Зинҳор кўнглингизни чўктирманг.. Биламан, ҳозир елкангизга осмон қулаб тушгандек. Биламан, кечалари ухлай олмаяпсиз — фикрлар бошингиздан кетмайди. Бир тарафда бетоб тан, бир тарафда қарз қоғозлари, яна бир тарафда одамларнинг совуқ нигоҳи… Лекин шуни билинг: сиз ёлғиз эмассиз. Аллоҳ ҳеч қачон бандасини ташлаб қўймаган. Фақат баъзан имтиҳонни дуога айлантириб юборади. Бошига ташвиш тушган бандага Аллоҳ яқин бўлади
Ташвиш келган уйга — Аллоҳнинг назари тушади. Чунки қувончда одам кўпинча Раббини унутади, аммо дардда — қалб уйғонади. Кимдир касал бўлди — танаси синди, лекин қалби тозаланди. Кимдир қарзга ботди — ғурури синди, лекин тавозеси ўсди. Кимдир одамлар томонидан ташлаб кетилди — лекин Аллоҳ уни ўзига яқин қилди. Аллоҳ баъзи бандаларини синдириб тарбиялайди сўнг юксалтиради, бошқаларини эса эркалаб қаттиқ синайди. Бетоблик — жазо эмас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “ Мусулмон бандага етган ҳар қандай чарчоқ, касаллик, ғам-ташвиш, ҳатто тикан санчилиши ҳам Аллоҳ унинг гуноҳларини кечиради ” (Бухорий ва Муслим)
Қанчадан-қанча солиҳ зотлар бор — йиллар касал бўлиб яшаган, лекин биргина нолиш оғзидан чиқмаган. Улар билишарди: оғриқ танада бўлса ҳам, савоб дафтарига ёзилади. Бир киши Ҳасан ал-Басрий раҳимаҳуллоҳ ҳузурига келиб деди:
— Эй имом, бошимдан кетма-кет мусибат тушяпти. Касаллик, қарз, одамларнинг совуқлиги… Нега Аллоҳ мени бунчалик синаяпти? Ҳасан ал-Басрий йиғлаб шундай деди:
“Эй биродар! Агар подшоҳ сени тез-тез ҳузурига чақирса, бу сени ёмон кўрганиданми ёки яхши кўрганидан?” У киши: — Албатта, яхши кўрганидан, деди. Ҳасан ал-Басрий айтди: “Аллоҳ ҳам бандани синаб ҳузурига чақиради. Чунки мусибат — бандани Аллоҳ эшигига олиб келадиган энг тез йўлдир ” . Қарз — хорлик эмас, сабр мактаби Қарзга ботган одамни одамлар ерга уради. Лекин осмон — унга раҳм билан қарайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қарздор киши учун кўп дуо қилганлар. Чунки қарз — нафсни синдиради, инсонни ёлғиз Аллоҳга суянишга ўргатади.
Бугун қўлингиз қисқа бўлса ҳам, қўлингиз дуода бўлсин. Зеро, дуо — қарздан тезроқ етиб боради. Кўнгилни чўктирманг… айнан ҳозир умид керак э нг хавфли нарса — касаллик эмас, қарз эмас. Энг хавфли нарса — умидсизлик. Шайтон сизни шунга ундайди: “Энди бўлди, чиқиш йўқ…” Қуръон и к аримда эса “Ҳ афа бўлма, албатта Аллоҳ биз билан биргадир.” (Тавба сураси, 40-оят)
Эҳтимол, бугун йиғлайсиз. Аммо эртага: “Яхшики сабр қилган эканман”, дейдиган кун ҳам келади. Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ (буюк тобеъий, аввал йўлтўсар бўлиб, кейин авлиё даражасига етган зот) шундай деганлар:
“Аллоҳ бандани яхши кўрса, уни дард билан банд қилади. Чунки дард бандани Роббига яқинлаштиради. Агар бандага дунёни кенг қилиб берса, у бандани Унутдириб қўйиши мумкин.” Кейин йиғлаб қўшганлар: “Баъзи бандалар бор, агар соғлом ва бой бўлса, ҳалок бўларди. Аллоҳ эса уларни касаллик ва муҳтожлик билан жаннатга судрайди ” . Охирида биргина илтижо… Зинҳор кўнглингизни чўктирман… Чунки чўккан кўнгил — дуодан узилади.
Дуодан узилган қалб эса — энг катта йўқотишдир. Агар ҳозир фақат шуни айта олсангиз ҳам етарли: “Эй Аллоҳ, кўтара олмайдиган юкни бермагин.” Мана шу сўзнинг ўзи — нажотнинг боши. Сира махзун бўлманг… Аллоҳ синаётган бандани йўқотмайди, балки юксалтиради буни унутманг!
Нуриддин Хамрақулов ,
Учқўрғон тумани “ Саттибой ҳалфа ” жоме
масжиди имом - ноиб и