Жамият аъзоларига муносабат

МАСЖИД — ИБОДАТ МАСКАНИ, ОДОБ ВА ПОКИЗАЛИК МЕЗОНИ!

МАСЖИД — ИБОДАТ МАСКАНИ, ОДОБ ВА ПОКИЗАЛИК МЕЗОНИ!

Масжидга киришдан олдин кийимингизни эмас, аввало виждонингизни ҳам тартибга солинг!

Масжид — Аллоҳ таолонинг зикри қилинадиган, пешоналар саждага қўйиладиган, қалблар покланадиган муқаддас маскандир. У ерга инсон нафақат бадани ва кийимини, балки одоби, муомаласи ва масъулиятини ҳам олиб киради. Афсуски, баъзи кишилар масжидга киришни фақат намоз ўқиш билан боғлайдилар-у, аммо бошқа намозхонларнинг ҳаққи, жамоатнинг осойишталиги ва масжиднинг озодалиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайдилар.

Ахир, Аллоҳнинг уйига кириб, Унинг бандаларига малол келтириш қандай ҳолат?! Сафда туриб, ёнингиздаги инсонни бадбўй ҳид билан қийнаш, масжидни ифлослантириш, оёқ кийимини бетартиб қолдириш ёки бошқаларнинг ибодатига халақит бериш — оддий бепарволик эмас, балки диний одоб ва инсонлар ҳаққига нисбатан масъулиятсизликдир.

Масжидга пок кийимда келиш — ҳурмат, уни озода сақлаш — масъулият, бошқаларга озор бермаслик эса гўзал хулқ белгисидир.

АЛЛОҲНИНГ УЙИГА ҚАНДАЙ ҲОЛАТДА КИРИБ КЕЛЯПМИЗ?

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Эй Одам болалари! Ҳар бир масжид ҳузурида зийнатларингизни олинг (яъни, кийимларингизни кийинг)!» (Аъроф сураси, 31-оят).

Ушбу оят мусулмон кишининг ибодатга муносиб, озода ва тартибли ҳолатда келишини эслатади. Намозга энг яхши кийимларимизни кийиб келишга ҳаракат қилар эканмиз, уларнинг фақат ташқи кўринишига эмас, тозалигига ҳам эътибор беришимиз лозим.

Баъзи биродарлар масжидга иш кийимида ёки кун бўйи терлаб, танасидан нохуш ҳид келган ҳолда кириб келадилар. Албатта, ҳар бир инсоннинг шароити бир хил эмас. Динимиз қийинчилик туғдириш учун эмас, балки имконият доирасида покликка интилиш учун йўл кўрсатади. Аммо имкони бўла туриб, кийимини тозаламаслик, бадбўй ҳидни кетказиш чорасини кўрмаслик ва бошқаларга малол келишга бепарво қарашни оқлаб бўлмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар:

«Ким саримсоқ ёки пиёз еган бўлса, биздан узоқ турсин ёки масжидимиздан узоқ турсин».

Ровий: Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу. Манба: Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари.

Бу ҳадиснинг маъноси ниҳоятда теран: инсон ўзи учун ҳалол бўлган нарсани истеъмол қилган тақдирда ҳам, унинг ҳиди бошқаларга озор етказса, жамоат манфаатини ҳисобга олиши керак. Саримсоқ ва пиёзнинг ҳиди ҳақида айтилган ушбу кўрсатма бадбўй ҳидлардан сақланиш, бошқа намозхонларнинг кўнглига озор етказмаслик ва масжид одобини ҳурмат қилишга ҳам жиддий эътибор қаратишга ундайди.

Энди бир ўйлаб кўринг: биродарингиз масжидга хушбўй атир сепиб келмагани учун эмас, балки ўзидан келаётган нохуш ҳид билан ёнингиздаги инсонни безовта қилгани учун унга малол келса, бу ҳолатга қандай қарайсиз? Сиз ҳам бировнинг ўрнида бўлганингизда, хотиржам намоз ўқишни истамасмидингиз?

Ўзингизга раво кўрмаган ноқулайликни бошқа бир мусулмонга ҳам раво кўрманг!

Масжид остонасига қадам қўяр эканмиз, дунёвий ташвишларимизни ташқарида қолдириб, руҳимизни тинчлантиришимиз лозим. Ибодатхона фақатгина жисмоний покликни эмас, балки қалб тозалигини ва фикрлар софлигини ҳам талаб қилади. Тинчлик ва хотиржамлик ҳукм суриши керак бўлган бу муқаддас даргоҳда ҳар бир ҳаракатимиз бошқаларга намуна бўлиши даркор.

Оёқ кийимларини тартиб билан жойлаштириш ҳам масжид маданиятининг ажралмас қисмидир. Кўпинча шошқалоқлик билан ташлаб кетилган пойабзаллар бошқаларнинг киришига халақит беради ёки тартибсизлик келтириб чиқаради. Кичик бир эътиборсизлик ўзгаларга ноқулайлик туғдириши мумкинлигини унутмаган ҳолда, ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўйиш одатини шакллантиришимиз керак.

Жамоат намозларида сафларнинг зич ва текис туриши нафақат ташқи кўриниш, балки қалбларнинг ҳам жипслигини билдиради. Ёнимизда турган инсоннинг ибодат қилишига халақит бермаслик, телефонимиз овозини ўчириб қўйиш ёки ортиқча ҳаракатлар билан бошқаларни чалритмаслик ҳар бир мусулмоннинг бурчидир. Ўзаро ҳурмат ва эътибор бор жойда барака ва файз яна ҳам зиёда бўлади.

Масжидга келишдан олдин имкониятингизга қараб таҳорат олинг, кийимингизни текширинг, танангиздаги нохуш ҳидни кетказинг, пайпоғингизни тоза тутинг. Буларни бировнинг гапидан қўрқиб эмас, Аллоҳнинг уйига ва Унинг бандаларига бўлган ҳурматингиз сабабли амалга оширинг.

Чунки ҳақиқий одоб — биров кўриб турганида эмас, ҳеч ким танбеҳ бермаётганида ҳам ўз масъулиятини ҳис қилишдир.

Ғуломхон Каримов,
Тўрақўрғон туман “Камолхон эшон бува” жоме 
масжиди имом ноиби 

Related posts