Жиноятчиликдан узоқда бўлайлик

ХАМР ВА ҚИМОР — ИНСОН ВА ЖАМИЯТ УЧУН ҲАЛОКАТ

ХАМР ВА ҚИМОР — ИНСОН ВА ЖАМИЯТ УЧУН ҲАЛОКАТ

Ислом дини инсон ҳаёти, ақли, мол-мулки, оиласи ва жамиятининг тинчлигини асрашга катта эътибор беради. Инсоннинг ақлини заифлаштирадиган, молини исроф қиладиган, оилаларни бузадиган ва одамлар орасига адоват соладиган ишлардан қайтаради. Шундай иллатлардан иккитаси — хамр (маст қилувчи ичимликлар) ва қимордир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бу икки нарсанинг зарарини очиқ баён қилиб, мўминларни улардан қатъий қайтарган.

Моида сураси, 90-оят

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالْأَنْصَابُ وَالْأَزْلَامُ رِجْسٌ مِنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

Мазмуни: “Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва фол ўқлари шайтоннинг ишидан бўлган жирканч нарсалардир. Бас, улардан узоқ бўлингиз, шояд нажот топсангиз.”

Бу оятда Аллоҳ таоло хамр ва қиморни шунчаки «ёмон иш» деб эмас, балки шайтоннинг ишидан бўлган жирканч нарсалар деб таърифламоқда. Мўмин кишининг вазифаси эса улардан нафақат фойдаланмаслик, балки улардан узоқ туришдир.

Моида сураси, 91-оят

إِنَّمَا يُرِيدُ الشَّيْطَانُ أَنْ يُوقِعَ بَيْنَكُمُ الْعَدَاوَةَ وَالْبَغْضَاءَ فِي الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ وَيَصُدَّكُمْ عَنْ ذِكْرِ اللَّهِ وَعَنِ الصَّلَاةِ فَهَلْ أَنْتُمْ مُنْتَهُونَ

Мазмуни: “Шайтон хамр ва қимор орқали орангизга адоват ва нафрат солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни истайди. Бас, энди тўхтайсизларми?”

Хамрнинг зарарлари

Хамр инсоннинг ақлини сусайтиради, ўзини бошқариш қобилиятига путур етказади ва нотўғри қарорлар қилишига сабаб бўлади. Мастлик туфайли инсон ўзига, оиласига ва атрофидагиларга жиддий зарар етказадиган ишларга қўл уриши мумкин. Унинг энг катта маънавий зарарларидан бири — инсонни ибодатдан ва Аллоҳнинг зикридан узоқлаштиришидир.

Қиморнинг зарарлари

Қимор ҳам инсоннинг мол-мулки, оиласи ва руҳий ҳолатига завол етказадиган оғир иллатдир. Унда бир томоннинг ютуғи кўпинча бошқа томоннинг хонавайрон бўлишига қурилади. Инсон осон бойиш умидида молини хавф остига қўяди, ютқазганидан кейин эса «қайтариб оламан» деган ўй билан яна ботқоққа ботади. Натижада қарздорлик, оилавий келишмовчилик ва адоват юзага келади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар:

 كُلُّ مُسْكِرٍ خَمْرٌ، وَكُلُّ خَمْرٍ حَرَامٌ

“Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир ва ҳар бир хамр ҳаромдир.” (Имом Муслим ривояти)

ҚИМОР ҲАҚИДА ИБРАТЛИ ҲИКОЯ

Бир кишининг ҳалол меҳнат билан топган озгина жамғармаси бор эди. Бир куни танишларидан бири унга бир марта уриниб кўришни, осон ва катта пул топиши мумкинлигини айтиб қиморга қизиқтирди. У аввалига иккиланиб турса ҳам, «фақат бир марта» деб ўйлаб ўйнади ва биринчи сафарёқ пул ютди.

Шунда у: «Мана, осон пул топиш мумкин экан-ку!» — деб хурсанд бўлди. Аммо у қимор инсонни ютганида ҳам ютқазишга етаклашини, унинг очкўзликни кучайтириб, яна ўйнашга мажбур қилишини билмас эди.

Орадан вақт ўтиб, у ютуқни ҳам, бор топганини ҳам, оиласининг ризқи учун ажратилган пулларни ҳам бирма-бир ютқазиб қўйди. Охир-оқибат на молидан ва на оиласининг ишончидан қолди.

Бир куни бўш қолган уйига қараб ўтирган киши ўша биринчи кунни эслади ва чуқур хўрсиниб тушунди: «Мен ўшанда пул ютган эканман, аслида эса ўша кундан бошлаб ўз тинчлигимни ютқаза бошлаган эканман».

У қилган ишидан қаттиқ пушаймон бўлиб, Аллоҳга тавба қилди ва қиморни бутунлай тарк этиб, ҳалол меҳнат билан яна ҳаётини изга солишга қарор қилди.

Ҳикоядан олинадиган ибрат

Қиморнинг энг катта хавфи фақат пул йўқотишда эмас, балки инсонни «яна бир марта» деган алдов билан ўз домига боғлаб қўйишидадир.

Ҳақиқий бойлик — ҳалол топлган мол.

Ҳақиқий ғалаба — Аллоҳнинг розилигига эришиш.

Ҳақиқий омад эса — ҳаромдан узоқ бўлиб, ҳалол ҳаёт кечиришдир.

Аллоҳ таоло барчамизни хамр, қимор ва барча ҳаром ишлардан узоқ қилсин. Ризқларимизни ҳалол ва баракали, оилаларимизни тинч ва мустаҳкам айласин!

Сарварбек Турғунов,

Мингбулоқ тумани "Гўртепа" жоме 
масжиди имом-ноиби

Related posts