қилиш мумкин эмаслигини Аллоҳ таоло Қуръони каримда: Яъни " Йўқ, Раббингизга қасамки , улар токи, Сени ўз ораларида чиққан нарсаларга ҳакам қилмагунларича, сўнгра Сен чиқарган ҳукмдан нафсларида танглик топмайдиган бўлмагунларича ва тўлалигича таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар", деб баён қилган. ( Нисо сураси 65-оят).
Шунга биноан мўминлар ўз ҳаётларида юзага келган ҳар бир муаммони ҳал қилишда Пайғамбаримизнинг суннатларини ҳакам қилиб олмоқликлари лозим бўлади. У зотдан чиққан ҳукмни эса шак-шубҳасиз амалга оширмоқлари лозим. Бу масалани Расуллуллоҳ саллолоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам кўп бора таъкидлаганлар. Жумладан: "Сизларга икки нарсани қолдирдим. Агар уларни маҳкам тутсангиз, ҳеч қачон адашмайсиз. Булар Аллоҳнинг китоби ва Менинг суннатимдир ", -деганлар.
Манбаалар асосида тайёрлади.
Маҳмудҳон Сидиқҳоджаев,
Мингбулоқ тумани "Шоҳи Фозил" жоме
масжиди имом-хатиби