Аёллар саҳифаси

ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА

ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА

Дунёда барча мавжудотлар жуфт, яъни эркак ва аёл қилиб яратилган. Аёл зотини эркакларга ардоқли жуфти ҳалол, оиланинг чироғи ва фарзандлар онаси, мураббияси бўлишдек шарафли вазифа билан улуғлаган. 

Жаннатмакон юртимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган юксак эътибор бизларни муҳтарама оналаримиз қадрини, меҳрибон опа-сингилларимиз, дилбанд қизларимизни янада эъзозлаш, уларнинг соғликларини мустаҳкамлаш, дунё ва охиратда саодатли бўлишлари йўлида кўпроқ хизмат қилишга ундайди. Айниқса мушфиқ онажонларимизга доимо меҳрибонлик билан муомалада бўлиш ва уларга яхшилик қилишни нақадар лозимлигини англатади.

Бу ҳақда  Қуръони Каримида шундай дейилади: «Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этади. (Эй, инсон) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт» Уларга, меҳрибонлик билан хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: «Эй, Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!» (Исро сураси 23-24-оятлар). 
Оят мазмунида ота-онани номи билан чақирмаслик, балки уларга «отажон, онажон» каби мулойим сўзлар билан ҳурматлаб муомалада бўлиш, уларни қадр-қимматига етиш, уларга ҳурмат бажо келтириш, уларни ранжитадиган сўзларни гапирмаслик, ҳар бир талаб ва истакларини сўзсиз бажариб яхшилик қилишни таъкидланади. Тарбия бериб, вояга етказган ота- онасининг меҳрибонглигини ва чеккан машаққатларини қадрлаши учун Аллоҳ таоло бандаларига ота-оналариниг ҳаққига дуо қилишни буюради. 

Демак, уларга бўлган муносабатда хоҳ у сўз бўлсин, хоҳ бирор юмуш бўлсин фарзанд уни адо этишни ўзига фарз деб билиши керак. 

Айнан шу мазмундаги бир ҳадиси шарифни ёдга олсак: Жуҳайма (розияллоҳу анҳу) Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурларига келиб: «Ё Расулаллоҳ! Жаҳд қилишни истаб сиздан маслаҳат сўраб келдим», деди. «Онанг борми?», дедилар. «Ҳа», деди. «Онангни ёлғиз қолдирма. Чунки жаннат унинг оёғи остидадир», дедилар. 

Бошқа бир ҳривоятда келтириладики, Ҳишом ибн Ҳассон айтади: Мен Ҳасанга: «Кечаси Қуръондан таълим оламан. Онам кечқурунги овқатда мени кутиб қолади», дедим. Ҳасан: «Кечқурунги овқатни онанг билан егин, чунки, онанг ёнида бўлиб, уни қувонтиришинг нафл ҳаж қилишингдан яхшидир», деди. 
    Ушбу ҳадислардан маълум бўладики, фарзанд ота-онасининг хизматида бўлар экан, унинг қилаётган хайрли амаллари икки дунёда ҳам саодатли бўлади. Аллоҳ таоло унинг озига ҳам, кўпига ҳам ажрини беради. Ота-она ҳам  фарзандиниг барча хизматини чин юракдан қабул этади. Озини кўп ўрнида кўради. Кўрсатилган ғамхўрлик учун шукроналик билан қўлларни дуога очади. 
     Негаки ота-она шу фарзанди дунёга келганда қанчалар сурурга тўлган. Уни гўдаклик вақтида парвриш қилиб, унинг қадди-камолини кўриб, ҳар дақиқасига қанчалар хурсанд бўлган. Гоҳида ўзларининг ейиш, ичиш, кийиниш, ором олиш каби дунёвий роҳатларини ҳам фарзандларига раво кўришган. 
    Шайх Саъдий ҳикоятларидан бирида ота-онани сахийлигини таърифлаб, «агар икки фарзанд бир новвойдан бир хил нон олиб келса, ота-она ҳар икки нондан икки хил маза олади», деганлар. Қаранг, қандай ажойиб ўхшатиш. 

Айтмоқчимизки, динимиз аёлларни мўътабар инсон сифатида қадр-қимматларини ниҳоят даражада юқори баҳолайди. Шунга кўра бугунги куннинг аёли ҳам унга берилган ҳақ-ҳуқуқлардан оқилона фойдаланиш билан бирга, аёллик иффатини сақлаб, ўз шаънига доғ туширмасликка ҳаракат қилмоғи лозим. 
     Ояти карималар ва ҳадиси шарифларнинг маъно-мазмунига мувофиқ, аҳли аёлларимизга ҳурмат ва муҳаббатда бўлиб яшашимиз, мушфиқ онажонларимзнинг хизматларига доимо шай туришимиз керак. 

Хўжатўхтасин Аҳмедов 
Чортоқ тумани “Султон Саид” жоме 
масжиди имом ноиби

Related posts