Маълумингиз ким, мамлакатимизда байрамлар кўп. Улар орасида дам олинадиган ва ишланмайдиган байрамлар сони 9 тани ташкил қилади. Жумладан: Мустақиллик байрами, Наврўз умумхалқ байрами, Ийд рамазон ва Ийд қурбон байрами, ва ҳоказо. Мазкур байрам кунлари орасида, 8-декабр санасини бугунги кунда сиз-у бизларни тинч, осуда ҳаёт кечиришимизни таъминлайдиган, хақ-ҳуқуқимизни танитган, бизларни, мамлакатимиз фуқароларини дунёнинг қайси бурчагида бўлмайлик, мушкул вазиятда қолганида қутқарадиган, хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш тўғрисида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ғамхўрлик қиладиган асосий қомусимиз, Конституция бўлиб, ушбу кунни байрам сифатида кенг нишонлаб келинади.
Ҳа, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси
1992-йил 8-декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 11-сессиясида қабул қилинган. Шу кундан эътиборан, 8 декабр, ҳар йили Ўзбекистонда Конституция куни сифатида нишонланиб келинади ва ушбу кунга бағишлаб, кўплаб тадбирлар ўтказилиб келинади.
Конституция — лотинча сўз бўлиб, constitutio — “тузилиш”, “тузук” деган маънони англатади ва давлатнинг асосий қонуни ҳисобланади.
Ўтган давр мобайнида эски тахрирдаги конституцияга мувофиқ мамлакатимиз ўз мутақиллигини мустахкамлади, юртимизда кенг ислохотлар амалга оширилди. Турли жабҳаларда кенг қўламли ишлар амалга оширилди, Чет эл инвестициялари юртимизга кириб келди ва юртимиз тадбиркорлари томонидан ишлаб чиқарилган махсулотлари билан дунё бозорига чиқди ва бугунги кунда дунё бозорида ўз ўрнига эга бўлмоқда. Шу нуқтаи назардан эндиликда Янги Ўзбекистонимизни янада тараққий этишлиги учун конституциямизни янги тахрирдагисини қабул қилиш вақти келган эди. Натижада 2023-йилнинг 30-апрел куни Ўзбекистонда Конституцияни янгилаш мақсадида умумхалқ референдуми бўлиб ўтди. Референдум натижасига кўра Янги тахрирдаги Конституция 2023-йилнинг 1 май санасидан кучга кирди.
Конституция давлатнинг бош қомуси хисобланиб, давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, суд тизимини белгилаб беради. Барча қонун ва қонун ости ҳужжатлар айнан мазкур Конституция асосида шакллантирилиб, ҳаётга тадбиқ этилади ва мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга бўлган, тўғридан тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади.
Янги таҳрирдаги Конституция 6 бўлим, 27 боб ва 155 моддадан иборат бўлиб, унинг таркибий тузилиши эса, қуйидагича:
-Муқаддима;
-Биринчи бўлим. Асосий принциплар;
-Иккинчи бўлим. Инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари;
-Учинчи бўлим. Жамият ва шахс;
-Тўртинчи бўлим. Маъмурий-ҳудудий ва давлат тузилиши;
-Бешинчи бўлим. Давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши;
-Олтинчи бўлим. Конституцияни ўзгартириш тартиби.
Янгиланган ва бугунги кунда амалда блиб турган конституция мамлакатимизда инсон манфаатлари учун хизмат қилиши, инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун эканлигинии англатади.
Тохир Таджиалиев,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллигининг ҳуқуқшуноси