Жаҳолатга қарши маърифат

ЗУЛМ — ИНСОН ҚАДР-ҚИММАТИГА ТАЖОВУЗ ҚИЛУВЧИ ЭНГ ОҒИР ИЖТИМОИЙ ИЛЛАТ

ЗУЛМ — ИНСОН ҚАДР-ҚИММАТИГА ТАЖОВУЗ ҚИЛУВЧИ ЭНГ ОҒИР ИЖТИМОИЙ ИЛЛАТ

Зулм инсон қадр-қимматига тўғридан-тўғри тажовуз қилувчи, жамият барқарорлиги ва маънавий асосларини емирувчи энг хавфли ижтимоий иллатлардан бири ҳисобланади. Ижтимоий иллатлар орасида зулмнинг ўрни алоҳида бўлиб, у жамиятда адолат ва инсоф тамойилларининг йўқолишига, инсонлар ўртасида ишончсизлик, адоват ва қарама-қаршиликлар пайдо бўлишига сабаб бўлади. Зулм кенг кўламли оқибатларга эга бўлиб, у нафақат ижтимоий муносабатларга, балки ҳар бир инсоннинг шаъни, ор-номуси ва қадр-қимматига ҳам жиддий зарар етказади.

Зулм сабабли жамиятда ҳуқуқий ва маънавий тартиб издан чиқади, низолар, ихтилофлар ва беқарорлик кучаяди. Натижада инсонлар ўртасида адолатли муносабатлар ўрнини ноҳақлик ва ўзбошимчалик эгаллайди. Шу боис зулм ҳар қандай соғлом жамият тараққиётига тўсқинлик қилувчи асосий омиллардан бири ҳисобланади.

Зулм тушунчаси луғавий жиҳатдан ҳаддан ошиш, белгиланган чегарадан чиқиш маъноларини англатади. Араб тилида белгиланган жойдан бошқа ерга чуқур қазиш ҳолати ерга нисбатан «зулм қилинди», қазиб олинган тупроқ эса «мазлум тупроқ» деб аталади. Ушбу мисол зулм ҳар қандай нарсанинг ўз ўрни ва ҳаққини поймол қилиш эканини ифодалайди.

Мазмун жиҳатидан зулм кенг қамровли тушунча бўлгани сабабли, у айрим ҳолларда инсофнинг, айрим ҳолларда эса адолатнинг зидди сифатида талқин этилади. Инсоф — ҳар бир шахс ёки нарсанинг ҳаққини тўлиқ ва холисона беришдир. Адолат эса ҳаддан ошиш ва камчилик ўртасидаги мувозанатли, мўътадил ҳолатни англатади. Шу сабабли инсофсизлик ва адолатсизлик ҳолатлари зулм тушунчаси билан ифодаланади.

Араб тилида зулм «жавр» атамаси билан ҳам баён этилади. «Жавр» барча ишларда ҳаддан ошиш, меъёрдан чиқиш маъносини англатади. Бу ҳолат зулм фақат моддий ёки жисмоний шаклда эмас, балки маънавий, ахлоқий, ҳуқуқий ва ижтимоий соҳаларда ҳам намоён бўлиши мумкинлигини кўрсатади.

Зулм Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифлар ҳамда ижмои уммат билан қатъий равишда ҳаром қилинган бўлиб, у гуноҳи кабира саналади. Ислом таълимотида зулм инсонни ҳалокатга олиб борадиган, Аллоҳ таолонинг ғазабига сабаб бўлувчи амал сифатида қораланади. Гарчи зулмнинг катта ёки кичик турлари мавжуд бўлмаса-да, унинг даражалари мавжуд.

Араб тилида зулмнинг энг оғир даражаси «ғошим» деб аталади. Бу сифат инсонга ҳам, уруш ҳолатига ҳам нисбатан қўлланади. «Ғошим» сўзи луғатда кечаси ўтин тўплаш маъносини англатиб, бундай ҳолатда киши нимага дуч келаётганини фарқламай, ҳўлу қуруқни ажратмасдан, йўлида учраган барча нарсани кесиб ташлайди. Бу эса зулмнинг энг шафқатсиз ва вайронкор шаклини англатади.

Зулмнинг нисбатан қуйи даражаси «ҳазм» деб номланади. Бу ҳолатда ҳаққа тўлиқ тажовуз қилинмасдан, унга маълум даражада нуқсон етказилади, яъни бировнинг ҳаққи камайтирилади ёки етарлича таъминланмайди.

Шунингдек, зулм шахсга нисбатан икки асосий турга бўлинади. Биринчиси — инсоннинг гуноҳ ишларга қўл уриши орқали ўз-ўзига зулм қилиши. Иккинчиси — бошқаларга нисбатан зулм содир этишидир. Ислом шариатида мазкур икки тур ҳам қатъий равишда ҳаром қилинган.

Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шариф алоҳида аҳамиятга эга. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёмат кунида ҳақиқий муфлис ким эканини баён қилиб, зулм оқибати охиратда қандай оғир натижаларга олиб келишини очиқ-ойдин тушунтириб берганлар (Имом Муслим ривояти).

Хулоса қилиб айтганда, зулм — жамиятни маънавий инқирозга етакловчи, инсон қадр-қимматини поймол қилувчи ва адолат тамойилларини йўққа чиқарувчи ўта хавфли иллатдир. Шу боис ҳар бир фуқаро ва ҳар бир мўмин шахс инсоф ва адолат мезонларига қатъий амал қилиши, ўзини ҳам, бошқаларни ҳам зулмдан тийиши зарур.

 

Муҳиббуллоҳ Худойбердиев,
Тўрақўрғон туман бош имом хатиби

Related posts