Ҳар бир давлат ва жамиятнинг келажаги унинг ёш авлоди билан белгиланади. Айниқса, илмли, маърифатли ва онгли ёшлар — тараққиётнинг асосий таянчидир. Зеро, илм инсонни камолотга етказади, жамиятни эса равнақ топтиради. Шу боис ҳам Ислом динида илм олиш энг улуғ ибодатлардан бири сифатида улуғланади.
Қуръони каримда илмнинг нақадар улуғ неъмат экани бир неча оятларда таъкидланган. Жумладан, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
«Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни ва илм берилганларни даражаларда юксалтиради»(Мужодала сураси, 11-оят)
Бу оят илм эгаларининг жамиятдаги юксак мақомини очиқ-ойдин кўрсатиб беради. Демак, илмли ёш — нафақат ўзининг, балки бутун юртнинг шарафини оширадиган шахсдир.
Бугунги кунда дунё жадал ривожланмоқда, илм-фан ва технология ҳаётнинг барча соҳаларига кириб келмоқда. Бундай шароитда ёшлардан чуқур билим, кенг дунёқараш ва мустақил фикр талаб этилади. Илмли ёшлар иқтисодиётни юксалтиради, фан ва инновацияларни ривожлантиради, адолатли ва маърифатли жамият барпо этишда етакчи бўлади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам илмнинг аҳамияти ҳақида шундай деганлар:
«Илм олиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга фарздир» (Ибн Можа ривояти)
Бу ҳадисдан маълум бўладики, илм фақат маълум бир тоифага эмас, балки ҳар бир инсонга зарурдир. Айниқса, ёшлик даври — илм олиш учун энг қулай ва самарали палладир. Ёшликда эгалланган билим бутун умр давомида инсонга ҳамроҳ бўлади.
Ислом тарихига назар ташласак, буюк алломалар Имом Бухорий, Имом Термизий, Ибн Сино, Беруний каби зотлар айнан ёшлик чоғларида илмга бўлган чанқоқликлари туфайли юксак мартабага эришганлар. Улар қолдирган илмий мерос бугунги кунгача инсониятга хизмат қилмоқда.
Шунинг учун ҳам бугунги ёшлар билим олишни ҳаёт мақсадига айлантиришлари лозим. Илм фақат диплом ёки мансаб учун эмас, балки Ватанга хизмат қилиш, халқ манфаати йўлида фойда келтириш учун ўрганилмоғи керак. Илмли ёш онгли, виждонли ва масъулиятли бўлади.
Илмли ёшлар юрт келажагиэ мустаҳкам пойдеворидир. Улар қанчалик билимли, ахлоқли ва ватанпарвар бўлса, мамлакат шунчалик тараққий этади. Зеро, илм нур, жаҳолат эса зулматдир. Нурли келажак эса фақат илм билан барпо этилади.
Бобиржон Қозоқбоев
Давлатобод тумани “Муҳаммад Паноҳ” жоме
масжиди имом ноиби